Диққат, «қирол» тирик!

Диққат, «қирол» тирик!

Гарет Бэйл MLSда дарҳол шоу кўрсатишга тушди - уэльслик юлдузга бунинг учун тўпга 2 марта тегиниш кифоя қилди.

Қисқаси, узоқ тортишув ва муҳокамалардан кейин «Реал» билан хайрлашиб, океан ортига йўл олган гольф шайдоси бир уринишда аслида нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди.

Манфаатли шартнома асосида «Лос-Анжелес» сафини тўлдирган «Уэльс шаҳзодаси» ўтган дам олиш куни янги чемпионатда дебют қилди. Аниқроқ айтсак, Бэйл «Нэшвилл»га қарши баҳсда захирадан майдонга тушди. Асосийси, финал ҳуштаги янграшига атиги 18 дақиқа қолган паллада ўйинга қўшилган «дангаса юлдуз» ҳаммани ҳайратга солиш уддасидан чиқди, барибир. Қисқаси, фахрий ярим ҳимоячи|ҳужумчи тўпга биринчи тегинишдаёқ кичик шоу намойиш эди - қанотда товони билан нафис узатмасини амалга оширди. Табиийки, шу лаҳзада стадион портлади, гўё. Ҳар ҳолда, «Сантьяго Бернабеу»дан фарқли ўлароқ, у ерда Бэйл­ни жуда яхши кўришади (ҳозирча шундай).

Бэйл ўйиндан сўнг маълум вақт мухлисларга дастхат бериш билан шуғулланди ва якунда ўз таассуротлари билан ўртоқлашди: «Дебют лаҳзаларини сабрсизлик билан кутдим. Захира ўриндиғида қандай ўтирганимни тавсифлаб беролмайман - жамоага тезроқ ёрдам беришни хоҳладим, иштиёқим жўшиб кетди... Ҳозир спорт формасини тиклашим жуда муҳим. Ҳозир Европада мавсумлар оралиғи, шундай экан, бир неча дақиқа ўйнаб, якунда ғалабани тантана қилганимиз ажойиб бўлди». Ҳа, «Лос-Анжелес» якунда «Нэшвилл»ни 2:1 ҳисобида енгди.