Бобур Абдухолиқов: «Истиқболли клубни танлайман, албатта...»

Бобур Абдухолиқов: «Истиқболли клубни танлайман, албатта...»

«Рома»дан кетиши кутилаётган Элдор Шомуродов Европа топ-5 чемпионатларидаги ягона вакилимиз ҳисобланади.

 Бироқ, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир ҳужумчиси - Бобур Абдухолиқов ҳам энг кучли лигалардан бирига ўтиш мақсадида бир неча клублар таклифини рад этмоқда. Бобур Абдухолиқов 2022 йилги мавсумни Беларусь чемпионатининг олий лигасида «Энергетик-БГУ» таркибида ўтказди. Мавсум давомида 30та учрашувда қатнашган ҳамюртимиз рақиблар дарвозасини 26 маротаба ишғол қилиб, жамоасининг чемпионат кумуш медалига эга чиқишига катта ҳисса қўшди. Эндиликда у ўз имкониятларини кучли чемпионатларда синаб кўрмоқчи. Легионеримиз Беларусь журналистларига интервью бериб, режалари билан ўртоқлашди.

- «Энергетик-БГУ»да ажойиб мавсум ўтказдингиз. Бундай самарадорликка сизни ким илҳомлантирди?

- Кунига икки маҳал маш­ғулот, истак ва мақсад.

- Интервьюлардан бирида клубдан кетишдан олдин минг марта ўйлаб кўраман, дегандингиз. Бу қарорга келишингизга сабаб бўлган омил қайси?

- Яхши чемпионатда ўйнашни истайман, мақсадим «топ-5» лигаларидан бири, айнан мана шу орзу сари қадам ташлашнинг айни пайти, деб ҳисоблайман.

- Беларусь клубларидан таклиф бўлдими?

- Йўқ.

- Ҳозир фаолиятингизни давом эттиришингиз учун вариантлар борми?

- Бор, Венгрия, Польша, Туркиядан таклифлар бўляпти.

- Кучли бешлик чемпионатлари жамоаларданчи?

- Турли клублардан бор.

- Пул ёки истиқболли клуб танлови юзага келса, қайси бирини танлайсиз?

- Истиқболли клубни танлайман, албатта.

- «Энергетик-БГУ» мухлисларига янги мавсум олдидан нималар дея оласиз?

- Мен уларга қўллаб-қувватлаб турганлари учун катта раҳмат айтаман ва уларни ҳамиша соғиниб қоламан. Янги мавсумда ҳам ўзлари яхши кўрган жамоани худди шундай қўллашда давом этишларини сўраб қоламан.

Бобур Абдухолиқовнинг 

рекордлари

Тўпурар легионер - 26та гол;

Меҳмондаги голлар - 16та;

Энг фойдали легионер (гол+пас) - 32 очко;

Ғалаба голлари (Роман Василюк билан бирга) - 10та;

Дубллар (Андрей Хлебосолов билан бирга) - 6та.