Диққат, янги формат тасдиқланди!

Диққат, янги формат тасдиқланди!

УЕФА ниҳоят, еврокубокларнинг янги форматини расман тасдиқлади.

Энди анъавий гуруҳ босқичи ўтмишга айланди, турнирларга эса махсус компьютер ёрдамида қуръа ташланади. Бу маросимлар 29-30 август кунларига белгиланди.

Олдин айтилганидек, ЧЛ-2024|2025нинг асосий босқичида 36та клуб қатнашади. Турнир ҳамма ўрганиб қолган гуруҳ раунди эмас, «лига» номини олган бос­-қичдан бошланади. Бунда барча жамоалар ягона гуруҳда курашга киришади, лекин ҳар бир иштирокчи 8тадан рақибга қарши 1 мартадан ўйнайди (ўз майдони ва сафарда 4тадан ўйин). Хуллас, «лига» босқичи 8 турни ўз ичига олади. Қуръа ташлаш жараёнида 36та клуб 4та саватчага бўлинади (9тадан). Саватлар таркиби УЕФА клублар рейтингига асосан шакллантирилади. Ҳар бир иштирокчи 4та саватчадаги 2тадан рақибга тўқнаш келади (бири билан ўз майдони, иккинчиси билан сафарда). Масалан, «Бавария»га 1-саватчадан «Реал» ва «Манчестер Сити» тушса, мюнхенликлар улардан бирини Мюнхенда қабул қилади ва иккинчиси билан сафарда ўйнайди қуръага кўра. Асосий босқичда 1та мамлакатнинг 2та клуби ўзаро тўқнаш келмайди. Шунингдек, муайян жамоа 1та мамлакатнинг 2тадан кўп вакилига дуч келмайди. Соддароқ тушинтирганда, дейлик, «Реал»га кўпи билан Англиянинг 2та клуби рақиб бўлиши мумкин. 

Табиийки, ЧЛнинг янги формати ўзгача қуръа механизмини талаб этади. Бинобарин, жараённи қўлда ўтказиш учун 1000та шарча керак бўларди. Янги қуръа механизмига кўра, 36та жамоа 36та шарчага жойлаштирилади. Махсус компьютер ҳар бир шарчага қўйилган клубга 8та рақиб танлаб беради. Жамоалар қайси рақиблар билан ўз майдони ёки сафарда ўйнаши ҳам замонавий технология ёрдамида аниқланади. Махсус компьютер бир неча критерияларни таъминлайди:

1. Автоматлаштирилган дастур қуръа тўлиқ тасодифий ўтишини кафолатлайди.

2. Компьютер қуръа қоидаларига тўлиқ амал қилади (1та мамлакат клубларининг ўзаро тўқнашмаслиги, 1та давлатдан кўпи билан 2та рақиб).

3. Қуръа боши берк кўчага кириб қолмайди. 

Айтиш керак, ЧЛ қуръа маросими 29 август куни Англияда бўлиб ўтади. Эътиборлиси, ҳозирдан турнир тақвими тайёр. Унга кўра, «лига» босқичи ўйинлари сентябрда бошланади, якуний 8-тур баҳслари эса 1 кун (2025 йил 29 январь)да бўлади. Якунда умумий гуруҳда 1-24-ўринни эгаллаган клублар «плей-офф»га чиқади ва курашни олимпия тизимида давом эттиради. Бунда 8та кучли жамоа тўғридан-тўғри 1|8 финалга йўл олса, 9-24-ўринлардан жой олган 16та иштирокчи 8та жуфтликка бўлиниб, ўтиш ўйинларида ўз омадини синаб кўради.

1-тур: 17|19 сентябрь (2024 йил)

2-тур: 1|2 октябрь (2024 йил)

3-тур: 22|23 октябрь (2024 йил)

4-тур: 5|6 ноябрь (2024 йил)

5-тур: 26|27 ноябрь (2024 йил)

6-тур: 10|11 декабрь (2024 йил)

7-тур: 21|22 январь (2025 йил)

8-тур: 29 январь (2025 йил)

Ўтиш ўйинлари: 11|12 ва 18|19 февраль (2025 йил)

1|8 финал: 4|5 ва 11|12 март (2025 йил)

1|4 финал: 8|9 ва 15|16 апрель (2025 йил)

1|2 финал: 29|30 апрель ва 6|7 май (2025 йил)

Финал: 31 май (2025 йил)

ЧЛ-2024|2025 финал ўйини 2025 йилнинг 31 май куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтади. ЕЛ финалига Испаниянинг Бильбао шаҳри мезбонлик қилса (21 май), КЛ ҳал қилувчи ўйини Вроцлав- (Польша)га топширилган (28 май).

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади