ФУТБОЛ ВА МОЛИЯ: Икернинг ҳаётини ўзгартирган инфаркт

ФУТБОЛ ВА МОЛИЯ: Икернинг ҳаётини ўзгартирган инфаркт

2019 йилнинг май ойида «Порту» шарафини ҳимоя қилаётган Икер Касильясни «тез ёрдам» машинасида машғулот майдонидан шифохонага олиб кетишганди

 Ўшанда 38 ёшли дарвозабон миокард инфаркти хасталигига йўлиққанди.

Тез орада саломатлиги тикланган Икер август ойида машғулотларга қайтди, аммо унинг турмуш тарзи бутунлай ўзгариб кетди. Яъни, бирорта расмий учрашувда майдонга тушмаган ҳолда, 2020 йилнинг августида яшил майдон билан хайрлашишга мажбур бўлди. Шу тариқа афсонавий посбон жамоатчилик эътиборидан четда қолди, аҳён-аҳёнда унинг Сара Карбонеро билан ажрашгани ва «Реал» элчиси мақомида бирор ерда академия очиши хусусидаги янгиликлар ёритиб турилди. Ана шу қисқа хабарлар унинг мухлисларига оз бўлсада, таскин бериб турди.


Касильяс ўз компаниясини очиб, Ла Лига билан ишламоқчи

Атиги бир йил ишсиз юрган футболчи ўзининг SportBoost компаниясини очиб, шериклари билан спорт йўналишида иш бошлади. У ўзи каби фаолиятини якунлаган касбдошларига янги соҳада иш бошлашлари учун кўмаклашишни мақсад қилганди.

Касильяснинг бизнеси шиддат билан ривожланмоқда. Компания Wayra (технологик инновациялар маркази) ва ESIC бизнес мактаби билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Шу йилнинг мартида La Liga Tech шуъба корхонаси ҳам сафга қўшилди. Уларнинг асосий мақсади - Ла Лигани янада сифатли ва замонавий мақомга кўтариш. Компания 5та йўналишда иш олиб боради: мураббийлик, ҳамкорлик, тадбиркорлик, ишга жойлаш ва инвестициялар.

Компания Мичель Сальгадони, «Реал» афсонаси Мичель Гонсалес, Фернандо Морьентес, «Барселона» аёллар жамоаси футболчиси Ирен Паредес, теннисчи Але Галан ва енгил атлетикачи Хосе Мартинесларни сафига жалб этди.

Уларда сармоя бобида тажриба йўқ, лекин ёрқин фаолиятлари бор. Боз устига, Sport Boost ҳам ўзига яраша нуфуз ва қудрат соҳиби.


Касильяс сармоя киритган компаниялар

*** Fly Fut. Ижарага дрон олиш ва ўзининг футбол учрашувини тасвирга тушириш имкониятини берадиган сервис корхонаси. Унинг хизмати ҳаваскор ва ярим профессионал жамоаларга мўлжалланган:

«Биз ўзингизни «кумирингиз» ролида ҳис этишингизга ёрдам берамиз. Ўзингизнинг энг зўр голингиз, дриблинг ёки сэйвингизни қайта қўришни истайсизми?» Тўлиқ учрашувни ёки муайян футболчининг ўйин акс этган лавҳага буюртма бериш мумкин. Баҳолар оммабоп: 11Х11 ўйин учун 79,99 доллар, 7Х7 учун - 10 долларга арзонроқ.

*** Kognia. Тактик таҳлил учун платформа. Видеолавҳаларни тайёрлашда қўл меҳнатидан фойдаланган мураббийлар ва таҳлилчилар меҳнатини осонлаштиради. Унга таҳлил қилиниши лозим бўлган параметрларни (футболчининг фоллари ёки дриблинги сонларини) киритиш кифоя, у ёғини платформа бажаради. У профессионал ва ҳаваскор футболчиларга мўлжалланган.

*** Clupik. Касильяс портфелидаги энг сўнгги лойиҳа. Ўтган йил охирида БАА ФФ ва Дубай Келажаги Жамғармаси барча спорт объектлари - клублар, федерациялар ва стадионлар ўртасида рақамли инфратузилмани яратиш бўйича танлов эълон қилганди. Дунёнинг 100та компанияси иштирок этган тадбирда SportBoost Clupik билан ҳамкорлик ўрнатди. Улар совриндорлар сафида бўлиб, айрим лойиҳаларни, масалан, Дубайдаги 13 ёшлилар Халқаро турнири учун мобил иловани яратдилар.


Касильяснинг марказий лойиҳаси - тиббиёт бизнеси

У сунъий интеллект кўмагида юрак муаммолари диагностикасини осонлаштиради. Афсонавий дарвозабоннинг бизнесдан кўзлаган асосий мақсади бойлик эмас. У янги технологиялардан фойдаланган ҳолда турмуш фаровонлигини янада оширишга интилишини қайта-қайта таъкидлайди. Инфаркт - Икер ҳаётидаги ҳал қилувчи воқеа. Шу хасталикдан кейин у саломатлик учун курашиш кераклигини теран ҳис этди. Энди у бошқаларни ҳам шунга ўргатиш учун тиббиёт бизнесига сармоя киритмоқда. Уларнинг асосийси - Idoven.   

Стартап ғояси 2018 йилда, доктор Мануэль Брейсс ва муҳандис Хосе Кастеллано билан танишганидан кейин пайдо бўлганди. Улар ҳамкорликда яратишган Willem дастури ЭКГ натижаларини расшифровка қилиб беради. Виллем - электрокардиограммани кашф этган олим, Нобель мукофоти соҳибининг номи.

Willemнинг устунлиги тезкорлиги (битта кардиограммага 30-120 сония сарфлайди) ва юқори аниқлигида (профессионал врач даражасида) ва универсаллигидадир (ҳар қандай ЭКГни «ўқий олади»). Бунга эришиш учун сунъий интеллектни 40 000 мижознинг кардиограммаларида «ўқитишди».

Idoven - келажаги порлоқ компания. У Google дастуридан ўтган, АҚШ Миллий тиббиёт академиясининг мукофотига сазовор бўлган. Idoven турли жамғармалар, акселераторлар ва хусусий ҳомийларнинг 19,8 млн. долларлик сармояларини ўзига жалб этган.

Касильяс бу компания ҳақида 2019 йилда, унинг ишга тушиши арафасида хабар топганди. Юрак хуружидан кейин стартапга дуч келди ва текширувдан ўтди. Натижа кучли таассурот қолдиргач, Икер икки йилдан кейин муайян таклиф билан мурожаат қилди.

Ўзининг 40 йиллик юбилейи арафасида FIFA.сом сайтига берган интервьюсида Икер жумладан, шундай деганди: «Юрак хасталигини аниқлаш ва олдини олиш мумкинлигини кишилар билишлари шарт. Шунингдек, хасталик ҳар қандай кишига чанг солиши мумкинлиги, ҳатто спорт ҳам саломатликка кафил бўла олмаслигини ҳам унутмасликлари лозим. Вақти,вақти билан текширувдан ўтиб туриш керак. Мен ҳаммасидан кўра Idoven билан ҳамкорлигим билан кўпроқ фахрланаман».

Афтидан, Касильяснинг ҳаёти соғлом изга қайтган кўринади. Ўзи ҳали ёш, юрагида хавотир йўқ, олдинда эса - иззатталаб юмушлар кутмоқда: «Ҳозир ўзимни аъло даражада сезяпман. SportBoost билан пул топишни мақсад қилмаганмиз. Пул ҳам муҳим, аммо аввало биз дунёни яхшироқ қилиш ниятидамиз. Биз касалликлар ташҳисини соддалаштириш орқали кишиларга кўмаклашяпмиз, собиқ спортчиларга иш топиб беряпмиз. Бу фақат бошланиши, олдинда режалар бисёр».

Ҳа, Икер Касильяс - футболда ҳам, бизнесда ҳам афсона!

А.Аҳмедов тайёрлади