Элит ОЧЛга ҳар томонлама назар

Элит ОЧЛга ҳар томонлама назар

Бир дақиқа фараз қилайлик, «Бунёдкор» стадиони майдонининг ҳолати ўйин ўтказишга имкон бермайди.

Учрашувни қаерга кўчириш мумкин? «Пахтакор» ҳатто Суперлига ўйинлари учун ҳам ёпиқ. «Жар» ва «Локомотив» сиғими бўйича ЖЧ саралаш турнири даражаси ва ўйинлар атрофида кутилаётган ажиотажга тўғри келмаслиги тайин. Бошқа шаҳарлардаги энг катта стадионлар сиғими борасида пойтахтнинг икки асосий аренаси билан тенглашолмайди, лекин «Жар» ва «Локомотив»дан устунроқ. Умуман, бизда 20 минг ўринли ареналар ҳам камайди: Бухородаги стадион аллақачон бузиб юборилди. Демак, Қарши, Олмалиқ, Наманган ва Фарғонадаги ареналар қолмоқда. Бу шаҳар ва стадионларнинг барчасида халқаро ўйинларни қабул қилиш тажрибаси бор. Аммо умид қиламизки, бундай кескин чорага эҳтиёж йўқ ва «Бунёдкор» стадиони майдони юкламага дош беради. Ҳар ҳолда, шарҳларда барча ташвишлар ортиқчалигию, майдон яхши ҳолатда эканлигини ёзишмоқда.

*** 

Осиё клублари турнирларининг икки мавсумини солиштириш учун баъзи рақамлар - ислоҳотдан олдинги охиргиси ва ундан кейинги биринчиси. Олдинги мавсум клублар ўртасида қитъа миқёсида 2та мусобақа ўтказилганди - ОЧЛ ва ОФК кубоги. Икки турнирнинг гуруҳ босқичида жами 76та клуб иштирок этди (ОЧЛ - 40та ва ОФК кубоги - 36та). Бу эса рекорд ҳам эмас: 2022 йилги мавсумда икки турнир гуруҳ босқичи 77та клуб (39+38)ни ўз ичига олган бўлса, ундан аввалгисида 78та (40+38) жамоа қатнашган эди. Мавсум-2023|2024-да саралашдан ўтолмаганларни қўшиб ҳисобласак, икки мусобақада жами 98та клуб иштирок этди. Ислоҳотдан кейинги манзара қандай? 3та турнир гуруҳ раундида 74та клуб бор. Аслида 76та бўлиши керак эди, лекин «Чақирув лигаси» «Шарқ» минтақаси учун етарли миқдорда жамоа топилмади. Саралаш босқичларида иштирок этган барча клублардан атиги 2таси қайсидир турнир гуруҳ раундига чиқолмаганини инобатга олсак, жорий мавсум ОФК клублар миқёсидаги мусобақаларда ўйнаганларнинг умумий сони 76тага тенг. Бир йил олдин гуруҳ босқичида шунча жамоа иштирок этганди.

Рақамларни яна солиштамиз: бир йил олдин икки турнирда 98та клуб (гуруҳ босқичида 76та ўйнаган бўлса, 22таси саралашдан ўтолмаган) қатнашган, энди эса умумий миқдор 76та (74+2)га тушди. Қисқаси, камайиш 22та клуб даражасида. Хўш, қайси мамлакатлар энг кўп йўқотишга учради?

* Ўзбекистон. Бир йил олдинги 4та клуб ўрнига жорий мавсум Осиё турнирларида атиги 2та.

* Макао. Бу мамлакат ҳам 2та клубни йўқотди. Аммо фарқи шуки, бу сафар Осиё клублари турнирларида Макаодан вакил йўқ.

Яна қайси мамлакатлар жамоа йўқотди? Тожикистон, Ироқ, Туркманистон, Ҳиндистон, Гонконг, Филиппин, Авс­тралия ва Сингапурда олдинги 3та клуб ўрнига 2та бор. Ливан, Бангладеш, Уммон, Вьетнам, Сурия, Фаластин, Қирғизистон, Мальдив ороллари ва Мьянмадан аввалги мавсум 2тадан клуб бор эди, энди бу мамлакатларнинг 1тадан вакили ўйнайди. Тўғри, Вьетнам мисолида пасайиш «Донг А Тан Хоа» клубининг ОЧЛ-2-да иштирок этишдан бош тортгани ортидан юзага келди. Қизиғи, унинг ўрнини негадир Таиланднинг 4-клуби эгаллади. Нега бундай қарорга келингани юзасидан берилган изоҳни ҳеч қаерда кўрмадим. Фақат ОФК Таиланд томонига бўш ўринни шунчаки, тўлдиришни таклиф этганини тахмин қилиш қолмоқда, холос. Бинобарин, Таи­ланд 4тадан кам клуб билан қатнашиш ҳуқуқига эга мамлакатлар орасида энг юқори ўринда эди. Агар тай клуби турнирга қўйилмаганида, гуруҳ босқичи иштирокчилари сони янада камаярди. Умуман, «Шарқ» зонасида қитъа миқёсидаги турнирларга қизиқиш пастлиги тайин. Дейлик, жами 22та мамлакатдан 6таси турнирларда умуман вакилга эга эмас: КХДР, Макао, Бруней, Гуам, Шимолий Мариана ороллари ва Шарқий Тимор. Бундан ташқари, иштирокдан бош тортган Вьетнам клуби. 

