Бир соатда «Реал»га тўрт гол! ВАЛЕНТИН КАСТЕЛЬЯНОС КИМ ЎЗИ?

Бир соатда «Реал»га тўрт гол! ВАЛЕНТИН КАСТЕЛЬЯНОС КИМ ЎЗИ?

25 апрель куни ҳафта ўртасига қўйилган Ла Лига 31-тури катта сенсация билан бошланди - «Жирона» ўз майдонида «Реал»ни 4:2 ҳисобида доғда қолдирди

Бош қаҳрамон - аргентиналик ҳужумчи Валентин «Тати» Кастельянос. У «Қи-роллик клуби» дарвозасини бир соат оралиғида 4 марта ўққа тутди: 

12-дақиқа - жарима майдонига оширилган тўпни боши билан дарвозага йўллади.

24-дақиқа - Эдер Милитао билан курашда устун келди, жарима майдонига ёриб кирди ва тўпни Андрей Лунин оёқлари орасидан ўтказиб юборди.

46-дақиқа - «Жирона»нинг иккинчи бўлимдаги биринчи ҳужумида пенальти нуқтаси ҳудудидан зарба берди, Лунин қутқаролмади.

62-дақиқа - дарвозабон ҳудудига яна бир узатма ва «Тати»дан 4-гол. «Покер»!

Орзу оқшоми

Табиийки, Валентин Кас­тельянос ўйиндан кейин ўз қувончини яшириб туролмади: «Орзу оқшоми. Ахир бугун энг кучли жамоага қарши ўйнадик ва бунақасини ҳаттоки, тасаввур ҳам қилолмасдим. Ҳа, «Реал» дарвозасини нишонга олиш орзум йўқ эмасди, аммо 1та ўйинда 4та гол уриш... Очиғи, «покер» хаёлимнинг бир четига ҳам келмаганди. Ғалаба қозонганимиздан хурсандман, албатта. Айниқса, мухлислар ва шерикларимдан миннатдорман». Айни ҳолатда «Жирона» - «Реал» учун Ла Лигадаги энг ноқулай рақиб. Бинобарин, Каталония жамоаси охирги ўзаро 6та ўйин­нинг 3тасида ғалаба қозонди, яна бирида дуранг қайд этди. Бу даврда Испаниянинг бошқа бирор клуби «Реал» билан баҳсларда бундай самара кўрсатган эмас. Яна бир томони, «Жирона» шу 6та ўйинда 13та гол урди - буниси ҳам «Мадрид» билан ҳисоб-китобда энг юқори кўрсаткичдир.

75 йил бадалига илк марта!

Охирги 10 йилга қарасак, Ла Лигада «Реал» билан ўйинда атиги 4 нафар футболчига «хет-трик» қайд этиш насиб этган. Булар - Хаби Прието («Реал Сосьедад»), Лионель Месси, Луис Суарес («Барселона») ва Карлос Солер («Валенсия»). Кастельянос эса Ла Лигада 75 йил бадали (1947 йилдан буён)га «Реал» дарвозасини бир ўйинда 4 марта нишонга олган илк футболчи бўлди. Умуман, «Мадрид»нинг бутун тарихини олсак, «Тати» «Қироллик клуби»ни «покер» билан «сийлаган» 10-футболчига айланди.

«Сити» тизими бўйича: Уругвай - АҚШ - Испания

Кастельянос 24 ёшли ҳужумчи. «Жирона» аргентиналик футболчини ўтган йили ёзда «Нью-Йорк Сити»дан ижара шартномаси асосида олди. «Тати» аслида унча кўп гол урмайди: «Реал»га «покер» «тортиқ» этишига қадар чем-пио­нат доирасидаги 28та ўйинда рақиблар дарвозасини 7 марта нишонга олиб, яна бир бора ассистент ролини бажарганди. Ҳужумчининг бўйи нисбатан паст (178 см.). Шунинг учунми, болалигида Аргентина академиялари томонидан рад жавоби олган экан. Хусусан, Валентин 14 ёшида «Ривер Плейт» мактабига киролмаган, «Ланус» мураббийлари эса жисмоний кўрсаткичлари тўғри келмаслигини очиқ айтишган. «Жуссам кичик ва анча ориқлигим туфайли талабга жавоб беролмаслигимни яширишмаганди, - дейди «Жирона» ҳужумчиси. - 14 ёшли болакайга бундай жавобни эшитиш оғриқли эди. Шундан сўнг қадрдон шаҳрим - Мендосага қайтим ва онамдан пул олиб, шуғулланиш учун тринажёр залига бордим. Гавдамни ўстириш ва кучлироқ бўлишни хоҳлагандим». Афтидан, Лео Месси тарихи Аргентина клубларига ҳеч қандай сабоқ бермаган кўринади. Оддий айтганда, Валентин катта футболга City Group тизими орқали, Уругвай - АҚШ - Испания йўналиши бўйича кириб келди. Яъни у Аргентина чемпионатида бирор марта майдонга тушмаган. Уругвайнинг «Монтевидео Сити Торке» клуби сафига қўшилишига қадар эса маълум вақт Чилида тажриба оширди. Бу - тақдир. Валентин шу-шу фақат City Group тизими таркибидаги клубларни кўрди. Биламизки, бу тизимнинг юқорисида «Манчестер Сити» туради. 

MLSда оловли ўйинлар

«Тати» Уругвай чемпионатидаги тажрибадан кейин 2018 йили MLSга йўл олди. Айнан «Нью-Йорк Сити»даги давр ёш ҳужумчи учун жуда самарали ўтди. Жумладан, 2021 йили MLS мунтазам мавсумида энг яхши тўпурарга айланган Кастельянос «плей-офф» босқичида ҳам ҳар бир ўйинда гол урди. Дейлик, финалда Макси Моралес узатмасидан фойдаланиб, жамоасининг ғалаба қозонишига катта ҳисса қўшди. Умуман, «Тати» MLSни жуда ёқтирарди: «Жамоамиз ўйинларига чамаси 35 минг мухлис тушарди. АҚШда футбол ривожланмоқда ва соҳа атрофидаги маданият ҳам ўзгармоқда. Яъни америкаликлар ўйинга тобора кучлироқ эҳтирос билан ёндашишмоқда. Эндиликда MLS нафақахўрлар лигаси эмас, чемпионат иқтидорли ёшларга тўла ва у кўпчилик учун трамплин вазифасини ўтамоқда». Ўтган мавсум Кастельяноснинг MLS даражасидан ўзиб кетгани кўринди.  Бунга Шимолий Америка футболидаги статис­тикаси далил: 134та ўйин­да 59та гол ва 24та ассист. Шу тариқа City Group «Тати»ни «Жирона»га юборишни маъқул кўрди. 

«Реал»лар - севимли рақиблар

Кастельянос фаолиятида иккинчи марта «покер»га эришди. Биринчисини 2022 йилнинг апрелида MLSда нишонлаганди - «Реал Солт-Лейк» билан баҳсда 4та гол. Икки «Реал»га «покер» - чиройли тасодиф. Ўзи 2021 йилдаёқ Валентиннинг тўғридан-тўғри «Манчестер Сити»да пайдо бўлиши ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Ўшанда Хосеп Гвардиола ҳам аргентиналик ҳужумчи ҳақида ижобий фикр билдирганди: «Бу йигит катта эҳтимолки, Европага келади ва бу фаолиятида олдинга ташланган қадам бўлади. Унинг ўйинини ўзим кўрганман, скаутларимиздан ҳам етарлича маълумот олдим. Кас­тельянос навбатдаги қадамни ташлашга тайёр, фақат энди қаерга йўналтиришни кўриб чиқишимиз керак». «Тати» ҳам Гвардиола қўл остида ўйнашни орзу қилишини аллақачон баён этган. «Реал» билан ўйиндаги «покер» унинг «Манчестер Сити»га йўл олиш имкониятини оширгани тайин. Лекин катта эҳтимолки, яна бир мавсум «Жирона»да қолади. Айтиш ўринли, Валентин январда «Брайтон» таклифидан бош тортганди.

Шарқ амалиётига эътибор

Кастельяноснинг эътироф этишича, асосий кучи - бу майдонда фикрлаш қобилияти. Аргентиналик футболчи ўйинлардан олдин энергия тўплаш учун медитация мусиқаларини эшитади. У шунинг баробарида япон тиббиёти амалиёти саналган рэйки билан шуғулланади. Бу жараён кафтлар ёрдамида тикланишга қаратилган.

Тарихда «Реал» билан ўйинда «покер»|«флэш»ГА 

эришган футболчилар

1926 йил - Хосеп Самитьер («Барселона»), Испания кубогида

1929 йил - Карлос Бестит («Европа»), чемпионатда

1935 йил - Карлос Вантолра («Барселона»), чемпионатда

1940 йил - Мартинес Катала («Овьедо»), чемпионатда

1944 йил - Эмилин («Овьедо»), чемпионатда

1947 йил - Эстебан Эчеваррия («Овьедо») - чемпионатда (ягона «флэш»)

1957 йил - Эулогио Мартинес («Барселона») - Испания кубогида

2006 йил - Диего Милито («Сарагоса»), Испания кубогида

2013 йил - Роберт Левандовски («Боруссия» Д.), ЧЛда

2023 йил - Валентин Кастельянос («Жирона»), чемпионатда

«Жирона» ҳужумчиси «Барселона» бош мураббийи Хави Эрнандеснинг ашаддий мухлиси. Бунинг исботи бор - Кастельянос 17 ёшида собиқ футболчи билан тушган суратини ижтимоий тармоқларга жойлади. Валентиннинг голлари Испания чемпионатида Хави жамоасига роса қўл келгани ўз-ўзидан тушунарли. «Тати» шунинг баробарида Лионель Мессини алоҳида мақтади: «Айнан Лео туфайли ҳамиша «Реал»дан кўра, «Барса»ни кўпроқ ёқтирганман. Месси - мен учун бош кумир. У кечаги ўйинни кўрган-кўрмаганини билмайман. Гап дунёнинг энг яхши футболчиси ҳақида кетмоқда. ЖЧ пайти унинг мени йиғлашга мажбур қилгани эса - ҳақиқат».

А.АҲМЕДОВ тайёрлади