Чунончи, мамлакат чемпионати элит лигаси ўйинини илк марта аёл ҳакам бошқарди. Муҳими, 40 ёшли Ребекка Уэлч хоним хотиржам ҳолда муносиб ишлаб, раҳбарият ишончини оқлади.
Ким у?
Ребекка Уэлч - собиқ футболчи. Тўғри, Англия футболидаги биринчи аёл ҳакам университет жамоаларидан юқорига кўтарилмаган. Оддий ифода этганда, у футболга профессионал иш эмас, шунчаки, хобби сифатида қараган. Умуман, Уэлч хоним узоқ вақт Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати маъмуриятида фаолият юритган. 2010 йили эса ҳакамлик билан шуғулланувчи дўсти билан тортишувдан кейин қўлига ҳуштак олишга қарор қилади. Яъни янги соҳани ўзлаштиришга астойдил бел боғлаб, махсус курсларда таҳсил ола бошлайди. «Ҳа, вақтида ўзим ҳам майдонда чопганман, аммо ҳакамлик ҳақида сира ўйламагандим, - дея хотирлайди Уэлч хоним. - Бир сафар жамоамиз иштирокидаги ўйиннни қалин дўстим бошқарди. Бироқ унинг ҳар бир қарори мени ғазабга тўлдирди. Қисқаси, бутун ўйин давомида дўстим билан тортишишдан бўшамадим. Баъзи вазиятларда ҳаттоки, қандай ҳакамлик қилиши кераклигини ўргатмоқчи бўлдим. Табиийки, бундан жаҳли чиқди ва ўшқирди: «Ҳакамлик шунчалик осон экан, марҳамат, ўзингни синаб кўр». Шу тариқа ўзимни синаб кўрдим ва ҳакамлик ёқиб қолди. Мана, энди шу соҳа вакиласиман».
Кўтарилиш жараёни
Табиийки, Уэлч ишни ҳаваскорлар лигасида бошлади ва аста-секин юқорига кўтарилди. Жумладан, Сандерлендда имтиҳондан муваффақиятли ўтган Ребекка профессионал футболга кирди. Бунда аввалига аёллар ўртасидаги маҳаллий лига баҳсларида тажриба оширди. Англиялик хоним 2023 йилга келиб, Австралия ва Янги Зеландия мезбонлик қилган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳакамлари қаторидан жой олди. Мундиалга УЕФА ҳакамлари элит гуруҳи аъзоси сифатида борган Ребекка 3та ўйинда ишлади. Асосийси, унинг ҳакамлиги ҳеч қандай савол туғдиргани йўқ.
Эркаклар футболи томон юриш
«Фулхэм» - «Бернли» қарама-қаршилиги Уэлч учун эркаклар футболидаги дебют ўйин эмас. У ўтган йилнинг январь ойида Англия профессионал лигаларида ишлаган биринчи аёл ҳакам бўлди. Ребекка ўшанда «Бирмингем» - «Престон» учрашувини бошқарганди. Жорий мавсумга келсак, у АПЛга қадам босишига қадар сентябрдан буён 8та ўйинда ишлади - Чемпионшипда 4та, Биринчи лигада 3та ва Тўртинчи дивизионда 1та баҳсни бошқариб борди. Ноябрь ойида эса АПЛ Уэлч хонимни илк марта элит дивизион ўйини («Фулхэм» - «МЮ»)га жалб этди тўртинчи ҳакам сифатида. Мана, қаҳрамонимиз орадан кўп ўтмай, бош ҳакам ролида ҳам салоҳиятини синаб кўришга улгурди.
Қўллаб-қувватлов
АПЛ раҳбариятида ҳамма Уэлчни тўлиқ қўллаб-қувватламоқда: «Агар профессионал бўлса, жинси муҳим эмас». Умуман, бутун Англияда аёл реферига муносабат жуда яхши. Дейлик, PGMOL (Англия футболи ҳакамлик корпуси) Ребеккани чин инқилобчи сифатида мақтамоқда: «Уэлч кўплаб одамлар учун орзуга эришиш йўлида катта эшик очди - бу ақл бовар қилмас воқелик. Ҳакамлар сектори ҳамиша хилма-хилликка интилади. Ребеккада имконият тобора ортиб бораётгани ҳам ички стратегиямиз лойиҳасига тўлиқ мос келади». Айтганча, «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳам Ребекка Уэлчнинг АПЛ ўйинига тайинлаш қарорини алоҳида олқишлади: «Ажойиб ғоя, бу қадам шахсан менга ёқди. Умид қиламанки, келажакда аёл ҳакамлар сони ошиб боради». «Ньюкасл» бош мураббийи Эдди Хау эса буни «АПЛ ҳаётидаги буюк лаҳза» қабилида баҳолаган бўлса, «Кристал Пэлас» устози Рой Хожсон «Уэлч - қалдирғоч» иборасини тилга олди. Микель Артета («Арсенал») ҳам бу ҳаракат зарурий юриш эканлигини қайд этди. «Англия футболи тарихидаги муҳим воқеа, - деганди «Бернли» бош мураббийи Винсент Компани ўйиндан олдин. - Ўйлайманки, шогирдларим жинси туфайли Ребеккага бошқача қарашмайди. Агар профессионал даражада ишлайдиган бўлса, жинси ҳеч кимни хавотирга солмаслиги керак». Маурисио Почеттино ҳам мамнун ва Ребекканинг АПЛга қадам босишини Стефани Фраппар бир неча йил аввал Франция футболига бош суққани билан солиштирди. Маълумот учун, франциялик хоним Қатардаги жаҳон чемпионатида ишлашга ҳам улгурди, қолаверса, ЧЛ ўйинларини фаол бошқармоқда. Хуллас, Уэлч учун ажойиб марра!
Ребекка Уэлч АПЛдаги дебют ўйини давомида 22та қоидабузарлик қайд этиш баробаридан 3 марта сариқ карточка кўрсатди - Калвин Бэсси («Фулхэм»), Жоау Пальинья («Фулхэм») ва Жордан Байер («Бернли»)га. Асосий факт: 90 дақиқа давомида ҳакамлик масаласида бирор баҳсли вазият юзага келмади. Буниси АПЛ учун чинакам ютуқ.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади