Томас Кристиансен: «Панама термаси мундиалга чиқиши шарт!»

Томас Кристиансен: «Панама термаси мундиалга чиқиши шарт!»

Панама миллий жамоаси яқинда АҚШ майдонларида ўтказилган Америка кубоги-2024 турнири кашфиётига айланди.

Ҳар ҳолда, «қизил тўлқинлар» Уругвай, Боливия ва АҚШ (мезбон) терма жамоалари жой олган «C» квартетида 2-ўринни эгаллаб, «плей-офф»га сакрашди. Дарҳақиқат, панамаликларнинг шундай мураккаб гуруҳдан омон чиқишгани кўпчиликни ҳайратга солгани тайин. Лекин бу натижа Панама термасининг охирги йиллардаги ўйинлари ва тараққиётини кузатганлар учун «сюрприз» бўлгани йўқ. Бинобарин, 2020 йили жамоа бошқаруви иштиёқли мураббий Томас Кристиансенга ишониб топширилганидан буён Los Canaleros 2 марта КОНКАКАФ Миллатлар Лигаси финал раундида қатнашди. Қолаверса, панамаликлар КОНКАКАФ «Олтин кубоги»-2023да ҳам чакки таассурот қолдиришмади. Мана, камтарин жамоа Америка кубогида ҳам ўз сўзини баралла айтди. Шу тариқа Панама миллий жамоаси ЖЧ-2026 йўлланмаси учун жиддий даъвогарлар қаторига кирди. Данияда туғилган испаниялик 51 ёшли мутахассис (Томас Кристиансен вақтида «қизил фурия» сафида ҳам ўйнаган) эса бутун Панамада севимли «фигура»лардан бирига айланди. Нисбатан қисқа вақтда катта силжишни таъминлаган мураббий ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида ҳали асосий миссияси олдинда эканлигини таъкидлади: «Панама халқига катта қувонч келтирмагунимча асло тинчимайман. Бу қувончни эса ЖЧ-2026га йўлланма олиш таъминлаши мумкин».

- Томас, Панама миллий жамоасининг Америка кубоги-2024даги иштирокидан нечоғли қониқдингиз?  Якуний хулосангиз қандай?

- Умуман олганда, таассуротлар ҳам, хулоса ҳам ижобий. Зеро, катта турнир гуруҳ босқичидан ўтганимиз миллий жамоа учун тарихий ва унутилмас воқеа ҳисобланади. Эсимда, мусобақа финал раундига қуръа ташланганида, экспертлар бизда Боливия, АҚШ ҳамда Уругвай термалари билан 1та гуруҳда қандайдир натижа кўрсатиш учун имконият жуда пастлигини тахмин қилишган эди. Муҳими, жамоамизда интилиш ва умид ҳам, иштиёқ ҳам барқ ураётганди,  бу бизни гигантлар билан қаттиқ курашиш, яхши натижа йўлида боримизни беришга ундади.

- Демак, Америка кубогида яхшигина сабоқ-тажриба олдинглар. Қизиқ, буни ЖЧ-2026 саралашида қандай қўллаш мумкин?

- Аслида кўплаб муҳим футболчиларимиз жароҳат ёки бошқа муаммо ортидан АҚШ турнирига боролмадилар. Бу ҳолат тезкор равишда таркибни талабга жавоб бера оладиган бошқа ижрочилар билан тўлдиришимизни тақозо этди. Асосийси, янгилар тезда киришиб кетдилар ва ўйиндан-ўйинга яққол ўсишга эришдилар. Мавжуд вазият нафақат натижа келтирди, балки асосий таркиб учун кучли рақобатни шакллантирди. Менимча, ЖЧ-2026 саралаш довонида айни шу жиҳат роса қўл келса керак.

- Кейинги 12-18 ой Панама футболи учун ўта муҳим давр ҳисобланади. Хўш, бўлажак ўйинларда жамоангиздан нима кутяпсиз?

- Ўйлайманки, ҳали ўйин бўйича ўсишда давом этамиз. Ишончим комил, йигитларимизда ҳозирги савияларини янада кўтаришга иштиёқ кучли. Жамоадан нима кут­япман? Биринчи навбатда, юксалиш, қолаверса, натижа. Ўйлайманки, ҳозирги жамоа билан олдимизга қўйилган вазифани уддалай оламиз. Мана, бўлажак ЖЧ саралаш довонига Гайана ва Монтсеррат термаларига қарши ўйинларда расмийлаштирилган ғалабалар билан киришдик. Ҳозирги босқични яхши якунлаш имконияти етарли, олдинда бизни Белиз ҳамда Никарагуа жамоалари билан баҳслар кутиб турибди. Умуман, жорий раундни муваффақиятли якунлаб, кейинги довонга яхши кайфиятда тайёргарлик кўришимизга ишонаман.

- Демак, сизнингча, жамоангиз навбатдаги мундиал иштирокчисига айланиш учун яхши ҳолатда, шундайми?

- Ҳа, фикримча, ҳозир жамоада катта муаммо йўқ, вазият зўр. Ўйлайманки, айни вақт биз учун жаҳон чемпионатига йўлланма олиш - бу мажбурият. Аввалги мундиал саралашида АҚШ, Мексика ва Канада термалари ҳам савия, ҳам шароит бобида биздан олдинда эканлигини яхши билардик. Бу сафар эса КОНКАКАФнинг 3та гиганти квалификацион жараёнда қатнашмайди. Шундай экан, Панама термаси фаворитлар қаторида бўлиши шарт. Моҳият олганда, кейинги бос­қичга чиқишимиз аниқдек, аммо бугунги футболда Га­йана ёки Монтсеррат каби ороллар жамоаларига қарши ўйинлар ҳам осон кечмайди. Зеро, футбол тобора изчил ривожланмоқда, энг «кичик» рақиблар ҳам сизга муаммо туғдиришлари ҳеч гап эмас. Оддий айтганда, замонавий футболда меҳнат, фидойилик, характер ғалаба қозонади, яна вазиятлардан фойдаланиш муҳим. Бинобарин, майдонда тўлиқ ҳукмронлик қилган ҳолда, ягона гол туфайли ютқазиб қўйиш ҳеч гап эмас ва бундай ўйин жамоани йиқитиб юбориши мумкин. 

- Айтингча, Панама термаси учун жаҳон чемпионатига қайтиш нимани англатади?

- Таърифлаш қийин. Видеоархивлардан панамаликлар жаҳон чемпионатида ўтказган ёрқин дақиқаларни кўрдим - Англия термаси дарвозасига урилган илк гол, тетик ҳаракат, байрам, бахт, одамларнинг кўз ёшлари... Бундай ҳис-туйғуларни қайта бошдан кечиришни бир тасаввур қилиб кўринг. Қисқаси, Панама термасининг мундиалга яна бир марта чиқиши бутун мамлакат халқи учун мислсиз қувонч бағишлаши муқаррар.

- Панама терма жамоасида иш бошлаганингиздан буён футболчилар нечоғли ўзгаришди?

- Ўйлайманки, йигитлар биз жамоада кўришни хоҳлаган услубга тўлиқ мослашишди. Улар кўрсатмаларга тўлиқ амал қилиб, ғояларимизни тез ўзлаштиряптилар. Менимча, панамаликлар шу кетишда ҳали сезиларли даражада ўсишга эришадилар.

- Панама термаси ҳозирда Марказий Америкадаги энг кучли жамоами?

- Йўқ, Коста-Рика миллий жамоаси каттароқ тарихга эгалигини унутмаслик керак. ФИФА рейтингига қарасак, ҳозир КОНКАКАФнинг 3-рақамли жамоаси бўлиб турибмиз - бу катта ютуқ. Лекин футбол нуқтаи назаридан ҳамма билан тенгмиз. Шундай экан, қайсидир жамоадан кучлироқ эканлигимизни айтишимдан маъно йўқ.

- Мана, 4 йилдан буён Панама термасини бошқар­япсиз. Бу мамлакат сиз учун нимани англатади?

- Ўта бахтлиман. Бу ерда ҳамма менга ҳурмат билан қарашини ҳис қиляпман. Яхши мутахассислар билан ишлаяпман, раҳбарият ҳам ғояларни амалга татбиқ этишда халақит бермайди. Гарчи Қатар мундиалига чиқолмаган бўлсакда, мухлислар муҳаббати кўнглимизни кўтарди. Ўйлайманки, панамаликлар терма жамоа эволюцияси, фалсафа ўзгаргани, ўйин модели ривожланганини яққол кўрдилар, бу эса умидни кучайтирди. Натижада шартнома муддатини узайтирдик.. Ваҳоланки, одатда ЖЧ йўлланмасини таъминлай олмаган мураббийга кетиш эшигини кўрсатиб қўйишади. Муҳими, Панамада ҳамма катта ҳажмда иш бажарганимизни теран тушунди. Мураббийга эса энг муҳими шу - мухлислар, раҳбарлар ва федерация ходимлари томонидан кучли ишонч. 

- Футболчилар билан ўзаро муносабатингиз хусусида нима дейсиз?

- Ўртамизда ўзгача меҳр бор. Ахир аксарият йигитлар билан 4 йилдан буён биргамиз. Ҳа, терма жамоа таркиби мунтазам ўзгариб туради - вақт ўтиши билан баъзи футболчилар кетишади, уларнинг ўрнига янгилари келишади. Ҳақиқат шуки, биз ҳар қандай ҳолатда кичик оилага айланамиз, ўзаро ҳурмат бор. Футболчилар садоқати жуда юқори. Бундай ёндашув Панама термасини янада кучли қилади. Қисқаси, жамоани ўзларидан устун қўядиган футболчилар етарли ва бу мақтовга лойиқдир.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.