«Брайтон»дан Тейлор Свифт мухлисларига мурожаат

«Брайтон»дан Тейлор Свифт мухлисларига мурожаат

«Брайтон» ўз етакчиларидан бири, япониялик ярим ҳимоячи Каору Митоманинг АПЛда август ойи лауреати бўлишини таъминлаш учун кутилмаган юришни ўйлаб топди.

Яъни клуб машҳур хонанда Тейлор Свифт шинавандаларига алоҳида мурожаат йўллади. Ҳа, якунда Митома эмас, балки «Тоттенхэм» вакили Жеймс Мэддисон ой лау­реати сифатида эътироф этилди, лекин «Брайтон» ҳаракати эътиборга молик, барибир.

Айёрона юриш 

«Брайтон»нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига қўйилган мурожаатда Тейлор Свифт алоҳида тилга олинди: «Митома - Тейлор Свифтнинг катта мухлиси. Буни билармидинглар? Шу йигит АПЛда ойнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун курашмоқда. Шунингдек, унинг голи августда энг чиройлиси сифатида тан олиниши мумкин. Бунга бефарқ қарамасангиз, овоз беринг!»

Қизиқарли кураш

Каору Митома август тақвимидан ўрин олган АПЛ дои­расидаги 4та ўйинда 1та гол урди ва 3та ассист муаллифига айланди. Умуман, «Ойнинг энг яхши футболчиси» номинациясида Митомага Мэддисондан ташқари, Родри («Манчестер Сити»), Брайан Мбемо («Брентфорд»), Жаррод Боуэн («Вест Хэм») ва Тайво Авонийи («Ноттингем») ҳам рақобат кўрсатишди.

Жиддий рақиблардан устунлик

«Ойнинг энг чиройли голи» номинациясига келсак, сўровга япониялик легионер қатори Букайо Сака («Арсенал»), Александер Исак («Ньюкасл»), Жаррод Боуэн («Вест Хэм»), Густаво Хамер («Шеффилд Юнайтед»), Раҳим Стерлинг («Челси»), Кевин Шаде («Брент­форд») ва Луис Диас («Ливерпуль») номзоди қўйилганди. Якунда айнан қитъадошимиз голига кўпроқ овоз берилди. 

Аралашув

Қизиқ, «Брайтон»нинг мурожаати моҳияти нима? Гап шундаки, таниқли хонанданинг мухлислари олдинроқ Golden Boy (дунёнинг энг яхши ёш футболчиси) сўровига жиддий таъсир кўрсатишганди. Яъни номзодлардан бири, «Барселона» вакили Алекс Бальде америкалик хонанда қўшиқларини унча ёқтирмаслигини айтгач, унинг шинавандалари қаттиқ ранжишди. Улар бунга жавобан ҳаттоки, Golden Boy соврини учун курашда Бальденинг асосий рақиби саналган Жуд Беллингем («Реал»)га фаол тарз­да овоз бера бошладилар. Шу тариқа англиялик футболчининг сўровда ғалаба қозониш имконияти 30 фоиздан 88,8 фоизга кўтарилиб кетди. Табиийки, «Брайтон» Митомани қўллаб-қувватлаш акциясида айни шу ҳолатни ўйлаган, албатта.

«Брайтон» раҳбарияти Каору Митомага Porsche автомобилини совға қилди - АПЛда ой лауреати бўлиши шарафига. Бироқ сўров бошқача натижа билан якунланди. Айрим манбаларда келтирилишича, япониялик футболчи шундан сўнг қимматбаҳо сов­ғани қайтариб берди.