Эдер Милитао: «Мбаппе бутунлай бошқа даража!»

Эдер Милитао: «Мбаппе бутунлай бошқа даража!»

Эдер Милитао сўнгги пайтлар «Реал» ҳимоя қўрғонининг юрагига айланди, шубҳасиз.

 Атиги 21 ёшида Мадрид суперклуби сафига қўшилган бразилиялик футболчи қисқа вақтда ҳайратланарли юксалишга эришди. Дейлик, ўтган йили ҳам «қаймоқранглилар» орқа чизиғи марказида Давид Алаба билан фантастик ўйин кўрсатди. Sports.ru сайтининг La Saeta Rubia блоги муаллифи яқинда Испанияда бўлиб, Эдердан эксклюзив интервью олди. Қизиқсангиз, марҳамат, суҳбат билан танишиб чиқишингиз мумкин.

- 2019 йили ЧЛнинг амалдаги ғолиблари - Серхио Рамос, Рафаэль Варан ва Начо Фернандес «Мад­рид»да ўйнашарди - бундай жиддий рақобатга қарамай, айнан «Реал»ни танладингиз. Таркибга киролмай, амалиётсиз қолишдан қўрқмаганмидингиз?

- Ҳар доим «Реал» либосида ўйнашни орзу қилганман. Ўша йили кўплаб клублардан аниқ таклифлар олдим. «Мадрид»дан чорлов тушгач эса, сира иккиланмадим. Жамоада Серхио, Рафа ва Начо каби ижрочилар борлиги мени чўчитмади, аксинча, фақат олдинга ундади. Улар билан бирга шуғулланиш ва ўйнаш ўрганиш имконияти эканлигини билардим. Ҳа, жуда ёш эдим ва биринчи мавсум кўп ўйнамаслигимни тушунардим. Шунинг баробарида меҳнат орқали ўз ўрнимни топишга мутлақо ишонгандим.

- Чиндан ҳам, бошида етарли имкониятга эга бўлмадингиз, лекин кўп ўтмай, барчаси бирдан ўзгарди...

- Чунки бир сония бўлсин, ишлашдан тўхтамадим. «Ре­ал»да бошқача ёндашув кетмайди - сен дарҳол ҳаммасини исботлашинг керак. Акс ҳолда, жомадонингни тайёрлашингга тўғри келади. Албатта, ўйиндан четда қолган вақт анча қийналдим, чунки ҳеч қачон мураббий ёки жамоа учун муаммо бўлишни хоҳламаганман. Кетма-кет 4-5та ўйинда захирада ўтиришим мумкинлиги, лекин 6-баҳсда имконият берилиши ва бунга тайёр туришим шартлигини билардим. Катта жамоаларда совуққонликни сақлаб, ишлашдан қочмаслик муҳим. Шунда эртами-кеч хоҳлаганингизга эришасиз, албатта.

- Мадриддаги 4 йил давомида Зайниддин Зидан ва Карло Анчелотти билан ишладингиз. Улар ўйинингизга қандай янгиликлар олиб киришди?

- Зизу билан ўзаро муносабатимиз зўр эди, дон Карло Анчелотти бу масалада футболчиларга бироз яқинроқ ҳам. Зидан реал имкониятларимни тўғри баҳолаш, кучли ва заиф жиҳатлар устида ишлашни ўргатди. Анчелотти эса мутлақ ишонч берди, тактик билимимни оширишда кўмаклашди. Икки мураббий кўп томонлама ўхшаш - самимий, ишонч ва ҳурматга йўғрилган муносабат...

- Қизиқ, сиз учун қайси рақибларга қарши ўйнаш қийинроқ? Шу маънода кимларни алоҳида ажратиб кўрсатасиз?

