Дейлик, Англия ва Германия термалари ўртасидаги финал ўйини Буюк Британияда рекорд даражада кўп телетомошабин йиғди. Бу борада Германияда ҳам рекорд ўрнатилди.
Mirror нашрида ёзилишича, Евро-2022 финали Германияда 17,9 миллион кишини телеэкранлар қаршисига «михлади». Бу мамлакат тарихидаги энг катта телеаудиториядир. Англияда бу кўрсаткич озгина пастроқ бўлди - 17,4 миллион киши. Шунингдек, ўйин трансляциясини стриминг хизматида яна 5,9 миллион киши кузатди. Хуллас, аёллар ўртасидаги Европа чемпионати финали йил бўйи энг кўп томошабин йиққан телекўрсатувлар қаторидан жой олди. Яна бир рекорд шуки, финал ўйинини «Уэмбли» стадионида 87 мингдан ортиқ мухлис бевосита томоша қилди. Еврофутбол тарихида нафақат аёллар, балки эркаклар ўртасидаги қитъа чемпионати ўйинларига ҳеч қачон бунчалик кўп мухлис ташриф буюрмаганди.
*** Тарихда илк марта Европа чемпиони бўлган Англия аёллар термасининг ҳар бир футболчиси 55 минг фунт стерлинг миқдорида мукофот пули олади. Таққослаш учун айтсак, бу Криштиану Роналдунинг «МЮ»даги бир кунлик иш ҳақи миқдорига тенг.
*** Англия терма жамоаси футболчилари финалдан кейинги матбуот анжуманига It~s coming home қўшиғини куйлаганча бостириб кириб, мураббий Сарина Вигман ўтирган стол атрофии ва устида рақсга тушишди. Машҳур қўшиқ таржимаси: «У (кубок) уйга (футбол ватанига) келмоқда». Ушбу сатрлар 1996 йили Англияда бўлиб ўтган эркаклар ўртасидаги Европа чемпионати учун ёзилган The Lightning Seeds қўшиғидан олинган.
Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади