ФУТБОЛ ВА МОЛИЯ: «ПСЖ» киберспортда ҳам намуна

ФУТБОЛ ВА МОЛИЯ: «ПСЖ» киберспортда ҳам намуна

Саудия Арабистонида соврин жамғармаси жиҳатидан бошқа мусобақалардан ажралиб турадиган Riyadh Masters турнири ниҳоясига етди.

Унинг жамғармаси 4 млн. долларни ташкил этганди. Хитойнинг PSG LGD клуби ғолиб чиқиб, 1,5 млн.га эга бўлди. Таққослаш учун: The International турнирида 5, 6-ўринни банд этган жамоалар шунча пул оладилар. У Dota 2 ўйинининг асосий мусобақаси.

Умуман, «ПСЖ» қай тариқа Dota 2да пайдо бўлди, нима учун клуб Хитой киберспортига сармоя киритмоқда?

PSG LGD - ўйинчилар савияси «ПСЖ»никидан қолишмайдиган жамоа. Француз клубининг логотипи туширилган либослардаги ҳар бир пости ижтимоий тармоқларда намойиш этилади. Dota 2 бўйича таркибни Хитойнинг энг кўҳна киберспорт ташкилотларидан бири бўлмиш LGD Gaming бошқаради. 2009 йилда ташкил этилган муассаса 2018 йилдан бери «ПСЖ» билан ҳамкорлик қилмоқда.

Барча воқеалар Хитой киберспорти саҳнасининг тараққиёти даврида бўлиб ўтмоқда. 2021 йилда 506 млн. хитойлик киберспортга жалб этилдилар. Ҳозир мамлакат болалар учун чекловлар киритмоқда, лекин Хитойда киберспортида ҳамон пул ишлаш мумкин. Шу боис, аудитория кўлами камаймаяпти.

Dota 2нинг оммавийлиги борасида Чин юртида қизиқ вазият юзага келган. У маҳаллий киберспортдаги энг сердаромад ўйин - мукофот жамғармаси катта. Унда иштирок этадиган жамоаларнинг кўпчилиги ҳам профессионаллар. Лекин мухлисларни жалб этиш бобида Dota 2 бошқа киберспорт ўйинларидан ортда қолмоқда. Ўйинларни ҳар куни томоша қилмайдилар, аммо ғалабалар чоғида қизиқиш кучли.

«ПСЖ» Dota 2да бошқаларга нисбатан кўпроқ ғолибликка эришадиган ва пул ишлайдиган жамоага сармоя киритади. Шу услубдаги ҳамкорлик топ-клублар учун айни муддао бўлиб қолди. «ПСЖ»дан ке­йин бошқа клублар буни такрорладилар.

Парижликлар ва LGD ўртасидаги келишувда жамоа бошқарувини тўлиқ топшириш кўзда тутилмаганди. «ПСЖ» ҳам буни талаб этмади: фақат жамоа номи ва ташкилот брендинги ўзгарди. Шу сабабли PSG LGD майдонга футбол клуби билан алоқадор бўлган махсус либосларда тушади. Тизимдаги ички жараёнларни LGD Gaming бошқаради.

«ПСЖ» Dota 2 жамоасига сармоя киритган дастлабки клубга айланди. Унга қадар «Спартак», «Анжи», «Копенгаген» ва бошқа жамоалар ҳам Dota 2га сармоя сарфлашган. Лекин уларнинг лойиҳалари киберспортнинг топ-ташкилотлари билан боғлиқ эмасди. «ПСЖ» ва LGD ўртасидаги ҳамкорлик турли йўналишдаги икки тизимнинг ўзаро бирлашуви учун ажойиб вазиятни шакллантирди.

Шу тариқа Париж гранди Европа клубларидан ўзиб кетди, аммо ўта қалтис таваккалга қўл уриш эвазига. Dota 2 ва бошқа киберспорт тармоқлари йирик сармояни талаб этади. Англиялик экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, League of Legendsнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган иш ҳақи ФИФАнинг бутун бир йўналиши учун етарли бўлади. бироқ «ПСЖ»нинг Dota 2даги ишлари сал бошқачароқ.

«ПСЖ» Dota 2га ўта эҳтиёткорлик билан ёндашди - ишни LGDнинг сиёсатига умуман аралашмаслик шарти билан бошлади. Ҳамкорлик брендларни овоза қилишга қаратилган, LGD мунтазам равишда «ПСЖ» ва унинг либосларини намойиш этади, клуб киберспортдаги қўллаб-қуввватлаши билан жавоб қайтаради. Ўтган йил ёзида Неймар, Месси ва бошқа ўйинчилар The International-да PSG.LGDга бағишланган дастурда фаол иштирок этдилар.

Ортда қолган йиллар давомида «ПСЖ» етарли эътиборга сазовор бўлди, аммо Dota 2 учун мукофот пуллари ва The Internationalдаги ғалабалар муҳимроқ. Унинг футбол билан фарқи ҳам шунда - даромад совринларга боғлиқ. Айнан шу сабабли энг бойвачча хитойлик жаҳон рейтингида 18-ўринни банд этган. PSG LGD ўйинчилари Riyadh Masters турниридан кейин Хитой жамоалари Dota 2да ҳукмронлик қилишидан умидворлар. Ташкилотнинг ўзига ҳам дастлабки ғалаба муҳим аҳамият касб этади - муваффақият кўпроқ ҳомийларни жалб этади. «ПСЖ» анчадан бери бошқа жамоаларни LGDга қизиқтириб келаётгани боис, ўзини киберспорт йўналишидаги дастлабки европалик профессионал клуб, деб ҳисоблайди.

Мазкур ташаббус 2016 йилда бошланганди. Хитойнинг Dota 2даги ташкилотларига «ПСЖ»дан аввал ҳеч ким сармоя киритган эмасди.

«ПСЖ»га LGD билан ҳамкорлик нима беради?

Киберспортдаги ташаббускорлик фаолияти парижликларнинг махсус PSG eSports бўлими зиммасида. У «ПСЖ» мультиспорт клубининг жорий этилиши билан бошланганди. Лойиҳа клуб соҳибининг розилиги билан амалга оширилди: Носир ал Хелайфи турли ўйинлар учун таркибларни шакллантиришга маблағ ажратди. Биргина League of Legends бўйича ўйинчилар хариди учун 70 000 доллар сарфланди.

«ПСЖ» Хитойга фақат спорт орқали боғлиқ эмас, у суғурта компанияси билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйди, ўз номидаги истироҳат боғини очди.

Жамоа 2018 йилда Хитойдаги бир қатор ўртоқлик учрашувларида ғолиб чиқди. Ўша пайтда 1,3 млн. хитойлик мухлислар Weibo орқали клубга аъзо бўлишганди. Клубнинг рақамли технологиялар бўйича директори Рассел Стопфорд айнан Осиё сафари арафасида «ПСЖ» брендлар тарғиботи билан шуғулланганини таъкидлаганди. LGD ва Dota 2 эришилган натижаларни мустаҳкамлади.

Яқин келажакдага долзарб вазифа - The International 2022 турнири. Мусобақа 8-30 окт­ябрь оралиғида Сингапур мезбонлигида бўлиб ўтади. PSG.LGDнинг иштироки кафолатланган, у 30 жамоа орасидаги фаворитлардан бири бўлади. Турнирнинг финал босқичи ёпиқ стадионларда ташкил этилади - одатда, киберспортнинг бу мавқедаги беллашувлари мухлислар гувоҳлигида ўтади.

Мусобақанинг мукофот жам­ғармаси Battle Pass сотувидан шаклланади, бу гал рекорд мақомига кўтарилиши мумкин. PSG.LGD ва Team Spirit ўртасидаги аввалги муобақада мукофот пули 40 млн. долларга етган, 3:2 ҳисобида ғолиб чиққан Team Spirit 18,2 млн.га, финалчи 5,2 млн.га эга бўлганди.

«ПСЖ»нинг мультиспортдаги намунаси бошқа жамоаларга ўз таъсирини ўтказмоқда. Жумладан, «Бешиктош» - бу тараққиёт услубига мос жамоа. Аввалроқ турк жамоаси Counter-Strike бўйича Европанинг энг яхши аёллар таркибига ҳомийлик қилганди. Ке­йин League of Legends ва PUBG Mobile билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

СОДИҚ СОБИР тайёрлади