Гап фақат 19 йил ЕЧЛнинг яқинига йўламаган «Спарта»нинг энди 1-турдаёқ «РБ Зальцбург» дарвозасига 3та жавобсиз гол урганида эмас. Чехларнинг бир йўла 4 жамоаси еврокубок мусобақаларининг асосий босқичига чиқди. Ҳатто барча - 5та жамоа ҳам чиқиши мумкин эди. ЕКЛ турнири саралашида «Баник» бундан атиги ярим йил аввал ЕЧЛнинг плей-офф босқичида ўйнаган «Копенгаген»га фақат пенальтилар сериясида имкониятни бой берди.
Шунингдек, Чехия ўз тарихида биринчи марта 2та клубининг энг нуфузли турнирдаги иштирокига гувоҳ бўлишига яқин турганди. Саралаш босқичининг ҳал қилувчи беллашувида кўплаб хавфли вазиятларга эга бўлган «Славия» қандайдир мўъжиза туфайли «Лилль» дарвозасига 3-голини ура олмади. Аввалига Зафейриснинг 2та зарбасини дарвоза тўсини бартараф этди. Кейин французлар қўшимча вақтда дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолдилар. Агар «Славия» битта гол урганида, 3:1 ҳисоби «Лилл»ни кейинги босқич йўлланмасидан маҳрум қиларди.
Шунга қарамасдан, 5та чех клубининг умумий кўрсаткичи бугунги ҳолат бўйича Чехиянинг етакчи бўлишини таъминлади. Эслати ўтамиз, ЕЧЛнинг янги регламентига биноан, энг яхши коэффициентга эга бўлган 2 мамлакатга турнирда 1та ўрин қўшиб берилади.
Ҳозирда рейтинг қуйидагича кўринишда:
Чехия - 6,300;
Португалия - 5,800;
Франция - 5,214;
Германия - 5,00;
Италия - 4,875;
Англия - 4,857;
Словения - 4,625.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, мавсумни топ-2да якунлаш имконияти Чехияда жуда кам. Турнирлар топ-лигалар вакиллари кейинроқ очко жамағаришларига мўлжалланган: амалда улар саралаш босқичларида иштирок этмайдилар, лекин балларни плей-офф баҳсларининг сўнгги босқичига қадар тўплайдилар. Бир йил аввал рейтингда пешқадамлик қилган Туркия мавсумни 8-ўринда якунлагани бунга мисол бўла олади.
Бироқ нима бўлганда ҳам, Чехия клубларининг шиддати яққол сезилиб турибди. «Чемпионат» 15 йилни Чехияда ўтказган ва аввал «Слован» клубида, кейин «Дукла»да мураббий-аналитик сифатида иш юритган, ҳозирда Кипрнинг «Арис» клубида бош аналитик мақомида ишлаётган Юрий Динабурскийга мурожаат қилди. Мутахассис Чехия клублари муваффақиятининг сабабларини қуйидагича изоҳлади.
1. «Мен УЕФА рейтинглари воқеликни тўлиқ акс эттирмайди, деган бўлардим. Топ-лигалар тўртлиги савия жиҳатидан сезиларли даражада илгарилаб кетишди. Улар орасида қудратли бюджетга эга АПЛ бор. Ўйлашимча, Франция тобора улардан ортда қолиб, Нидерландия, Бельгия ва Португалияга яқинлашмоқда. Топ-тўртлик шиддат билан узоқлашмоқда, бошқа лигалар ўртасидаги тафовут катта эмас. Чехия учун рақобат осонлашиб қолди - чемпионатлар савияси тенглашмоқда. Еврокубок мусобақаларида Россия клублари йўқ, Украина билан Сербия сифат борасида чўкиб қолди».
2. «Ниҳоят, «Спарта» трансфер ва клуб бошқаруви тизимини тўғри йўлга қўйди. Бундан 4-5 йил аввал «Славия»нинг яккаю-ягона рақобатчиси молиявий имконияти заиф бўлган «Виктория Пльзен» эди. Энди чемпионлик учун жиддий кураш кечмоқда. Лига учун ўта муҳим ижобий ўзгариш. «Спарта» мамлакатнинг энг бадавлат кишининг тасарруфида. «Вест Хэм»нинг акциялар пакети ҳам унга тегишли, чехиялик Цоуфал ва Соучек шу жамоада тўп суришмоқда. Спорт директори лавозимига Томаш Росицки келганидан кейин, «Спарта» қудратли бюджет кўмагида ишни тўғри йўлга қўйди ва узоқ танаффусдан кейин охирги икки мавсумда чемпионликка эришди».
3. «Яна битта муҳим омил - чех футболининг ўзига хос хусусияти. Лига узоқ вақт давомида ёпиқ эди. Хорижлик футболчилар яқинда очиқ-ойдин кела бошладилар. Натижада клублар ва терма жамоаларда ўз услуби шаклланди. Эҳтимол, чех футболи техник жиҳатдан кучли эмасдир. Лекин чаққонлик ва куч-қувват бобида бошқалардан кам эмас. Футболчилар узоқ вақт давомида савияни туширмаган ҳолда тўп сура оладилар. «Славия» ҳар қандай рақибдан ўзиб кетишга қодир, агарда у топ-4 вакили бўлмаса. Анча йиллардан бери жамоалар таркибни шу йўсинда тайёрлашади ва уни энг тўғри йўл, деб билишади. Бошқа маҳаллий клублар ҳам шу йўналишда иш юритадилар. Чунки битта трансфер йиллик бюджетни барбод қилиши мумкин. Мисол учун айтганда, шартли «Теплице» клуби ўз ўйинчиларини академиядаги давридан бошлаб «Славия»га тайёрлаб беришни 1-ўринга қўяди. 40-50 млн. евроли бюджети бор жамоа эса еврокубок турнирларига доимо шай ҳолатда.
Айнан шу услуб билан «Млада» Литванинг «Трансинвест», Венгриянинг «Пакш» жамоаларини осонликча маҳв этди. Ҳеч бўлмаганда, битта яққол устунликка эга бўлган жамоа саралаш босқичида муаммога дуч келмайди. «Млада» ўзининг тезлиги ва умуман, юксак атлетизми билан ажралиб туради. «Баник»ка эса, қуръада омад кулиб боқмади. Агар у «Копенгаген»га дуч келмаганида, шубҳасиз, ЕКЛнинг асосий босқичида ўйнаган бўларди».
Содиқ СОБИР тайёрлади