«Ғарб»да эса қизиқиш яққол баланд. Ҳар ҳолда, фақат 3та мамлакат (жами 25та)дан клуб йўқ. Булар - Шри-Ланка, Покистон ва Яман. Ҳатто Афғонистон ҳам узоқ вақтдан буён биринчи марта «Чақирув лигаси»га 1та клуб юбормоқда. Кутилмаганда 4та квота олган Таиланддан ташқари, худди 1 йил аввал бўлгани каби Саудия Арабистони, Эрон, Қатар, Ж.Корея, Япония, Хитой (4тадан), Иордания, Индонезия, Қувайт, Баҳрайн (2тадан), Непал, Бутан, Камбоджа, Лаос ва Мўғулистон  (1тадан) ўз жойини сақлаб қолди. 1та мамлакатда эса (албатта, Афғонистонни ҳисобга олмаганда), клублари сони кўпайди - БАА. Бу ерда ҳаммаси жуда оддий: Амирликлар «Ал-Айн»нинг охирги ОЧЛдаги ғалабаси эвазига қўшимча ўринни қўлга киритишди. Гап шундаки, ғолиб жамоа ички мусобақалар орқали жорий ОЧЛга чиқолмади. Шу маънода айтсак, «Пахтакор»да бу йил мамлакат чемпиони бўлмасдан ҳам келаси мавсум Элит ОЧЛга ўйнашни таъминлаш имконияти бор. Бунинг учун жорий турнирда ғалаба қозониш керак.

***

ОФК ўрнида бўлганимда, «Чақирув лигаси»да жамоаларни «Ғарб» ва «Шарқ» минтақаларига ажратмасдим. Барибир, гуруҳ босқичи марказлашган тизимда ўтказилади. Агар жорий мавсумдаёқ шундай бирлашиш кузатилганида, турнирда роппа-роса 20та клуб иштирок этарди ва уларни 5та гуруҳга тенг бўлиш имкони туғиларди. Шунчаки, «плей-офф»­дан тушиб кетган 2та жамоа ҳам асосий раундга ўтарди - тамом. Бундан ташқари, «Чақирув кубоги»да гуруҳлар сонини 8тага оширардим. Ортиқча жойларни эса ҳозирда квотаси оз мамлакатлар ўртасида тақсимлардим. Биринчи навбатда, атиги 1та клуб билан қатнашаётганларга бериш мумкин. Айни пайт бундай мамлакатлар сони 23та. Эътибор қаратинг, бу ОФК аъзоларининг ярми. Демакки, 23 мамлакатда кубок турниридаги ғалаба халқаро аренада ўйнаш имкония­тини бермайди. Бошқа томондан, бундай таклифни фақат ОФК қўмитаси аъзолари илгари суришлари мумкин, уларда эса бошқача қарашлар мавжуд, чоғи. 

*** 

Ўқувчидан савол: «Элит ОЧЛда жамоалар очколари тенг келса, биринчи навбатда, нималар ҳисобга олинади, ўзаро ўйинлар (агар ўйнаган бўлса)ми ёки голлар нисбати?» Элит ОЧЛ форматига кўра, жамоалар барча рақиблар билан 2 марта ўйнамайди ва баъзилари билан умуман учрашмайди. Шундай экан, ўзаро ўйинларни ҳисоблашдан маъно йўқ. Хуллас, очколар тенг бўлган тақдирда, нав­бати билан белгиланган критерияларга қаралади:

- барча ўйинлардаги голлар фарқи

- барча ўйинлардаги голлар сони

- барча ўйинлардаги ғалабалар сони.

Агар 8-турда ўзаро ўйнаган икки жамоанинг барча кўрсаткичлари тенг келса, 90 дақиқадан кейин дарҳол пенальтилар сериясига мурожаат қилинади. Агар жамоалар ўзаро тўқнаш келмаса ёки тенг очколи иштирокчилар 2тадан ортиқ бўлса, барча ўйинлардаги сариқ ва қизил карточкалар учун жарима очколарини санаш керак бўлади. 

Қизиғи, УЕФАда жамоалар ўринларини аниқлашда ОФКдан бироз бошқача тизимга амал қилинади:

- барча ўйинлардаги голлар фарқи

- барча ўйинлардаги голлар сони

- барча сафар ўйинларидаги голлар сони

- барча ўйинлардаги ғалабалар сони

- барча сафар ўйинларидаги ғалабалар сони

- гуруҳ босқичининг барча ўйинларида рақиб жамоалар томонидан тўпланган очколар сони

- гуруҳ босқичининг барча ўйинларида рақиб жамоаларнинг умумий голлар нисбати

- гуруҳ босқичининг барча ўйинларида рақиб жамоалар голлари сони

- гуруҳ босқичининг барча ўйинларида сариқ ва қизил карточкалар учун энг кам жарима очкоси

- Клублар рейтинги

Европа ЧЛ ва Элит ОЧЛ ўртасидаги яна икки фарқ:

- УЕФАда муайян клуб 1та мамлакатнинг 2тадан ортиқ вакили билан ўйнамайди (ОФК­да мумкин)

- УЕФАда 1та стадиондан фойдаланадиган ёки уй ареналари бир-бирига 50 километрдан яқинроқда жойлашган клублар бир кунда ёки эртасига ўз майдонида ўйнамайди (ОФКда мумкин).

