Деку: «Барселона» чуқур ислоҳотга муҳтож»

Деку: «Барселона» чуқур ислоҳотга муҳтож»

«Барселона» 11 февраль куни ўз майдонида Ла Лига аутсайдерларидан бири «Гранада»ни ҳам енголмагач (3:3), Андерсон Луис де Соуза Деку Nascer do Sol журналига шов-шувли интервью берди.

Маълум бўлишича, «Барса» спорт директори клубнинг ҳозирги ривожланиш моделига шубҳа билан қарамоқда. Унинг фикрича, жамоада барчасини мутлақо ўзгартириш зарур...

- Айтингчи, «Барселона»нинг бундай беқарор ўйинига сабаб нима?

- Клубни ривожлантиришнинг янги йўналиши жуда муҳим. Бу масалада жамоа президенти мен билан бир хил фикрда: чуқур ислоҳотлар зарур. Ахир амалдаги методика ўзини оқламади. Аввало, мавжуд ўйин тизимидан бирданига бутунлай воз кечиб, янги пирадигмага асос соладиган мутахассис топишимиз керак. Мана, Хави истеъфо бўйича ариза ёзди. У жорий мавсум якунигача қолади, лекин ишини давом эттиролмайди. Чунки жамоага талаб даражасида ўзгаришлар киритишга қодир эмаслигини айтди. Шундай экан, ҳозирдан кескин янгиланиш зарурлиги ҳақидаги хулосани қабул қилишимиз керак. Умумий аҳвол шу қадар аянчлики, ҳаттоки, Хавининг ўзи ҳам клуб янги йўналишга муҳтожлигини таъкидламоқда. Демак, аввало, муносиб мураббий топишимиз талаб этилади. Хўш, кимни танлаймиз? Айнан шу масала - катта муаммо. Асосийси, бу борада президент билан ҳамфикрмиз. Ҳа, «Барселона» парадигмаси вакили ҳисобланган Хавининг клубдан кетиши ачинарли. Аммо ҳақиқат шуки, энди зудлик билан ечим топишимиз керак.

- Юрген Клопп номзоди борми?

- Унутмайлик, у мураббийлик фаолиятида танаффус олишини, маълум муддат ҳордиқ чиқаришни хоҳлаётганини айтди.

- Умуман, янги мураббий топишда қандай муаммо бор?

- Бизда молиявий томондан жиддий муаммолар кўндаланг... Мени ишга ёллашганининг асосий сабабларидан бири ҳам шу. Тушунинг, ҳозир бой клублар каби трансферларга катта маблағ ажратолмаймиз. Ушбу ҳолат эса бирданига натижа таъминлашни хоҳлайдиган ҳар қандай мураббийни ўйлантириб қўяди. Афсуски, янги мураббийга таркибни ўзи истаганчалик шакллантириш учун етарли маблағ топиб беролмаймиз. Ҳар ҳолда, айни босқичда шундай.

- Рубен Аморим ҳам катта трансферлар сўрайдими? 

- Назарий жиҳатдан қарасак, ҳар нарса бўлиши мумкин, албатта. Гап португалиялик мураббий ҳақида кетмоқда, тўғрими? Энди айтингчи, португалиялик қайси мураббийлар «Барселона»да, айниқса, шундай муаммоларга ўралган «Барселона»да жавобгарликни ўз зиммаларига олишга тайёрлар? Айтинг, ким? Биламан, Рубен Аморим «Спортинг»да яхши ишлаяпти, қолаверса, унинг услуби ҳам «Барса»никига ўхшаш. Иккинчи томондан, тажрибаси ҳали анча кам.

- Ҳарқалай, қандайдир режалар бордир...

- Айни ҳолатда ҳозирги ло­йиҳамиз тақдирини билмаймиз, клубнинг қайси йўналиш бўйича кетиши ҳам аниқ эмас. Лекин «Барселона» ўзгаришлар жараёнига қарамай, узоқ вақт ғалабасиз қололмайдиган клуб ҳисобланади. Яқинда Испания кубогида «Атлетик»ка ютқаздик ва ўйлайманки, бу охир-оқибат, фойдамизга ишлаши мумкин. Чунки энди фақат миллий чемпионат ва ЧЛга эътибор қаратамиз. Евроаренада эса «Наполи» билан ўйнашимиз керак - рақиб оддий эмас. Яна бир ҳақиқат шуки, Ла Лига турнир жадвали юқори нуқтасидан тобора узоқлашмоқдамиз. Демак, кейинги мавсум ЧЛдан четда қолмасликни ҳам ўйлашимиз, руҳиятимизни тезроқ тиклашимиз керак. Очиғи, ҳаммаси жуда тез ўзгариб кетди.

- Клубнинг орқага кетаётганида «Камп Ноу»ни янгилаш лойиҳаси таъсири ҳам борми?

- Кўпчилик ҳукуматдан катта маблағ ололмайдиган клублар билан нималар содир бўлишини унутиб қўяди. Жамоа кенгаши стадионни қайта қуришни ўз ичига олган йирик лойиҳага қўл урди. Табиийки, бу катта харажат талаб қилади. Албатта, янгиланган «Камп Ноу» ҳам барча «барсачилар» учун ғурур манбаига айланади. Аммо лойиҳа клубнинг трансферлар сиёсатига таъсир этади, барибир. Биламан, ҳамма «Барселона»ни ҳар йили янги-янги футболчиларни тарбиялайдиган ижодий клуб сифатида кўради. Лекин бу жараён жуда машаққатли ва самарасини кўриш учун кучли сабр керак. Ахир бир гуруҳ болаларга шунчаки, «Барселона» футболкасини кийдириб, улардан бирин-кетин совринлар ютишларини талаб қилолмайсиз-ку...

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади