ФУТБОЛ ВА БИЗНЕС: Энцо биринчи эмас...

ФУТБОЛ ВА БИЗНЕС: Энцо биринчи эмас...

«БЕНФИКА» ТАРИХИДАГИ ЭНГ ҚИММАТБАҲО 10та ТРАНСФЕР (сотув).

«Челси» ниҳоят, ўз мақсадига эришди - «Бенфика»нинг нав­батдаги кашфиёти - Энцо Фернандесни сотиб олди. АПЛда иши сира юришмаётган жамоа ЖЧ-2022нинг энг яхши ёш футболчиси трансферига 121 миллион евро сарфлади. Шу тариқа «Челси» АПЛнинг трансферлар бўйича рекордини янгилади. Эслатма, бунга қадар 117,5 миллион евро эвазига «Астон Вилла»дан «Манчестер Сити»га ўтган Жек Грилиш лигадаги энг қимматбаҳо футболчи эди. Англиялик ярим ҳимоячи рейтинг юқорисида атиги 1,5 мавсум ушланиб тургани ҳам эътиборга молик факт. Лекин қуйида АПЛ эмас, «Бенфика» трансферлари ҳақида сўз боради.

Биламизки, Португалия клублари футболчилар трансферидан пул топишни жуда яхши ўзлаштирган. Айниқса, «Бенфика». Мана, лиссабонликлар навбатдаги супердаромадли келишувни амалга оширишди, аммо бу клуб тарихидаги рекорд савдо эмас. Мана, мақолага илова шаклида берилган тавсирга қараб, барчасини ўзингиз баҳоланг. Энцо Фернандес бу рўйхатда 2-ўринда!

*** Энцо Фернандес «Челси»да «Бенфика» томонидан сотилган энг қимматбаҳо футболчи Жоау Фелиш билан учрашади.

*** «Бенфика» 2022 йилнинг ёзида Энцонинг трансферига 44,2 миллион евро сарф­лаганди. Шу тариқа аргентиналик ҳимоячи Лиссабон клуби тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланди. Бу борадаги рўйхатнинг 2-қаторида турган Дарвин Нуньес учун 2020 йили 34 миллион евро тўланган эди.

*** «Бенфика» 2022/2023 йиллар мавсумида трансферлар ортидан жами 261 миллион евро топди. Бу оралиқдаги харажат миқдори икки ҳиссадан ҳам паст - 114 миллион евро.

*** «Бенфика»нинг сара футболчилари учун энг серқатнов йўналиш - бу АПЛ, албатта. Энг қимматбаҳо 10та трансферидан 6таси Англия клублари чекида. 

*** «Бенфика» томонидан сотилган 10 нафар энг қимматбаҳо футболчи орасида фақат Рауль Хименес ва Виктор Линделёф кейинчалик бирорта соврин ютишмади.