FIFA THE BEST СЎРОВИ: Ким кимни ёқлади?

FIFA THE BEST СЎРОВИ: Ким кимни ёқлади?

ФИФА СЎРОВИ НАТИЖАЛАРИГА ЗИМДАН НИГОҲ.

27 февраль куни Париж гала-оқшоми Лионель Мессини яна бир бора ол­қишлади - аргентиналик даҳоча FIFA The Best сўровида Килиан Мбаппе ва Карим Бенземани ортда қолдириб, ФИФА талқини бўйича 2022 йилнинг энг яхши футболчиси бўлди. Эслатиш керак, халқаро футбол ташкилотининг асосий индивидуал соврини соҳиби жаҳон миллий жамоалари бош мураббийлари ва сардорлари, шунингдек, журналистлар (1та ассоциация номидан бир киши) иштирокидаги сўров воситасида аниқланади. Бундан ташқари, мухлислар овози ҳам инобатга олинади. Қисқаси, сўровда ҳар бир сегмент улуши умумий баллнинг 25 фоизини ташкил этади. Энди жараённинг энг қизиқарли нуқталарига эътибор бурсак бўлаверади.

Алабадан «қилмиш»и учун изоҳ
Австрия миллий жамоаси сардори Давид Алаба ўз анкетасида Лионель Мессини клубдоши Карим Бенземадан олдинга қўйди. Оқибатда у «Реал» мухлислари нафратига учради. Ҳаттоки, ижтимоий тармоқларда  # AlabaOut хэштеги остида Алабани «Мад­рид»дан кетишга чақиришди. Натижада Давид ўз «қил-миш»ини алоҳида тушунтиришга мажбур бўлди: «Аслида сўров натижаси бир ўзим эмас, бутун Австрия термасиники. Яъни жамоа ичида алоҳида сўров ўтказдик ва барчанинг овози бўйича Месси 1-ўринни эгаллади. Бор гап шу. Ўтган йили Бензема ўйинларидан нақадар ҳайратланганимни ҳамма билади, жумладан, Каримнинг ўзи ҳам. Қолаверса, ҳамиша уни жаҳоннинг биринчи рақамли ҳужумчиси сифатида мақтаб келганман. Ҳозир ҳам бу борадаги фикрим ўзгармаган».

Месси танлови: Неймар, Мбаппе, Бензема

Янги ва эски лауреатнинг ўзи овоз беришда нафисликни ўрнига қўйди. Яъни 1-ўринни Неймарга берди, кейинги поғоналарга Килиан Мбаппе ва Карим Бенземани жойлаштирди. Демак, Лео учун «Барса»да бирга ўйнаган амалдаги клубдоши ва дўсти яхшироқ ҳамон. Қолаверса, бу тактик юриш ҳам. Ҳар ҳолда, аргентиналик юлдуз бу сафарги сўровда асосий рақиблари саналган икки футболчига юқори баллни раво кўрмади, Нейман эса якунда атиги 9-ўринни эгаллади. Мессининг мураббийлар ва дарвозабонлар йўналишида ўз ҳамюртларини ёқлагани ҳам эътиборга молик - Лионель Скалони ва Эмилиано Мартинес. Биласиз, якунда ҳар иккиси ўз номинациясида ғалаба қозонди. Лео­га боғлиқ яна бир қизиқарли факт: у мухлислардан нақ 1,35 миллион овоз олди. Бу Мбаппеникидан 391 минг ва Бенземаникидан 200 минг кўпдир.

Даличдан «бойкот»

Хорватия миллий жамоаси бош мураббийи Златко Далич ҳеч кимга овоз бермади, аксинча, ўз шогирдларига нисбатан ҳурмат талаб қилди - ғайриоддий норозилик ҳаракати. Охирги 2та ЖЧда хорватларни финал ва ярим финалга олиб чиққан мураббий ФИФАни ўз жамоасига нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлганликда айблади. Далич айниқса, дунёнинг энг яхши 14 нафар футболчиси рўйхатига Хорватиядан биргина Лука Модрич киритилганини ҳақорат ўрнида қабул қилди: «Агар Испания, Бразилия, Англия ёки германиялик футболчилар ва мураббийлар бизникидек натижа қайд этишганида, улар имкони бор барча совринларга даъвогарлар рўйхатидан жой олишарди. ФИФАдан бизга тўғри муносабатда бўлишини талаб қилишга ҳақлиман. Жамоам, футболчиларимиз ва шахсан ўзимга ҳам. Ахир бизда охирги икки ЖЧ медаллари бор ва эътирофга лойиқмиз». Хорватия термаси сардори Лука Модрич эса Бенземани 1-ўринга қўйди, Месси ва Мбаппени кейинги қаторларга.

Энг эътиборли нуқталар

** Криштиану Роналду сўровда қатнашмади, унинг ўрнига Португалия термаси сардори сифатида овоз берган Пепе эса Мессини очкосиз қолдирди. «Порту» ҳимоячиси учлиги: Мбаппе, Модрич, Бензема. Дарвоқе, Криш 2007 йилдан буён илк марта ФИФА тал­қинидаги дунёнинг энг яхши футболчилари рўйхатидан четда қолди.

** Мессидан ташқари, Бразилия терма жамоаси вакиллари - Тьяго Сильва (сардор) ва Тите (бош мураббий) ҳам Неймарни 1-ўринга муносиб кўришди. Умуман, бразилиялик юлдуз атиги 3та анкетада энг юқори балл олди.

** «Реал» вакили Винисиус Жуниор бирнига сардор томонидан 1-ўринга жойлаштирилди. Бразилияликни ёқлаган футболчи - бу Муҳаммад Салоҳ. Эҳтимол, мисрлик ҳужумчи бунда бразилиялик футболчининг «Ливерпул»га қарши 4та ўйинда 5та гол ва 1та самарали узатма қайд этганига эътибор қаратгандир. Винисиус шунинг­дек, фақат яна 2та анкетада 1-поғонани эгаллади. Аниқроғи, Камерун ва Соломон ороллари номидан овоз берган журналистлар техник салоҳияти юқори бразилияликни энг яхши футболчи сифатида кўрсатишди. Бегона миллий жамоалар мураббийларидан эса ҳеч ким Винисиус Жуниорни юқори поғонага муносиб кўрмади.

** Муҳаммад Салоҳнинг ўзи эса фақат Миср термаси бош мураббийи Руи Витория анкетасида 1-ўринни эгаллади. «Ливерпуль» тўпурари шунинг­-дек, клубдошларидан ҳам очко олди: Виржиль ван Дейк уни иккинчи (Месси ва Кевин де Брюйне ўртасида), Эндрю Робертсон эса учинчи (Месси ва Мбаппедан ке­йин) футболчи сифатида кўрсатди. Яна бир қизиқ ҳолат: ван Дейк, Салоҳ ва Робертсон «Бавария»га ўтиб кетган Садио Манега овоз беришмади. Ҳаттоки, Сенегал термаси бош мураббийи Алиу Сиссе ҳам Манени Мбаппе ва Ҳакимидан кейинги ўринга жойлади. Шунда ҳам сенегаллик Салоҳдан кўпроқ овоз тўплади ва якуний рейтингда 6-бўлди (Салоҳ эса 14 нафар номзод орасида 14-ўрин билан кифояланди).

** АПЛда гол уриш бўйича рекордларни янгилаётган Эрлинг Холанд сўровда 1-ўринни эгаллаш борасида «муаммо»га йўлиқди. «Манчестер Сити» голеадорини атиги 6 киши танлади: «Зальцбург»даги собиқ клубдоши, венгриялик Доминик Собослаи, Греция термаси бош мураббийи Густаво Пойет, Гонконг жамоасини бошқараётган норвегиялик Йорн Андерсен, Малави термаси устози, шунингдек, Франция ва Виржиния ороллари номидан овоз берган журналистлар. Норвегия вакиллари эса Эрлингни 2-3-ўйинга лойиқ топишди. Миллий жамоа сардори Мартин Эдегор ва журналист Мортен Педерсен уни Мессидан орқага жойлаштирган бўлсалар, бош мураббий Столе Сольбаккен асосий шогирдига 3-ўринни раво кўрди (Месси ва Мбаппедан кейин). Аммо Эрлинг кўплаб анкеталарда 2-3-ўринларда қайд этилгани ҳисобига умумий рўйхатда 5-ўринга кўтарилди. Қаранг, ЖЧда иштирок этмай ва ЧЛда ғалаба қозонмасдан ҳам шундай юқорилаш мумкин.

** Испания термасининг янги бош мураббийи Луис де Ла Фуэнте ўз анкетасидаги учлик билан ҳаммани ҳайратга солди: 1. Хулиан Альварес, 2. Жуд Беллингем, 3. Лука Модрич. Бу мутахассис ҳозирча ёшлар жамоаларидаги ишлари билан танилган, эҳтимол, шунинг учун 1-2-ўринларга икки истеъдодни танлагандир... Хулиан Альварес яна 3та анкетада 1-ўринни эгаллади. Яъни Габон термаси сардори (Обамеянг эмас), Ботсвана жамоаси мураббийи ва лихтенштейнлик журналист аргентиналик жаҳон чемпионини эътироф этишди. Жуд Беллингем ҳам ўз овозларидан катта қисмини 1-ўрин орқали олди. Дейлик, Гайяна (сардор),   МАР (мураббий), Ж.Корея (мураббий) термаси вакиллари англия­ликни 1-ўринда қайд этишди. 

** Дидье Дешам 1-ўринни Килиан Мбаппега берди. Эътиборлиси, Франция термаси бош мураббийи жанжал ва келишмовчиликлар ҳақидаги гап-сўзларга қарамай, Карим Бенземани дунёнинг иккинчи рақамли футболчиси сифатида кўрсатди. Эҳтимол, номзодлар рўйхатида франциялик бошқа футболчи йўқлиги учундир...

FIFA The Best сўрови: якуний натижа

1. Лионель Месси (Аргентина, «ПСЖ») - 52 балл

2. Килиан Мбаппе (Франция, «ПСЖ») - 44 балл

3. Карим Бензема (Франция, «Реал») - 34 балл

4. Лука Модрич (Хорватия, «Реал») - 28 балл

5. Эрлинг Холанд (Норвегия, «Манчестер Сити»/«Боруссия» Д.) - 24 балл

6. Садио Мане (Сенегал, «Бавария»/«Ливерпуль») - 19 балл

7. Хулиан Альварес (Аргентина, «Манчестер Сити»/«Ривер Плейт») - 17 балл

8. Ашраф Ҳакими (Марокаш, «ПСЖ») - 15 балл

9. Неймар (Бразилия, «ПСЖ») - 13 балл

10. Кевин де Брюйне (Бельгия, «Манчестер Сити») - 10 балл

11. Винисиус Жуниор (Бразилия, «Реал») - 10 балл

12. Роберт Левандовски (Польша, «Барселона»/«Бавария») - 7 балл

13. Жуд Беллингем (Англия, «Боруссия» Д.)   - 3 балл

14. Муҳаммад Салоҳ (Миср, «Ливерпуль») - 2 балл

А.АҲМЕДОВ тайёрлади