Хусусан, мавсумни ўта муваффақиятсиз бошлаган «Янгиер»да ҳам янги бош мураббий тайинланганидан кейин натижалар ўзгарди. Жамоа Диёр Мирзабоев устозлигида ғалабаларга эришиб, кучли учлик учун курашга қўшилди. Хўш, фарғоналик мутахассис жамоани бирданига қай тариқа ўзгартира олди? Махсус мухбиримиз Мирзабоев билан суҳбатлашиб, унинг фикрларига қулоқ тутди.
- «Янгиер»ни мураккаб вазиятда қабул қилиб олдингиз. Ўша вақтда сизда иккиланиш бўлмадими?
- Футбол - жамоавий ўйин, унда бир футболчи ўз вазифасини бажара олмаса, бу бутун ўйинга таъсир қилади. Жамоада барча ишларни тўғри бажарсам, натижалар ўзгаришига ишондим ва клуб раҳбариятидан тушган таклифни ортиқча иккиланишларсиз қабул қилдим. «Янгиер»нинг охирги ўринда юрганига ҳам қарамадим, шарт-шароитларни сўрамадим. Негаки, менга иш керак эди. Уйда 4 ой ўтириб зериккандим. Мураббийлик ишимни давом эттиришни жуда хоҳлагандим.
- Таркибда юқори савиядаги ижрочилар йиғилганига қарамай, натижалар салбий кўриниш олишига нима сабаб бўлди?
- Мендан олдин ишлаган мураббийларга миннатдорчилик билдираман. Негаки, улар яхши жамоа шакллантиришган, таниқли номларни тўплашган. Футболчиларимизнинг кўпчилиги Суперлигада тобланишган. Лекин салбий натижалар сабабни келтиролмайман. Билишимча, ўйинчиларнинг бир-бирини тушуниб олиши учун бироз вақт етмаган. Зеро, айримлари мавсум арафасида таркибга қўшилишган.
- Раҳбарият олдингизга қандай вазифа қўйганди?
- Элитага чиқамиз, деган асосий мақсад йўқ. Бироқ имкониятимиз бўлса, ўз ўйинимизни кўрсатиб ғалабалар қозониш учун курашамиз.
- Клубнинг Гулистонга кўчирилиши ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқатга яқинми?
- Ҳа, шундай. «Янгиер»нинг мақсади - Суперлигага қайтиш. Буни вилоятдаги барча раҳбарлар, мухлислар ва футболга бегона бўлмаганлар билишади.
- Молиявий ҳолат борасида қандай фикрдасиз?
- Ёмон эмас. Клуб хусусий ҳисобланади. Раҳбарият имкон қадар барча шароитларни яратиб беришга интилмоқда. Ҳозир Про лигадаги барча жамоаларнинг ўзига яраша муаммолари бор. Бу каби ҳолат Суперлигада ҳам кузатилмоқда. Ҳозирда клубнинг футболчилардан бироз қарздорлиги бор. Лекин мукофот пуллари ва қолиб кетган маошлар аста-секин берилмоқда. Ўйлайманки, бу муаммо жамоа натижаларига таъсир кўрсатмайди.
- Давралар оралиғида жамоа таркибида ўзгаришлар қилинадими?
- Имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда иш кўрамиз. Тўғриси, ҳозирги таркибни сақлаб қолмоқчиман. Негаки, давралар оралиғида кучли футболчиларни олиб келиш имконсиз.
- «Янгиер»даги фаолиятингиз сизга трамплин бўлади. Мураббий сифатидаги аниқ мақсадингиз қандай?
- Ўтган йилгидан кўра, яхшироқ натижа кўрсатиб, кучли бешликка кирмоқчимиз. Раҳбарият менга ўзимни кўрсатишим учун имконият яратиб берди. Олдин таниқли мураббийлар билан музокаралар ўтказиб, охири мени танлашганидан миннатдорман. Муҳими - ишонч билдиришди. Кимдир «Бу ҳали ёш мураббий, тузук-қуруқ ишламаган», дейиши мумкин. Ишонинг, тажрибам етарли, Элдор Сакаев, Виктор Кумиков, Александр Хомяков сингари малакали устозлардан сабоқ олганман. Қачондир ўрганганларимни ишга солишим керак эди. Бунинг учун менга имкон беришларини кутдим. Ҳозир фикру хаёлим жамоа билан боғлиқ. Ҳали ёшман, менга берилган имкониятдан тўлиқ фойдаланиб, ўзимни кўрсатишим муҳим.
ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди