Диққат, Косово клуби билан катта саҳнада!

Диққат, Косово клуби билан катта саҳнада!

Европа Конференциялар Лигаси-2022|2023 гуруҳ босқичида Лихтенштейн вакили («Вадуц») билан бир қаторда Косово клуби ҳам илк марта иштирок этади.

Митти мамлакат чемпиони «Балкани» турнир саралашининг «плей-офф» раундида нисбатан кучли саналган «Шкупи» (Македония)дан устун келди. Энди бутун Косово жамоанинг КЛ асосий босқичидаги дебютини кутмоқда.

*** 

«Балкани» еврокубоклар сари юришини ЧЛ саралаши биринчи босқичида бошлади, лекин Литванинг «Жальгирис» клубига бас келолмади. Муҳими, косоволиклар шундан сўнг КЛ саралашида 3та синовдан муваффақиятли ўтишди. Аввалига 2та ўйин­да «Ла Фьорита» (Сан-Марино) дарвозасига жавобсиз 10та гол урган «нотаниш» клуб кейинги босқичда Фарер ороллари вакили «КИ Клаксвик»ни пенальтилар серияси бўйича йўлдан четга сурди ва якунда «Шкупи»ни ҳам еврокубоклардан маҳрум қилди. Маълумот учун, 2017|2018 йиллар мавсумидан буён еврокубокларда қатнашаётган Косово клублари олдинги уринишларда учинчи саралаш босқичидан нарига ўтолмаганди. Жорий мавсум «Балкани» портлаш эффектини юзага келтирган бўлса, мамлакатнинг икки клуби КЛ саралашининг биринчи босқичи, яна биттаси иккинчи раундида курашни тўхтатди. 

«Балкани» Сува-Река шаҳри шарафини ҳимоя қилади. Қишлоқ хўжалигига мослашган ушбу камбағалгина ҳудудда атиги 11000 киши истиқомат қилади. Муниципалитетнинг ўзида эса тахминан 60 минг аҳолиси бор. «Балкани»нинг уй стадиони ҳам анча кичик. Лекин жамоа еврокубоклардаги ўйинларини қисман тан олинган мамлакат пойтахти - Приш­тинада жойлашган «Фадиль Вокри» аренасида ўтказади. Бу - Косовонинг евротурнирлар учун тегишли сертификат олган ягона ва асосий стадиони. Миллий жамоа ҳам шу аренада ўйнайди. 

***

Аслида Косово мустақил мамлакат сифатида ҳали тўлиқ тан олинган эмас. Хўш, УЕФА қандай асосга кўра, клубларини евромусобақаларга қўймоқда? Тарихни қисқача эслатиб ўтамиз: Косово 1991 йилиёқ Сербия таркибидан ажралиб чиқиб, ўз мустақиллигини эълон қилган. Аввалига бу Югославиядаги ички можаро (миллий озодлик армияси ва серб қўшинлари қарама-қаршилиги) сифатида баҳоланди. Яна 7 йилдан кейин ҳаммаси қуролли тўқнашувга олиб келди ва НАТО аралашуви билан Югос­лавия бомбардимон қилинди. Косово уруши якунида минтақа БМТнинг тинчликпарвар кучлари назоратига ўтди (1999 йили бу борада Югославия ва НАТО ўртасида келишув имзоланган эди). Бироқ Косовода ҳарбий тўқнашувлар, можаролар яна 9 йил давом этди. Якунда ҳудуд ҳукумати бир томонлама мустақилликни эълон қилди. Айни пайт БМТга аъзо 98та мамлакат Косово мустақиллигини тан олган, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ҳам. Гарчи барча мамлакатлар рози бўлмасада, Европа Иттифоқи хавфсизлик нуқтаи назаридан муаммоли минтақаларга истисно тариқасида айрим ҳуқуқларни берган. Косовонинг мустақил мамлакат мақомини олиб, БМТга кириши учун эса икки шарт талаб этилади. Биринчидан, уни БМТга аъзо мамлакатларнинг учдан икки қисми тан олиши керак - 193тадан 129таси. Иккинчидан, Хавфсизлик кенгаши қарори зарур. Ушбу кенгашда овоз ҳуқуқига эга Россия ва Хитой эса Косово мустақиллигини тан олишни хоҳламаяпти. 

*** 

Косова миллий жамоаси биринчи норасмий ўйинини 1993 йили, Югославия парчаланганидан кўп ўтмай ўтказган. Ўшанда мамлакатда туғилган таниқли футболчилардан таркиб шакллантирилди ва Албанияга сафар уюштирилди. Якунда косоволиклар ортга 1:3 ҳисобидаги мағлубият билан қайтишди. Умуман, янги терма жамоа 2008 йилгача асосан кучсиз рақиблар, баъзан ҳаттоки, клублар билан норасмий ўйин ташкил этишда давом этди. Чунки буни на ФИФА ва на УЕФА тақиқлади. Косоволиклар жумладан, 2006 йили ўз тарихларида энг йирик ғалабани нишонлашди - Монако терма жамоаси 7:1 ҳисобида доғда қолдирилди. Улар яна 1 йилдан кейин илк марта жаҳон чемпионати иштирокчисига қарши ўйнаб, Саудия Арабистони термасига ягона гол туфайли ютқазишди. 

Косово ФИФАга аъзо бўлиш учун биринчи аризани 2008 йилнинг май ойида топширган, бироқ октябрда рад жавоби берилган. Ўшанда 51та мамлакат Косовони мустақил республига сифатида тан олганди. ФИФА узоқ вақт ўз позициясида собит турди ва фақат 2012 йилга келибгина Косово термасининг миллий жамоалар билан расмий ўртоқлик ўйинлари ўтказишига рухсат берди. Лекин Сербия эътирозидан сўнг бу ҳуқуқ бекор қилинди. 2014 йили эса ҳуқуқ қайта тикланди, фақат жамоа либосида давлат рамзлари бўлмаслиги ва ўйинлар олдидан мадҳия янграмаслиги шарти билан. Шундан кўп ўтмай, УЕФА ва ФИФА Косово футболи учун расмий мусобақалар эшигини очди. 2016 йили эса УЕФА Косовога аъзолик ваколатини берди. Ўшанда Россия, Испания, Украина, Греция, Руминия, Словакия, Сербия ва Босния каби мамлакатлар бунга қарши чиққанди. Шунга қарамай, яна 10 кун ўтиб, ФИФА ҳам Косовони ўз оиласига қабул қилди. Табиийки, бу ҳолат кўпчиликни саросимага солиб қўйди. Зеро, УЕФАга кириш учун аввало, БМТ томонидан тан олиниш керак. Косово эса тан олинмаган. Фақат шуниси борки, БМТ янги давлатларни тан олиш ёки олмаслик ваколатига эга эмас. Қисқаси, УЕФА бу ҳолатда Европада кўплаб мамлакатлар Косовони тан олганидан келиб чиқиб, уни қабул қилган. Сербия бу масалада Спорт арбитраж суди (CAS)га шикоят ҳам киритди, аммо ютқазди. 

*** 

Косовони тан олмаган мамлакатлар жамоалари унинг вакиллари билан тўқнаш келса, нима қилади? Ҳаммаси муайян мамлакат хоҳишига боғлиқ. УЕФА ҳозирда Косовони тан олмаган мамлакатлар миллий жамоаларига алоҳида ҳуқуқ бермоқда. Яъни бундайлар Косово термаси билан сафар ўйинини бетараф ҳудудга кўчириш имкониятига эгалар. 2016 йили Украина термаси шундай йўлдан бориб, ўйинни Польшанинг Краков шаҳрига кўчирганди. Испания термаси эса 2021 йили бундай қилишни хоҳламади ва Приштинада ўйнади. 

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади