Футбол ва қонун: «Сити» АПЛдан четлатилиши мумкин...

Футбол ва қонун: «Сити» АПЛдан четлатилиши мумкин...

Англия Премьер-лигаси «Манчестер Сити» клубини юздан ортиқ молиявий қоидабузарликда айбламоқда.

АПЛ расмий сайти хабарига кўра, клубнинг 2009|2010 йилги мавсумдан 2017|2018 йилги мавсумга қадар йўл қўйган 100дан ортиқ молиявий қоидабузарлик ҳолатлари кўриб чиқиш учун тегишли қўмитага оширилган.

Қайд этилишича, текширув жараёни 4 йилдан узоқ вақт давом этган. Жараён Der Spiegel газетасининг 2018 йилда «Манчестер Сити»ни молиявий қаллобликда айблаб, эълон қилган мақоласидан сўнг бошланган. АПЛ расмий сайтида келтирилишича, «Сити» 2009|2010 йилдан 2017|2018 йилги мавсумгача клубнинг молиявий ҳолати бўйича аниқ маълумотни тақдим этмаган. Хусусан, гап клубнинг даромадлари ва ҳаражатлари ҳақида кетмоқда. 2009|2010 -2012|2013 мавсумлар давомида клуб мураббийнинг шартномадаги маоши бўйича тўлиқ маълумотни киритмаган. Айнан шундай қоидабузарликлар 2010|2011-2015|2016 йилги мавсумлар оралиғида бир қатор ўйинчиларга нисбатан ҳам кузатилган. Қайд этилишича, 2013|2014, 2014|2015 ва 2017|2018 мавсумларда «Ман Сити» УЕФАнинг лицензиялаш ва молиявий фэйр-плей қоидаларини ҳам бузиб келган. Бундан ташқари, клуб 2018 йилнинг декабрь ойидан ҳозирги вақтга қадар АПЛ билан текширув жараёнида ҳамкорлик қилмаган ва ташкилот талабига зид равишда зарур ҳужжатларни тақдим этишдан бўйин товлаган. АПЛ ушбу айбловлар бўйича тергов жараёнлари ёпиқ тарзда олиб борилишини маълум қилган. Daily Mail нашрининг ёзишича, «Манчестер Сити»га нисбатан эълон қилинган айбловлар ўз тасдиғини топса, клуб АПЛ­да очколардан маҳрум этилиши, ҳаттоки турнирдан чиқариб юборилиши мумкин.