Скотт Мактоминей: "Наполи" чақируви ичимга ўт солди"
«МЮ»га сиғмаган Скотт Мактоминей «Наполи» сафига қўшилганидан кейин илк интервьюни Неаполь шаҳри расмий каналига берди ва унда ўз танловини тушунтириб берди:
Бир пайтлар Иско «Малага»да Мануэль Пеллегринидан олган сабоқлари эвазига сайёрамизнинг энг ноёб иқтидорларидан бири сифатида «Реал»га йўл олганди
Энди тақдир уларни «Бетис»да мукаммал жуфтликка айлантирди. 31 ёшли испаниялик футболчи бир йил ишсиз юрганига қарамасдан, жорий мавсумни фантастик тарзда бошлади: қаторасига 4 марта ўйиннинг энг яхши футболчиси мақомини олди: «Виьярреал» (ҳатто гол ҳам урди), «Атлетико», «Атлетик» ва «Райо Вальекано». Буларнинг барчаси - Пеллегрини меҳнатининг самараси.
Иско ўз мураббийини футболдаги отаси, деб ҳисоблайди - усиз интизом бобида муаммоларга дуч келарди. Пеллегринига қадар футболчининг ишлари юришмади: 19га чиққунга қадар у «Валенсия»нинг асосий таркибида атиги 7 марта майдонга тушди, қолган вақтини иккинчи жамоада ўтказди. Ҳа, болалар савиясидан ўтган, лекин катталар футболига тайёр эмасди.
Иско ўзининг «Валенсия»даги дебютини 2010 йилда, «Логроньес»га қарши кубок мусобақасида 2та гол уриш билан нишонлаганди. Ўринбосарлар жамоаси мураббийи Висенте Мир шогирдининг муваффақиятидан қувониш ўрнига аксинча, ғамгинлик билан фикр билдирганди: «Ажойиб ўйиндан кейин уни асосий таркибга олишади, энди уни ҳеч қачон кўрмайман».
Бироқ асосий жамоани бошқарган Унаи Эмери унинг иқтидорини муносиб баҳоламай, жуда кам чақирарди. Мураббий ишончини қозониши керак бўлган Иско эса машғулотларни ўтказиб юборарди. Айнан шу паллада у Пеллегрини тасарруфига ўтган қадрдон клуби - «Малага»га ўтиш имкониятига эга бўлганди. Айнан шу мураббий даврида Иско илк бор мавсумни асосий таркибда ўтказди, 9та самарали узатмалари эса мураббийда дангаса, лекин ўта иқтидорли шогирдига нисбатан меҳр уйғотди.
Шу тариқа юзага келган доимий алоқа чоғида мураббий Искони тарбиялашга киришди ва табиийки, ишни интизомдаги муаммолардан бошлади. 2011/12 йиллар мавсумида футболчи 7та сариқ ва 2та қизил карточка олгани учун мураббий уни захирада қолдириш ёки умуман, рўйхатга киритмаслик билан жазолай бошлаганди. Бундан футболчининг жаҳли чиқиб, хафа бўлсада, жазо самара бера бошлади - кейинги мавсумда четлатишлар бўлмади, сариқ карточка эса 2тага камайди.
ИП жуфтлигининг энг самарали ҳамкорлиги 2012/13 йиллар мавсумида кузатилди: ёрқин ўйинларни намойиш этган «Малага» ЕЧЛда чорак финалга чиқди. 2012/13 йиллар мавсумини 6-ўринда якунлаган «Малага» молиявий муаммолар туфайли еврокубок мусобақаларида қатнаша олмади. Лекин ички чемпионатда «Валенсия», «Реал» ва «Севилья»ни маҳв этганди. Эътиборлиси, «Реал»га қарши ўйинда (3:2) ҳисобни айнан Иско очганди. 6-ўрин - «Малага» тарихидаги иккинчи яхши натижа: ундан яхшироқ натижани бир йил аввал қайд этганди.
Иско 4-2-2-1-1 схемасида Хоакин билан эркин мусаввир ролини адо этган. Лекин турли вазифаларни бажаришган: Иско кўпинча диагонал бўйича ҳаракатланиб, қанотда устунликни таъминлар ёки марказдан зарба йўлларди.
Пеллегрини Иско услубидаги ўйинчиларни хуш кўрарди: «Моҳир ўйинчилар эпчил тўп суришади, улар майдонни ўзгача ҳис этадилар. Бундай ўйинчилар бир йилда 2-3 марта тўпни йўқотадилар, холос».
Мануэль ўнликларни ёқтиради. У ўйинни тўпга эгалик қилиш асосида ташкил этади. Бироқ қоидалари Гвардиола ва Кройфф услубларидан фарқ қилади. Чилилик мутахассис схемасида тўп узатишнинг 2-3та вариантлари доимо бўлади. Пеллегринининг асосий ақидаси - тўпга эгалик қилаётган футболчи шошмайди, ўйлайди. қолган барча ўйинчилар тез ҳаракатланадилар. Мураббий услубида Европага хос тезкорлик ва талабчанлик, Лотин Америкасига хос маҳорат уйғунлашган. Ҳар қайси ҳужум ҳаракати аввалгисини такрорламайди: ҳимоядан ҳужумга ўтиш билан ижодкорлик бошланади.
2012 йил якунида Иско йилнинг энг яхши ёш футболчисига бериладиган Golden Boy мукофотини қўлга киритди. У Мануэлни футболдаги отаси сифатида эътироф этиб, ҳатто «Манчестер Сити»га ўтмоқчи бўлганди: «Мени яхши кўришини биламан, албатта у билан ҳамкорликни давом эттиришни истайман. Чунки у доимо менга ишонч билдирган».
«Малага»ни тарк этганидан кейин, Пеллегрини Искони соғиниб қолганлигини тан олди: «Уни ўз ўғлимдек яхши кўраман. У билан ишлай олганимдан мамнунман. Иско янада мукаммал савияга кўтарилишига аминман: куч-қувват ва навқиронлик, ақлли ўйин бунга ёрдам беради».
Юксак савия Искони Мадридга олиб келди. Пойтахтликлар ноёб бриллиантни топиб олгандек қувонишди. Иско ҳаммани мафтун этганди. Дастлабки мавсумларда мамлакатнинг келажаги порлоқ иқтидорларидан бири харидорлар қуршовида қолди: «Ливерпуль», «Милан», «Севилья», ҳатто Пеллегринининг «Манчестер Сити»си ҳам ярим ҳимоячини ўзига чорлади. Бироқ Иско чўққиларни «Реал» билан забт этишга қарор қилди ва бошқа вариантларни қатъиян рад этди.
Дебют мавсумида футболчи рисоладагидек тўп суриб, ротацияда ўз ўрнига эга бўлди. 11та гол ва 9та ассистни амалга оширгач, уни Андрес Иньестага қиёслай бошладилар. Лекин Иско кескин жавоб қайтарди: «Бу мен учун улкан шараф. Бироқ мен «Реал» тарихида ўз саҳифамни ёзмоқчиман».
Иско узоқ йиллар давомида мадридликларнинг муҳим ўйинчиси бўлишни мўлжаллаганди, ўз вазифасини муносиб адо этса, юлдузли таркиб ҳам унинг жаҳон миқёсига кўтарилишига тўсиқ бўла олмаслигига ишонганди. Бироқ тез орада жамоа механизмида қандайдир носозлик юзага келди: Искони захирага олишлар кўпайиб кетди, орзулари пучга айланди. Кейин жароҳатлар халал бера бошлади, ортидан интизом борасидаги муаммолар яна бош кўтара бошлади. Бошқа жамоаларда тўп суриш имконияти пайдо бўлганида, футболчи кетишни истамади. Ҳатто азалий рақиб - «Барселона» таклифини ҳам қабул қилмади. Якунда футболчи амалдаги шартномаси муддатини узайтирди. Лекин мураббийнинг тўлиқ ишонч билдирмаслиги оқибатида Иско аввалги савиясини тиклай олмади ва Мадриддаги охирги мавсумини ўта ачинарли натижа (17та ўйинда 2та гол ва 1та асссист) билан якунлади. Ҳатто эски қадрдони Хулен Лопетеги ҳам ёрдам бера олмади.
2018 йилнинг июнидан октябрига қадар клубда ишлаган Испания ёшлар жамоасининг мураббийи Лопетеги ҳам доимо Искога ишонч билдирган ва ўйинни унинг атрофида уюштирарди. Айнан унинг даврида ярим ҳимоячининг савияси ўз чўққисига чиқди. Марко Верраттининг ўша пайтдаги эътирофи қуйидагича: «Искога қарши курашларда қийналиб кетдим. Унинг ўйини мени лол қолдирарди. Ҳатто Месси ҳам бундай савияни намойиш эта олмаган».
Футболчининг ўзи Лопетегининг хизматларига юксак баҳо берганди: «Мураббийнинг менга берган имкониятлари юксак ишончдан далолат беради. Бундай муносабат кучимга куч қўшиб, ўзимга бўлган ишончни оширади».
Пеллегрини Искони ўтган йил апрелида «Бетис»га чорлаган, томонлар келишувга яқин турган паллада негадир трансфер амалга ошмай қолди ва футболчи Лопетегининг «Севилья»сига йўл олди. Бироқ ўша йил октябрида мутасаддилар Лопетегини истеъфога чиқаришди, Хорхе Сампаоли билан эса Иско тил топиша олмади. 2022/23 йиллар мавсумидан кейин футболчи «Унион» таклифини рад этди ва тез орада орзиқиб кутган таклифини олди - уни шахсан Пеллегрини «Бетис»га чақирди.
Орзунинг рўёбга чиқиши йўлида Иско хорижий клублардан воз кечди, Мадриддаги (7 млн. евро) ва Севильядаги (5 млн.) маошларини камайтирди ва футболдаги отаси ҳузури йўл олди. «Бетис»даги асосий мотивация - жамоанинг энг порлоқ юлдузи мақомини такроран қўлга киритиш. Яъни, идеал жуфтлик - ИПни улаш!
Содиқ СОБИР тайёрлади
«МЮ»га сиғмаган Скотт Мактоминей «Наполи» сафига қўшилганидан кейин илк интервьюни Неаполь шаҳри расмий каналига берди ва унда ўз танловини тушунтириб берди:
- Лионель Месси Америка кубоги финалини ўтказиб юбормаслиги учун унга сариқ карточка кўрсатмаганман ва эвазига футболкасини сўраганман - бу чилилик 59 ёшли собиқ ҳакам Карлос Чандиянинг кутилмаган иқрори
- Афсуски, ҳатто футболдан ташқарида ҳам кўп чекаман, жуда кўп. Янги мавсум бошланиши билан футболга қайтиш истагим янада кучайди...
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789