Бу борада «Реал» ўзгача ғайрат-шижоат кўрсатди ва айнан ўзига мос футболчини топди. 2022 йилда «Челси»даги шартнома муддати тугаган сьерра-леонелик немис Лондонда нима қиларини билмай, зерикиб юрганди. Саҳоватпеша Флорентино Перес унга 4 йиллик шартномани таклиф этди. Орадан 2 йил ўтгач, ўша футболчи дунёдаги энг яхши ҳимоячиларнинг бири сифатида Евро-2024да тўп сура бошлади. Бу футболчи Антонио Рюдигер эди.
Рюдигер «Реал»да
Испания пойтахтига ўтгач, Тони ўзининг турмуш тарзини ўзгартирмади. Яъни, футболдаги бош югурдак ролини давом эттирди: таркибга жуда тез мослашиб, янги жамоадошлари билан ўзига хос услубда таниша бошлади. Бунинг хавотирли ери йўқ - Рюди ўз меҳр-муҳаббатини шу тариқа изҳор этади. Фикримизни беллингемнинг эътирофи тасдиқлайди: «Жамоамизда гол урган футболчи Тонидан бир неча шапалоқ ейди. Бу унинг мамнунлигини англатади».
Умуман олганда, Антонио ўта самимий ва ҳазилкаш йигит. Охирги ЕЧЛ финалидаги ғалабани нишонлаш жараёнида у қувончини яшира олмади: Начо тореадор ролини ижро этди, Тони эса унинг итоаткор ҳўкизи бўлди.
Ажабтовур саҳна, лекин ўта қувноқ!
Мадриддаги фаолиятида қаҳрамонимиз фақат 2023|24 йиллар мавсумида асосий таркиб аъзосига айланда. Бунгача Анчелотти Милитао-Алаба дуэтига ишонч билдирган, Тони захира ўйинчиси эди. Лекин майдонга тушганида, доимо ишончли ўйин кўрсатган. Масалан 2022|23 йиллар мавсумидаги ЕЧЛ ярим финалида Эрлинг Холандга қарши мастер-класс намойиш этганди. Афсуски, жавоб учрашувида уни захирада қолдиришди, Эрлинг эса эмин-эркин тўп сурди.
Тони кейинги мавсумни ҳам захирада ўтказиши мумкин эди. Бироқ Милитао билан Алаба «крестлар» туфайли жамоани тарк этишди, Тони эса Начо ва Тчуамени билан ҳамкорликда ўйнади ва ишончни оқлади. Якунда «Реал» 38та турда атиги 26та гол ўтказиб юборди. Рюдигер замонавий ҳимоячи мақомида тўп суради: тезкор, босим остида ўзини йўқотмайди ва самарали ҳужумлар уюштиради. Жорий мавсумда у 7та самарали узатмани амалга оширди. 2021|22 йиллар мавсумида ассистлар кўпроқ эди, лекин у пайтда Рюди марказий ҳимоячилар учлигида ўйнаган ва ҳужумда кўпроқ иштирок этганди.
Рюдигер - «подкатлар» устаси
Ҳозирда мураббий ва футболчилар имкони борича «подкат» усулидан фойдаланмасликка интилмоқдалар: «Подкат»га киришдингми, демак, хатога йўл қўйдинг». Тони учун эса, фарқи йўқ. Кўпинча у ўз жамоаси дарвозаси томон йўлланган узатмаларни шу усул орқали тўхтатади, баъзан тўп билан келаётган рақибига яқинлашиб, оёқлари остидаги тўпни тепиб юборади.
Рюдигернинг жасурлигини тасдиқлайдиган яна бир жиҳат - ЕЧЛдаги «Манчестер Сити»га қарши учрашувнинг пенальтилар сериясида «нуқта»га дадил яқинлашгани. Тони зарбани голга айлантирди, Анчелотти эса шундай бўлишига шубҳа қилмаганлигини билдирди: «Манчестердаги ўйиндан аввал Антонио 3 марта 11 метрли зарбани аниқ амалга оширганди. Баъзан натижа ўйинчининг маҳоратига эмас, ўзини қандай ҳис этаётганига боғлиқ бўлади».
