«Саутгемптон»дан қабул қилган мағлубияти аламига кийиниш хонасининг ваннахонасида аламини тамакидан олган ҳам, Польша президенти Анжей Дуда билан айвонда сигара тутатган ҳам шу йигит. Тўсатдан юраги оғриб қолгани баҳонасида майдонни тарк этиб, ўйиндан кейин эса, шунчаки, чарчаб қолгани учун жамоадошини ўйнашга мажбур этиш ҳам унинг ҳийласи.
Войцех Шенснида Ежи Дудек каби майдонда шоу кўрсатиш одати йўқ. Унинг бадани Артур Боруцники каби нақшлар билан безатилган эмас. Бироқ Войцех Польша футбол тарихидан абадий жой олган ўйинчи. У машҳур дарвозабон ва заҳарханда киноялар устаси. Дарвозабон фаолиятини бемалол давом эттириши мумкин эди. Лекин у ҳаётни танлади ва Тони Кроос йўлидан боришга қарор қилди. У ўзини ҳам, футболни ҳам қийнашни истамади ва сиполик билан жимгина кетди. Тўғри, немис футболчиси кетишини олдиндан эълон қилганди. Войцех эса вазиятга қараб иш тутди. «Ювентус» оптимизация сиёсати туфайли у билан хайрлашди. Молиявий муаммолар сабабли, спорт директори Кристиано Жунтоли харажатларни имкон қадар камайтириш пайида эди.
Шенсни - «Юве»нинг обрўли ўйинчиси. Бироқ:
а) у 34 ёшда;
б) у клубдаги энг кўп иш ҳақи оладиган ўйинчилардан бири;
в) туринликлар «Монца»дан Войцехга нисбатан ёшроқ ва арзонроқ, ўйин савияси бўйича тенг бўлган Микель Де Грегориони харид қилишди.
Польшалик посбонга Саудия Арабистонидан таклифлар тушди, лекин Войцех катта маблағ ва шоҳона ҳаётдан воз кечиб, ўз оиласи ёнида бўлишга қарор қилди. Танловда қаҳрамонлик жиҳати йўқ. Табиийки, футболчи саудияликлар иньомисиз ҳам бемалол ҳаёт кечириш имкониятига эга. Ҳа, унга ўта манфаатли шартномани таклиф этишди. Ҳа, ҳали куч, қувватини йўқотган эмас. Бироқ бу олис, жазирама ўлкага йўл олиш, Европадан бутунлай фарқ қиладиган турмуш тарзига мослашиш...
Войцех ўз ҳаётидаги шинамлик қимматроқ, деган қарорга келди ва фаолиятига нуқта қўйди.
Ўзининг сўнгги мавсумида Войцех «Ювентус»га иккита муҳим вазифани адо этишда ёрдам берди. Биринчидан, жамоа ЕЧЛга қайтди. Иккинчидан, совринни қўлга киритди. Тўғри, жамоанинг Италия Кубогига сазовор бўлишида асосий дарвозабон вазифасини Войцех эмас, Маттиа Перин адо этганди. Бироқ бунда Шенснининг айби йўқ, Максимилиано Аллегри сабабчи. Войцех ҳам таркибда эди, агар у майдонга тушганида, ёмон ўйнамасди.
Қаҳрамонимиз ўзи тўп сурган бошқа жамоаларда ҳам рисоладагидек ўйнаган. Масалан, «Арсенал»да у Йенс Леманн ўрнида бир неча йил ишончли ўйнаган. Кейин у Давид Оспинага рақобатни бой бериб, «Рома»га ўтиб кетди ва ажойиб ўйинлари эвазига қудратли «Ювентус» таркибидан жой олди.
Турин гранди сафида Войцех «Реал»га қарши баҳсда Роналдунинг «нуқта»дан йўллаган зарбасини қайтара олмаганди. Тўғри, у тўп йўналишини топа олган, лекин Криштианунинг зарбаси ўта кучли бўлганди.
Кейинчалик Войцех барибир, «Юве»нинг асосий дарвозабонига айланди ва ҳаммани Буффонни унутишга мажбур этди. Албатта, Жиджининг афсона эканлигини ҳеч ким инкор этмаган ва этмайди ҳам. Лекин майдонда польшалик дарвозабон ундан яхшироқ ўйнагани ҳам ҳақиқат. Тўғри, у ҳам хатоларга йўл қўяди, лекин шундан хулоса чиқариб, такрорламасликка ҳаракат ҳам қилади.
Охирги 10 йил ичида «Ювентус» турли босқичларни бошдан кечирди. Аллегрининг кучли жамоаси икки марта ЕЧЛнинг финалида ўйнади. Маурицио Сарри кўмагида «Юве»га замонавий тус бериш самара бермади, мураббий скудеттони қўлга киритди, бироқ бир йилдан кейин кетди. Кейин жамоа Андреа Пирлонинг таклиф этилиши билан бошланган ажабтовур йилни ўтказди. Ниҳоят, Туринга қайтган Аллегрининг футболидан гуллар сўлиб, болакайлар йиғлашди.
Ўзгаришлар кўп бўлди, лекин ана шу давр ичида Войцех ўзгармади. У «Ювентус» суяниши мумкин бўлган шахслардан бири бўлиб қолди.
Энди эса янги ҳаёт бошланди - Войцех учун ҳам, клуб учун ҳам. Афтидан, бу ёғига икки томон учун ҳам ижобий ўзгаришлар юз берадиган кўринади. «Ювентус» Жунтоли ва Тьяго Моттанинг кўмагида молиявий муаммолар ва футболдаги камчиликларга барҳам беришга интилмоқда. Шенсни эса ўзини тўла-тўкис оиласига, шунингдек, шунингдек, пианино чалиш ва бошқа ўзи ёқтирадиган хоббиларга бағишлаши мумкин.
Биз, мухлислар, зерикиб қоламиз. Войцех эса зерикмаса керак, балки озгина зерикар. У ўта қизиқувчан ва қувноқ, зерикишга вақти йўқ.
Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади