Бу Гави эмас, Аббос Файзуллаев!

Бу Гави эмас, Аббос Файзуллаев!

Кўз тегмасин, Ўзбекистон миллий жамоасининг янги умиди Аббос Файзуллаев Москванинг ЦСКА клубида тобора яхши ўйнамоқда.

Жумладан, РПЛ 9-туридан ўрин олган «Ростов»га қарши сафар ўйинида илк марта «армиячилар» бошланғич таркибидан жой олган 19 ёшли футболчимиз мураккаб тус олган тўқнашувда чемпионатдаги голлари ҳисобини очиб, жамоасини мағлубиятдан қутилиб қолишида катта роль бажарди. Умуман, айни пайт россиялик мутахассислар ва экспертлар ҳам, мухлислар ҳам Аббосга юқори баҳо беришмоқда. Бунга ҳамюртимизнинг майдонда енгил ҳаракатланаётгани, чиройли узатмалари ва зарбалари сабаб, албатта.

Эътиборли томони, РПЛ расмий саҳифаси «Ростов» - ЦСКА ўйини тугаши билан Аббос Файзуллаевни алоҳида эътироф этди. Аниқроғи, сайт ижодкорлари ҳамюртимиз ва «Барселона» жавоҳири Гави суратларини коллаж қилиб, бунга чиройли изоҳ ёзишди: «Қизил-кўк рангли футболка, ипи боғланмаган бутсалар, жанговар характер, муҳим голлар ва ажойиб узатмалар. Йўқ, Гави эмас, Аббос Файзуллаев ҳақида гапиряпмиз...»

Айтганча, transfermarkt портали РПЛ 9-тури рамзий жамоасига Аббос Файзуллаевни ҳам киритди. Айтиш жоиз, у 8-тур рамзий жамоасидан ҳам жой олганди. Хуллас, ЦСКА вингери РПЛда Элдор Шомуродовдан кейин кетма-кет икки тур якунида бундай эътирофга эришган футболчимиз бўлди.