- Сўнгги йиллар кўплаб буюк футболчиларга қарши ўйнадим: Неймар, Месси, Мбаппе, Левандовски, Мане, Жезус... Улардан бирини ажратиб кўрсатишим қийин, эҳтимол, Мбаппега қаршилик кўрсатишда кўпроқ қийналгандирман... Килиан жуда топқир йигит. Ҳимоячи тайёргарлик жараёнида ҳамиша рақибнинг севимли техникасини ҳисобга олиши керак. Дейлик, ЧЛ финалида Мане ортидан югуравериш яхши оқибатларга олиб келмаслигини билардим, чунки у ярим ҳимоячилардан бири ёки Салоҳга ҳудуд очиш учун алдамчи кроссларга мойил эди. Бундай ижрочига яқин ўйнаш жуда хавфли. Левандовскига эса тўп билан бурилиш имконини бермаслик керак. Уни иложи борича кескин қарши олиш талаб этилади. Айниқса, тўпга эга чиқишига қадар йўлини ёпиш керак. Мбаппе эса бошқа даража, барибир. У ўйин жараёнида йўқ жойдан имконият топади, якка ўзи вазият ихтиро этади. Дейлик, 5 дақиқача сиз кутган чизма бўйича ҳаракатланади ва шундан сўнг бирдан бутунлай бошқача услуб таклиф қилади. Оддий айтганда, Килиан оёқлари эмас, балки ҳаракат йўналишига узатма сўрайди. Мисол учун, унга бўш жой қолдирмаслик учун чуқурроқ ўйнай бошлаганимда, тўпни олиш илинжида майдон марказига яқин ҳудудга кўчиб олганди. Фикрини ўқиб бўлмайдиган ҳужумчи ҳар қандай ҳимоячи учун энг катта бош оғриғидир. Агар фикрини ўқий олсангиз, уни тўхтатиш йўлини ҳам топасиз. Аммо ҳужумчи ўйин пайти мунтазам услубини ўзгартирса, дуэлда миллисонияга кечикиш ҳам қимматга тушади.

- Ўтган ёзда «Реал» таянч зонасининг узоқ йиллик етакчиси Каземиро жамоадан кетди. Бу йўқотиш маълум тактик ўзгаришларга олиб келгани тайин. Янги чизмага мослашиш учун ўйи­нингизда нималарни ўзгартирдингиз?

- Тактик ўзгаришнинг асоси ярим ҳимоя зиммасига тушди. Хусусан, тўпсиз ўйнашда ҳаракат векторлари ўзгарди. Албатта, бунинг ҳимояга ҳам таъсири сезилди: эндиликда узатмалар воситасида тез-тез олдинга чиқяпман, яна рақибларни ёпиш учун таянч ҳудудига ўтяпман. Ҳа, Каземиро мисолида нафақат ўта ақлли ярим ҳимоячи, балки катта ҳажмда иш бажарадиган ижрочини йўқотдик. Унинг ўрнини қоплаш учун мен, Алаба, Рюдигер ёки Начодан энди 20-25 эмас, балки 30-40 метрлик радиусни қоплаш талаб этилмоқда.

- Эдер, кўп марта жароҳатга қарамай, майдонда қолдингизки, бу характерингиздан далолат. Кучли чидамни қандай шакллантирдингиз?

- Менимча, буниси оиламдан мерос. Зеро, мажбурият, камтарлик ва ҳурмат қадриятлари асносида тарбияланганман. Ҳар доим жамоа ва мухлислар олдида катта масъулият борлигини ҳис қиламан. Футболчилар ҳаётда яхши яшайдилар, бошқа одамларга қараганда, муаммоларимиз камроқ. Маошидан чипта учун пул ажратиб, стадионга келган мухлис эса футболчиларнинг максимал даражада ишлашларини кўришга лойиқдир. Демак, биз ўзимизни ўйинга тўлиқ бахшида этган ҳолда, мухлисларга ҳурмат кўрсатишимиз шарт. Ҳа, ҳамиша ғалаба қозонишнинг иложи йўқ, лекин ҳар бир ўйинда бор кучни бериш керак. Отам ҳаётда энг осон танлов - таслим бўлиш ва курашни тўхтатиш эканлигини бот-бот такрорларди. Бу - бир умрлик сабоқ. Қачонки, ортиқ ўйнай олмаслигим ва жамоага наф келтиролмаслигимни билсамгина майдондан чиқиб кетаман.

- Давид Алаба билан жуда таъсирли тандем ҳосил қилдингиз. Қисқа вақт ичида бундай тажрибали футболчини тушунишда юқори даражага чиққанингиз сири нима?

- Давид - очиқ ва самимий йигит. Ёнингизда кўпни кўрган шундай футболчи бўлса, ҳаммаси осон кечар экан. Ҳозир нафақат кучли томонларимиз, балки заиф жиҳатларимизни ҳам яхши биламиз. Бундай тандемнинг сири оддий - тўғри муносабат, самимийлик ва ўзаро ҳурмат. 

- Атиги 25 ёшдасиз ва «Реал»да аллақачон 100та ўйин маррасига етиш баробарида кўплаб совринлар ютдингиз. Фаолиятингизни тўлиқ «Сантьяго Берна­беу»га бағишлаш ва клуб афсоналари қаторига қўшилиш вариантига қандай қарайсиз?

- Агар бу ўзимга боғлиқ бўлса, фаолиятим охиригача «Мадрид»да қолишга тайёрман. Чунки «Реал»ни яхши кўраман, қолаверса, Роберто Карлос, Роналдо, Марсело ва Каземиро каби юлдузлар қаторидан жой олишга нима етсин...? 

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

 

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.