Футбол ва технология: Академияларга кўмакчи дастур

Футбол ва технология: Академияларга кўмакчи дастур

2020 йилнинг февраль ойида Россия ОАВда Александр Головин таҳсил олган Кемерово вилоятидаги 2та футбол мактабига футболчининг «Монако»га трансфери ортидан бирдамлик тўлови (футболчини тарбиялаган мактаб ёки академияга тегадиган улуш) ҳали берилмагани хусусида хабар тарқалди.

 Шундан сўнг муаммо дарҳол ҳал қилинди - ўша йилнинг сентябрь ойида мактаблардан бири жойлашган Осинники шаҳарчасида Франция клуби маблағи ҳисобига янги майдон барпо этилди. Бироқ глобал миқёсда олсак, ФИФА томонидан белгиланган бирдамлик тўлови масаласи ҳамон ҳавода осилиб турибди. Яъни дунёда ўз тарбияланувчилари трансферидан улуш олмаган (ололмаётган) минглаб мактаб/академиялар бор. Муайян трансфердан кейин белгиланган пул автоматик равишда марказлашган тизим орқали футболчи таҳсил олган даргоҳ ҳисоб рақамига тушиши йўқ гап. Чунончи, ФИФА барчасини назорат остига ололмайди, бундай тизимнинг ўзи йўқ. Қисқаси, аксарият клублар ўз тарбияналувчиларининг кейинги фаолияти ва трансферини мустақил кузатиб боради, эҳтимолки, бу ишга алоҳида ходимларни ҳам бириктирар... Табиийки, доимий кузатув кўп вақт ва диққат талаб этади. Айниқса, тегишли ресурсларга эга бўлмаган кичик клубларга қийин.

Ечим борми?

Бор. Ҳар ҳолда, «Севилья» адвокатлари томонидан муайян вариант илгари сурилган - клубларга ўз тарбияланувчилари фаолият йўлини батафсил кузатиб бориш имконини берувчи махсус илова. Ушбу хизмат тизимини яратиш ишларига Ла Лиганинг барча технологик лойиҳаларини ўзида бирлаштирган LaLiga Tech компанияси жалб қилинган. Испанияда аллақачон шу аснода Transfer Tracker номини олган махсус дастур ишга туширилган. «Илова клублар ва федерацияларга трансферларни кузатиш ва ўзига тегишли улушни олиш имконини беради. Энди бирор клуб ёки академия ўзига дахли бор трансферларни ўтказиб юбормайди», - дейди «Севилья»нинг маълумотлар бўйича директори Элиас Самора. Тўғри, бунда битта мураккаб томони ҳам йўқ эмас: ФИФА трансферлар маълумотини учинчи томонга ошкор қилмайди қонун бўйича. Шунинг учун «Се­вилья» дастурни тўлдиришда турли манбалар маълумотларидан фойдаланади.

Самара борми?

Бор. «Севилья» ушбу иловадан фойдаланиб, бир қатор унутилган трансферларни юзага чиқарди. Самора сўзларига қараганда, андалусияликлар дастур ёрдамида қачондир клубда тарбияланган 700 нафардан ортиқ  футболчи фаолиятини кузатувга олишган ва охирги 18 ой давомида бирдамлик тўловига асосан чамаси 1 миллион евро ишлашган. Энг катта сумма Серхио Регилон трансферидан тушган. «Севилья» бу футболчининг «Реал»дан «Тоттенхэм»га ўтиши ортидан 150 минг евро миқдорида улуш олган. Январь ойида эса Маттиас Краневиттер «Монтеррей»дан «Ривер Плейт»га трансфер қилинди ва «Се­вилья» энди унинг тарбиялаган клуб сифатида 10 минг еврога эга чиқади.

Истиқбол борми?

LaLiga Tech компанияси менежери Маркос Гонсалеснинг таъкидлашича, 2022 йилнинг декабрь ойида илова ишга туширилганидан буён Чили, Аргентина ва Бразилиянинг 7та клуби билан тегишли шартнома тузилди. Шунингдек, айни пайт Англия, Португалия, Хорватия ва Польшанинг чамаси 15та клуби дастурга қизиқиш билан қарамоқда. «Биз ҳар қандай клубга хизмат кўрсатишимиз мумкин. Бунинг учун турли шаблон ва алгоритмлар ишлаб чиқилган бўлиб, клуб улар ёрдамида ўзига тегишли маълумотлар ва улушни нисбатан осонроқ олади. Яқинда ушбу тизимдан мутлақо бехабар ва бирор марта бирдамлик тўлови олмаган Африка клубларидан бирининг вакиллари билан гаплашдим. Агар мамлакат футбол федерацияси рухсат берса, ўша клуб номидан судга мурожаат қилишимиз мумкин. Чунки бизда бунинг учун асос ҳам, маълумотлар ҳам етарли», - дейди Гонсалес.

Кутилишича, Transfer Tracker дастурчилари эндиликда ФИФА бирдамлик тўлови тизимини кузатиш механизми яратиш устида шуғулланишади. «ФИФА бирдамлик тўловини тартибга солиш учун ўз тизимини амалга татбиқ этиши шарт. Бу бутун футбол учун яхши янгилик бўлади. Умуман, ҳар қандай ҳолатда ҳам, футболчиларни тарбиялаган клубларга ўз улушини олишида ёрдам бераверамиз, барибир» - бу LaLiga Tech компания­си менежери Маркос Гонсалеснинг қатъий гапи.