*** 

Айни чоғда Форс кўрфази жамоалари учун Клублар кубоги турнири қайта тикланмоқда. Бу мусобақа охирги марта 2015 йили тўлиқ ўйналган эди. 2016 йилги турнир эса ҳомийлар томонидан қизиқиш йўқлиги туфайли бекор қилинган. Мана, орадан 9 йил ўтиб, турнир қайта тикланмоқда ва унда илк марта Ироқ ва Яман клублари ҳам иштирок этади. Назарий жиҳатдан, ушбу турнир қитъа мусобақаларида қатнашолмайдиган клублар учун яратилган. Ўйинлар ОЧЛ-2 баҳслари қўйилган кунларда бўлади. Қолаверса, Ироқда мамлакат вакилини аниқлаш учун махсус «плей-офф» бос­қичи ташкил этилди. Уммонда йўлланмани миллий кубок ғолиби «Дофар» (чемпионатда атиги 10-ўрин)га беришди. Бу - мамлакатдаги иккинчи муҳим турнир ғолибига ўзига хос компенсация. Чунки унга Осиё турнирлари учун квота ажратилмаган. Яман номидан эса миллий чемпионатда ғолиб чиққан, бироқ лицензияси йўқлиги туфайли қитъа миқёсидаги турнирлардан четда қолган «Ал-Аҳли» қатнашади. Иштирокчилар рўйхати: «Ал-Риффа» (Баҳрайн чемпионатида 2-ўрин), «Духок» (Ироқ чемпионатида 6-ўрин, «плей-офф» ғолиби), «Ал-Қодисия» (Қувайт чемпионатида 3-ўрин), «Дофар» (Уммон кубоги ғолиби), «Ал-Араби» (Қатар чемпионатида 5-ўрин), «Ал-Иттифоқ» (С.Арабистони чемпионатида 6-ўрин), «Ал-Наср» (БАА чемпионатида 6-ўрин), «Ал-Аҳли» (Яман чемпионатида 1-ўрин). Турнир схемаси оддий: 4тадан жамоани ўз ичига олган икки гуруҳ, кейин ярим финал ва 2та ўйинли финал. Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари вакиллари Осиё турнирларининг янги мавсуми таркибидан  ўрин олишмаганини инобатга олсак, минтақамизда ҳам шундай турнир ташкиллаш ҳақида ўйлаш мақсадга мувофиқ.

*** 

Биласиз, Ўзбекистонда 14 сентабрь - 6 октябрь оралиғида футзал бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ўйинларга 3та шаҳар - Тошкент, Бухоро ва Андижон мезбонлик қилади. Табиийки, ташкилий қўмита мамлакатдаги илк жаҳон чемпионатининг барча ўйинларида ареналар мухлислар билан тўлишини истайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, ФИФА турнирининг асосий рақобатчиси - футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати, албатта. Суперлига ва Про лигани ҳеч ким тўхтатишни режалаштирмади ва бу реалликка ҳам тўғри келмасди. Асосий стадиони бузиб ташланган Бухорода футзал бў­йича ЖЧ ўйинлари муқобил вариант йўқлигидан маҳаллий мухлислар эътиборини тортиши керак. Лекин Тошкент ва айниқса, Андижонда Суперлига ўйинлари жаҳон чемпионати баҳсларига тўғри келмаслиги мақсадга мувофиқ эди. Сентябрь ойи тақвимига қарасак, нимани кўрамиз? Тошкентда деярли ҳар куни ЖЧ ўйинлари ўтказилади ва улар 4та санада Суперлига билан мос келган: 16 сентябрь, 20 сентябрь (шу куни Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги 3-ўйинини ўтказади, «Локомотив» эса «Навбаҳор»ни қабул қилади), 21 сентябрь ва 25 сентябрь). Чидаш мумкин. Аммо Андижонда вазият анча ёмон. ЖЧ баҳслари учун атиги 5 кун ажратилган, бироқ «Андижон»нинг бу даврдаги ҳар икки уй учрашуви ҳам шу саналар (15 ва 25 сентябрь)га тўғри келмоқда. Дейлик, мен Андижонда Суперлига ўйинини кўрмоқчиман, лекин «Қўйсангиз-чи...» дейишади. Мен-ку майли, лекин мухлислар, мутахассислар ва вилоят раҳбарлари «Андижон» ёки ЖЧ ўйинларидан бирини танлашга мажбур бўлишади. Ҳа, режалаштириш ПФЛ одатига кирмайди...

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»