Эътироф: «Қарғалар» парвозига қаранг

Эътироф: «Қарғалар» парвозига қаранг

«НЬЮКАСЛ»НИНГ ЮҚОРИЛАШИ 10та ФАКТДА.

 Ҳимоя, фарқ, тушиб кетмаслик кафолати. «Ньюкасл» бош мураббийи Эдди Хау декабрь ойида қатъий оҳангда гапирганди: «Ҳаммаси ўз қўлимизда. Ҳа, мавсумнинг иккинчи ярми қийинроқ кечиши тайин, лекин бу табиий ҳолатдир. Муҳими, бизда ишонч кучли ва катта чорловларни қабул қилишга тайёрмиз». Афтидан, «Ньюкасл» чиндан ҳам, тараққиётнинг янги босқичига киришган кўринади. Ҳар ҳолда, «қарғалар» ҳозирда АПЛ турнир жадвалининг 3-қаторида боришмоқда. Қуйидаги 10та қисқа факт эса «Ньюкасл»нинг жорий мавсум дарҳақиқат, зўр ўйнаётганига далолат беради.

1). «Ньюкасл» АПЛда қаторасига 6та ўйиндан буён гол қўйиб юбормаяпти. «Қарғалар» чемпионатда охирги марта ўтган йилнинг 6 ноябрь куни «Саутгемптон» билан баҳсда гол қабул қилишганди.

2). «Ньюкасл» жорий мавсум атиги икки ўйинда 1тадан кўп гол қўйиб юборди. Булар ҳам август, яъни чемпионат стартида кузатилганди: «Манчестер Сити» (3:3) ва «Ливерпул» (1:2)га қарши баҳсларда. Ўз йўлида дуч келган рақибни услуб жиҳатидан йўқ қилаётган «Арсенал»га эса гол уриш имконияти берилмади.

3). «Ньюкасл» АПЛда қаторасига 15та ўйиндан буён мағлубият нималигини билмаяпти - бу клуб тарихидаги рекорд серия. «Қарғалар» август охирида «Ливерпул»га ютқазишганидан кейин 9та ғалаба ва 6та дуранг қайд этишди.

4).  «Ньюкасл» АПЛда охирги марта сентябрь ойи ўрталарида «Борнмут» билан баҳс (1:1) давомида ҳисобда ортда борди. Биринчи бўлимда эса охирги марта август охирида гол қўйиб юборганди: «Вулверхэмптон» билан учрашув (1:1)да.

5). «Ньюкасл» парвозининг асосий калити - ишончли ҳимоя. Жамоа АПЛ доирасидаги 20та ўйинда атиги 11та гол қабул қилди - бу чемпионатдаги энг яхши натижа. Дарвоқе, «қарғалар» ўтган мавсум атиги 4та турда шунча гол қўйиб юборишганди. 

6). «Ньюкасл»да голлар нисбати }22ни ташкил этмоқда. Жамоа мавсум-2013|2014дан буён АПЛда ижобий фарқ қайд этмаганди. «Қарғалар» ўшанда атиги }5 натижасига эришишганди.

7). Олдинги мавсумларга нисбатан муҳим қиёс: «Ньюкасл» қуйи дивизионга тушиб кетмаслик масаласини деярли ҳал қилди. Ҳар ҳолда, мавсум-2010|2011дан буён камида 39 очко тўплаган бирор жамоа элита билан хайрлашмади.

8). Яна бир яхшигина белги: мавсум-1995|1996дан буён чемпионат ярмига кучли тўртликда етиб келган жамоаларнинг 89 фоизи якунда ўз позициясини йўқотмаган. Қолаверса, фақат 6 фоиз жамоагина финишда юқори олтиликдан тушиб қолган.

9). Дарвозабон Ник Поуп - юксалиш қаҳрамонларидан бири. Англиялик футболчи АПЛнинг энг яхши дарвозабонига аталган «Олтин қўлқоп» соврини - сари дадил қадам боммоқда: ҳозирча ҳисобида 12та «қуруқ» ўйин бор. Поупнинг бу борадаги энг яқин таъқибчиси Аарон Рэмсдейл («Арсенал»)да 9та «қуруқ» ўйин бор. Яна бир томони шуки, охирги 10 йил давомида дарвозабонларнинг асосий индивидуал соврини классик топ-6 таркибига кирувчи клублар вакилларидан ортмаган ва Поуп ушбу анъанани бузиш учун етарли имкониятга эга. 

10). Бонус: бугунги «Ньюкасл» ўзига хос омад манбаига эга - ҳимоячи Свен Ботман (албатта, майдондаги эффектли ҳаракатлари туфайли). Диққат, Ботман майдонга тушган 17та ўйинда «қарғалар» бирор марта мағлубиятга юз тутишгани йўқ.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади