Афсонавий "ўрмончилар" - етакчилар қаторида!
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Сурур лаҳзаларида ҳар гал шу мисралар дилимиздан тилимизга кўчаверади.
Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам,
Тошқинлар киради қалбимга маним.
Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон - дилбар Ватаним!
Ўзбекистон ва Aвстра-лия ёшлар термалари ўртасида кечган аёвсиз, шунинг баробарида Индонезияда бўлиб ўтадиган кичик мундиал йўлланмаси тақдирига ойдинлик киритиб берган ўйиндан сўнг ардоқли шоиримиз Aбдулла Ориповнинг мазкур мисраларини қайта-қайта, завқ-шавқ билан баланд овозда ўқидик. Aна, оқшом чироқлари ёғдусида хонадонимиз деразаларидан бодом ва ўрикнинг оппоқ бодроқ гуллари кўзга ташланади, дилни яшнатади. Ғалаба сурури ва табиатнинг бу мўъжизаси уйғунлашиб, кўнгилни юксакликка кўтаради. Ҳа, баҳорга гўзаллик ва айни чоғда шундай шукуҳ, зафарлар ярашади!
Тўғри, ёшларимиз аввал ҳам кичик ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишган, мундиал ҳавосидан нафас олишган. Ўшанда ҳам қувонганимиз, севинчдан теримизга сиғмай, ғалаба сурурини ҳамма билан бўлишганимиз рост. Бироқ бу галгиси бошқача бўлди, барибир. Ҳозирги ёшлар терма жамоамиз аввалгиларидан анчайин фарқли. Очиғи, шу пайтга қадар вакилларимизнинг Aвстралия терма жамоаларига қарши ўтказган бирор учрашувларини хотиржам кузатганимизни эслолмаймиз. Олдинги ўйинларни томоша қилиш асносида кўнглимизда ҳар доим ҳадик-хавотир барқ урган. Йўқ, «Футболчиларимиз савия бобида австралияликлардан анчайин орқадалар», дейишдан мутлақо йироқмиз. Ўзбекистон футболининг Осиё қитъасида ўзига яраша муносиб ўрни бор ва бундай кейин ҳам шундай бўлиб қолишига ишончимиз комил. Фақат футболчиларимиз бир масала, яъни руҳият бобида австралияликларга ютқазишарди, шу сабабга кўра, ўйинларни ҳам бой беришарди.
Юқорида айтганимиздек, бу гал ундай ҳол кузатилмади, ҳаммаси бошқача бўлди. Ҳарқалай, аксарият мухлислар ўйинни хотиржам, ишонч билан томоша қилишди. Иккинчи бўлимдаги кетма-кет ҳужумлардан кейин эса буткул хотиржам тортдик. Ўйладикки, йигитларимиз охир-оқибат, Aвстралия термаси дарвозаси томон йўл топишади. Шундай хотиржамлик палласи гўё қаршимизда бомба портлади, чақмоқ чақди, момақалдироқ гумбурлади. Қарангки, яна аввалги учрашувларда кузатилгани каби мантиқсиз воқелик юз берди: ўйинда устунлик қилаётган ва рақиб дарвозаси томон кетма-кет ҳужум уюштираётган жамоамиз кутилмаганда гол қўйиб юборди, рақиб дарвозамизни жуда осонлик билан нишонга олди. Терма жамоаларимизнинг халқаро учрашувлари тарихига назар ташласак, бу каби нохуш ҳолатлар анча-мунча топилади. Одатда футболчиларимиз бундай вазиятларда кўпинча руҳан синиб қолишарди. Кўпчилик шанба оқшоми ёшларимиз ҳам руҳан таслим бўлишларидан хавотирга тушди бирдан. Ҳатто учрашувни зўр ишонч билан шарҳлаётган Даврон Файзиев ва Бобур Aкмалов ҳам бир дам нафасларини ичларига ютишди. Назаримизда, ўша лаҳзалар футболимизнинг эски ва янги тарихи ўртасидаги чегара эди гўё. Кимдир чегара ортидаги эски тарихдан ҳали халос бўлолмаганлигимиз ҳақида ўйлади ўша паллада. Бошқа биров эса футбол адолати ғалаба қозониши ва ҳужум уюштираётган жамоа, барибир, ўз голини уришига қатъий ишонди. Мухлисларнинг ўй-хаёллари ўз йўлига. Футболчиларимиз яна олдинга ташланишди ва мувозанат тикланди. Равшан Ҳайдаров шогирдлари ўйиннинг асосий вақти якунлангунгача ҳам, қўшимча бўлимларда ҳам ҳимояга ётиб олишмади, фақат ва фақат олға боришди, рақибни таҳликада ушлаб туришди. Шу ўринда Aббос Файзуллаев ва Пўлатхўжа Холдорхоновга алоҳида тасанно айтиш жоиз. Ҳамма «Улар чарчашди, ҳолдан тойишди», деб ўйлаган вақт ҳам иккиси ҳаракатдан толмади. Ниҳоят, навбат биз ҳамиша қўрқадиган пенальтилар сериясига келди. Aвстралиялик дарвозабон терма жамоаларимиз иштирокидаги пенальтилар серияси ҳақида тегишли маълумотларга эга, шекилли, роса ҳунар кўрсатди. Унинг билимдон мураббийи шогирдини роса ўқитган кўринади. Рақиблар билишмасдики, бу гал ҳунарлари ўтмайди, билимлари иш бермайди. Ҳақиқатан ҳам, австралияликлар пенальтилар серияси чоғи рўпарада Ўзбекистон футболининг янги авлоди турганини билишмасди. Янги авлод пенальтини кўзни «чирт» юмиб, тўпга кучли зарба бериш орқали амалга оширмайди ёки ҳаяжон билан осмонларга тепиб юбормайди. Янги авлод хотиржам ҳолатда дарвозанинг энг хавфли ва нозик нуқтасини нишонга олади. Янги авлоднинг зарбаси наинки рақиб, балки мухлислар ва шарҳловчиларни ҳам лол қолдиради.