Дон Карло Рюдигерни фақат пенальтилар учун ардоқламайди. Январь ойида мураббий жамоанинг энг куюнчак югурдагига шундай таъриф берганди: «У рақобатчиларининг жароҳат олишганидан фойдаланиб қолди. Энди барқарор ўйин кўрсатмоқда, доимо дуэлга шай. Антонио - хавфсизлигимиз тимсоли».
Рюдигер терма жамоада
Антонионинг терма жамоадаги феъл-атвори клубдагидан фарқ қилмайди. Бундан бир неча кун аввал ОАВда ҳимоячи билан ҳужумчи Никлас Фюллькруг очиқ машғулот пайтида жанжаллашиб қолишгани ҳақида хабарлар чоп этилганди. Тонининг ўта қўпол «подкат»ига чидай олмаган Никлас ҳимоячига яқинлашиб, орани очиқ қилишга киришганди. Можаро тезда бартараф этилди: Фюллькругни майдон четида югуришга жўнатишди, тез орада жамоадошлар ижтимоий тармоқлар орқали бир-бирларидан узр сўрашди.
Рюдигер тимсолида Юлиан Нагельсманн ҳимоя чизиғининг ҳал қилувчи ўйинчисини кўрмоқда. Тони янги бош мураббий раҳбарлигида Бундестимнинг 8та ўртоқлик учрашувидан 7тасида майдонга тушди - агар ЕЧЛнинг финали бўлмаганида, у Украинага қарши ўйинда ҳам албатта, майдонга тушган бўларди.
Терма жамоанинг ҳимоя марказида Антонио Жонатан Та билан ҳамкорликда тўп суради. Нагельсманни фақат улкан бўшлиқни ишончли қўриқлашга қодир бўлган жасур ва чаққон марказий ҳимоячилар қониқтиради. Айнан шу сабабли мураббий Хуммельс номзодидан воз кечди. Қолаверса, Юлиан Тонининг ашаддий мухлиси эканлигини ҳеч кимдан яширмайди. 2021 йилда у ҳимоячини «Бавария»га олиб келиш режаси устида бош қотирган, Евро-2024 арафасида эса Тони Бундестим таркибида бўлишини тасдиқлаганди.
Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, Нагельсманн Германияда гегенпрессинг отаси ҳисобланадиган Рангникнинг мухлиси. Рюди эса айнан шу услуб учун яратилган футболчи. Тотал прессинг тажовузкорликка асосланган усул. Тони эса ўзининг эпчил ва тезкор ҳаракатлари билан рақиб ҳужумчиларини гангитиб қўяди. Бундестим тўпни эгаллагач, 3 нафар марказий ҳимоячи схемасига ўтади. Бунда Тони ҳужумни бошлаш учун олға интилади, Кроос эса унинг ўрнига чекинади. Мавсумнинг якуний палласида Анчелотти ҳам шу услубдан фойдаланади.
Ана шу қайта шаклланиш жараёнида Рюди ўнг қанотга силжиб, ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Чунки Киммих олдинга ўтиб кетганида, у бемалол икки баравар кўпроқ иш бажаришни уддалайди.
Лекин 14 июль санасида поёнига етган Евро-2024 нафақат қаҳрамонимиз, балки турнир мезбони бўлмиш Бундестим учун ҳам омадсиз якунланди, жамоа чорак финалда Испания терма жамоасига имкониятни бой берди. Унинг ортидан французлар ҳам ярим финалда ҳисобни очган ҳолда, якунда «Қизил фурия»дан енгилишди. Нима ҳам дердик, майдон текис, тўп думалоқ.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади