Гап «Энергетик-БГУ» шарафини ҳимоя қилаётган ҳужумчи Бобур Абдухолиқов ҳақида бораётганини дарҳол пайқаган бўлсангиз керак. Яқинда www.football.by сайти легионеримиз билан эксклюзив интервью уюштирди. Қуйида мазкур суҳбатнинг диққатга молик қисмларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Ҳозир деярли ҳар бир учрашувдан кейин журналистлар сиз томон ошиқмоқдалар. Ўзбекистонда ҳам айни эътиборга сазовор бўлганмисиз?
- Ҳа. Тўғри, катта интервьюлар беришни, кўп гапиришни ёқтирмайман. Ўйиндан кейин қисқа форматда суҳбат ўтказган маъқул деб ҳисоблайман.
- Чемпионатимиздаги сермаҳсуллигингиз ўтган йилгига нисбатан яхши бўлаётгани сабаби нимада?
- Чунки Украинада ярим йил ўйнамадим. Ёзда Минскка келганимда эса жисмонан тайёр эмасдим. Боз устига, жамоанинг ўқув-машғулот йиғинларида тўлиқ қатнашмадим. Бир неча йил олдин Ўзбекистонда ҳам айни ҳолат кузатилганди. 2018 йили 13та гол билан олий лигада тўпурарлари орасида тўртинчи бўлганман. 2020 йили янада яхшироқ кўрсаткич қайд этиб, 17та тўп киритиб, снайперлар баҳсида иккинчи ўринни эгалладим. Шу икки мавсум ораси эса муваффақиятсиз ўтган. Чунки тайёр эмасдим. Жароҳат туфайли «Насаф» йиғинида тўлиқ қатнашмадим, уч ой ўйнамадим ва атиги учта тўп киритдим. Кейин мавсумлар оралиғидаги йиғинда астойдил меҳнат қилдим ва сермаҳсуллигим қайтди. Йиғинларсиз нафақат мен, балки ҳамма қийналади.
- Қишда «Энергетик-БГУ»даги юкламалардан кейин ҳаммасини ташлаб кетиш истаги туғилмаганми?
- Футболни яхши кўраман, шу боис, уни ташлаб кетишни истамайман. Албатта, анча қийналдим. Айниқса, қишда. Чунки мавсумолди йиғинлар пайти катта юкламалар берилади. Кунига икки маҳалдан шуғулландик, чидамкорлик билан ишлашда давом этиш керак. Ота-онам ҳам «Касбинг футболчими, бундан бошқа вариантинг йўқ», дейишди. Отам: «Имкон топилса, машғулотлардан кейин қолиб, ўз устингда ишла. Бундан фақат ўзинг ютасан. Ҳужумчисан ва дарвозага кўп зарба беришинг керак», дейди.
- «Энергетик»да штатдаги пенальтичига айланиб улгурдингиз. Ўзбекистонда ҳам шундаймиди?
- Ҳа. 2020 йили икки марта пенальтини амалга ошириб, иккисида ҳам мўлжалда адашганман. Тўп тўсин ва устунга тегиб қайтганди.
- Кейин «нуқта»га яқинлашмай қўйдингизми?
- Йўқ. Шундан сўнг жамоамиз фойдасига пенальти белгиланмади. Мабодо, бўлганда йигитлар барибир, тепиш ҳуқуқини менга беришарди. Чунки ўшанда тўпурардан бир нечта голга ортда қолаётгандим, унга етиб олиш истаги кучли эди.
- Ўз вақтида «Энергетик» тўпурарига айланган Жасур Яхшибоевни яхши танийсиз...
- У билан ёшлар термасида танишганман, 2016 йили бирга ўйнаганмиз. Икки йилдан кейин эса олимпия жамоаси сафида Хитойда ўтказилган Осиё чемпионати ғолибига айландик. Миллий термада ҳам бир пайтда дебют қилдик. Уругвайга қарши сафарда кечган ўртоқлик ўйинида захирадан тушгандик. Рақиб сафида майдон марказида Бентанкур ўйнарди. Ҳужумда Луис Суарес ва Эдинсон Кавани. Ҳимояда Касерес, Годин, Хименес ва Перейра. Дарвозада Муслера турган.