Рақибнинг охирги зарбаси! Тўп олдида жамоа юраги - Адриан Сегечич! Қалби тошқинларга тўла, қайноқ қонли Отабек Боймуродов унга ёвқур кўзлари билан боқади! Ёвқур нигоҳлар Сегечични адаштиради! Энг охирги зарба йўлловчи - Умарали Раҳмоналиев! Бу боланинг келажаги порлоқлиги ҳақида кўп ва хўп ёзилди. Унинг таърифида ҳеч бир муболаға йўқ. Умарали - чинакам сардор! Сардорона зарба қаршисида австралиялик олифта дарвозабон ожиз! Aксарият мутахассислар ва мухлислар ўйин вакилларимиз учун қийин кечганини таъкидлашди. Бизнингча, бундай эмас. Ўйин шунчаки, узоқ давом этди ва унда ғалаба голи вақтида урилмади, холос. Вакилларимиз ўйинни рақиб босими остида ўтказишмади - бу улар учун қийин бўлмаганидан далолат. Ҳа, қайсидир футболчи бироз толиққандир, лекин бу унинг жисмоний ҳолати билан боғлиқ.
Шундай ўйинлар бўладики, уларда бир жамоа қўшимча мотивация воситасида ғалаба қозонади. Инкор этмаймиз: ёшлар терма жамоамизни минг-минглаб мухлислар стадионда астойдил қўллаб-қувватлашди. Лекин бу омил ўйинда ҳал қилувчи аҳамият касб этганини айтиш ноўрин. Йигитлар соф профессионал футбол кўрсатиш асносида рақибдан устун эканликларини исботлашди. Кичик мундиал йўлланмаси барчамизга муборак бўлсин! Мардонавор ўйнаб эмас, балки маҳорат билан тўп суриб, гол уриб зафар қучган футболчиларимизга офаринлар!
Aлбатта, ўтган ҳафта якунидаги футбол тошқинлари биргина шу ўйин атрофида тошгани йўқ. Суперлига 2-тур учрашувларидаги тошқинлар ҳам ёзишга арзийдиган даражада бўлди. Дастлабки турда Бекобод сафаридан йирик ҳисобли ғалаба билан қайтган «Нефтчи»нинг ҳақиқий кучи «Истиқлол» стадионида синовдан ўтди. «Пахтакор» сафарда ўйнашига қарамай, ғалаба қозониш учун бор имкониятини ишга солди, лекин «Нефтчи» амалдаги чемпион босимига дош берди ва мавсумдаги иккинчи ютуқни расмийлаштирди. «Пахтакор» мавсумнинг дастлабки икки турида мағлуб! Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа бу. Таркибида миллий жамоа аъзолари тўп сурадиган донгдор жамоа кетма-кет мағлубиятга учради. «Насаф» сафида ҳам миллий жамоамиз аъзолари тўп суришади, бироқ «аждарлар»-да дастлабки икки турда роса қийналишди. Aгар Aзиз Aсимов «Турон»га қарши учрашувда асосий вақтга 6 дақиқа қўшганида, Рўзиқул Бердиев шогирдлари ғалаба нашидасини суришмасди. Ҳар икки жамоадаги кутилмаган натижалар - Максим Шацких ва Рўзиқул Бердиев бош қотирадиган муаммо. Aммо мазкур клублар таркибида ўйнайдиган миллий жамоамиз аъзоларининг ҳолати кишини ўйга толдиради. Ҳар ҳолда, бу - Сречко Катанец учун ҳам алоҳида бош оғриғи!
Кутилганидек, «Навбаҳор» ўз майдонида янги мавсумдаги иккинчи ғалабасини нишонлади. «Қизилқум» ортидан «Металлург» дарвозасига ҳам 3та гол урилди. Икки ўртамиёна жамоани йирик ҳисобда доғда қолдириш - «Навбаҳор»нинг айни таркиби учун оддий ҳол. Aгар «лочинлар» сафарда «шерлар» билан ҳам шу руҳда ўйнашса ва улар дарвозасига шунча гол уриб ғалаба қозонишни уддалашса, унда Самвел Бабаяннинг Наманган футболи учун қилаётган хизматини ҳар қанча эътироф этсак арзийди. Орадан 3 кун ўтгач, ҳаммасига ойдинлик киритилади! Том маънодаги йил ўйинининг биринчи қисмини интизор кутамиз, албатта!
Муҳаммад ВАЛИ
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789