- Бу сизга қарши ўйнаган энг машҳур футболчиларми?
- Ҳа. Шунингдек, «Тоттенхэм»даги Сон Хюн Минни ҳам айтишим мумкин. У билан 2018 йили Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларида тўқнаш келганмиз.
- Ўзга юртда сизга энг кўп етишмаётган нарса нима?
- Оила аъзоларим ва яқинларимдан узоқда эканлигим ноқулайлик туғдиради. Уларни соғинаман. Қишда уйимда икки ҳафтагина бўлдим. «Энергетик»да таътилга кўп вақт ажратилмайди.
- Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
- Play Station каби ўйинлар ўйнайман, кинони кам кўраман. Ундан кўра, Бензема, Левандовски ва Холанд сингари ўз амплуамдаги футбол юлдузлари иштирокидаги ўйинларни томоша қилганим маъқул.
- Чемпионлар Лигасида қайси жамоа ғолиб чиқади?
- «Ливерпуль» ютса керак. Бу ҳозир дунёдаги энг яхши клуб. «Қизиллар»нинг ўйини болалигимдан мухлислик қиладиган «Челси»никидан кўра кўпроқ ёқяпти. «Аристократлар»га Лэмпард ва Дрогба ўйнаган даврлардан буён мухлислик қиламан.
- «Энергетик»нинг тонгги машғулотлари пайти уйғониш қийин кечадими?
- Энг муҳими - кўникиш. Эрта туриш - яхши одат. Чунки эрта кунда, кечки соат 10да ётишга тўғри келади. Шу тариқа, уйқуга тўйиб, ҳолатингизни тиклаб олиш имкониятига эга бўласиз.
- «Энергетик» табиий чимли майдонда ўйнай бошлади. Сунъий қопламада тўп суриш қандай бўлди?
- Нормал ҳолат. Қаршидаги академияда сунъий қопламали майдонимиз бўларди. Бунга кўникканман. Лекин сунъий қопламали майдонда машғулот ўтаб, табиий чимда футбол ўйнасангиз, оёқ оғрийди.
- Чемпионат стартида нечта гол уришни режалаштиргандингиз?
- Камида 15та. Яхшиси, 20та. Ҳар қандай ҳужумчи қатори мен учун ҳам бу яхши кўрсаткичдир.
- Хўш, ушбу режа ўзгармадими?
- Ўз олдимга доим юқори мақсадларни қўйишга одатланганман. Биринчи давра якунига 9та тур қолди. Шу вақт оралиғида 12та тўп киритмоқчиман. Ўхшаса, 15тага етказиб қўяман.
- Агар ёзда бошқа жамоа, айтайлик, «Шахтёр»дан таклиф тушса, жавобингиз қандай бўлади?
- Агентларим билан маслаҳатлашиб, жиддий ўйлаб кўраман. Украинада бўлгани каби, фаолиятимда иккинчи марта янглишишни истамайман. Энди бундай хатони тўғрилаш қийин бўлади. Апрелда 25 ёшга тўлдим ва доимий ўйин амалиётига эга бўлиш мен учун муҳим.
- Анатолий Юрьевич нима деяпти?
- Бўшашма, ишлашда давом эт, сенинг ишинг гол уриш...
- Албатта, ахир у юлдузлик касалига чалинишингизни истамайди-да...
- Ўзим ҳам бундайлар тоифасидан эмасман. Боз устига, ҳар бир ўйинда барқарор тўп суряпман, деёлмайман. Бири ўхшайди, иккинчиси эса - йўқ. «Слуцк» ва «Ислочь» билан беллашувда голли вазиятларга эга бўлсамда, улардан фойдалана билмадим. Ҳужумчиларни аниқ узатмалар билан таъминлайдиган плеймейкерлар керак. Тўп менга етиб келса, вазиятлар ҳар доим бўлади. Шунда тўпни дарвоза тўрига жойлаш қолади, холос. Вазиятлар қанча кўп бўлса, голлар сони ҳам шунга яраша ортаверади.
Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади