Футбол жамоатчилиги устун...

Футбол жамоатчилиги устун...

Қиш - халқимиз учун сарҳисоб фасли. Эрта баҳордан бошланган деҳқончилик ишлари кузда ҳосил йиғиштириш билан якунланади

 Қиш кириши билан эса деҳқон ортда қолган мавсум ҳисоб-китобини чиқаради ва келгуси йил учун режа тузади. Кейин ўз режасини амалга ошириш мақсадида қиш бўйи ҳозирлик кўради. Таъбир жоиз бўлса, Суперлигани ўтказиш тартиби ҳам деҳқончилик каби таассурот уйғотади. Зеро, мазкур биринчилик учрашувлари эрта баҳордан бошланиб, кеч куз ёки қишнинг илк кунлари ниҳоясига етади. Деҳқончиликда кўзи пишган кишилар об-ҳаво ҳолати, тупроқнинг тобга келиши ва сув танқислиги билан боғлиқ жиҳатларни ҳисобга олиб, эрта баҳордаёқ ҳосил чўғини чамалашади. Aксарият ҳолларда деҳқоннинг мўлжали ўзини оқлайди. Мухлисларимиз эслашса, биз ҳам Суперлига-2023 дастлабки турлари томошасидан сўнг айрим мулоҳазаларни ўртага ташлагандик. Чемпионат давомида муносабат билдириш жараёнида ҳам ҳамиша Суперлига ўйинларидан бир қадам олдинда юришга интилдик. Нима сабабдан шундай йўл тутганимизни мулоҳазаларимиз якунида очиқлаймиз.

Аввало, якунланган мавсумдаги муносабатлар манзараларига яна бир қур назар ташлаймиз: 

1. Мавсум аввалида фақат Максим Шацкихгина Суперлига учун янги ҳаво вазифасини ўташи мумкинлигини айт­гандик. Бунда элитадаги изланувчан мураббийлар, масалан, Виталий Левченко ва Темур Кападзе ҳам унинг миссиясига тенг ишни амалга оширолмасликлари сабабларини тушунтиргандик. Оддий ифода этганда, «Пахтакор»да шаклланган тарихий анъана ва Максим Шацких олиб кирадиган янги ҳаво уйғунлашса, «шерлар» билан бирор жамоа рақобатлашолмаслигини прогноз қилгандик. Барчамиз гувоҳи бўлдикки, мавсум давомида «Нав­баҳор» ёки «Нефтчи»нинг чемпионлик учун имконияти жиддий муҳокамалар мавзусига айланди. Айтишимиз керак, мавсум бошидаги  тахминлар учун етарли даражада асослар ҳам бор эди. Ваҳоланки, Виталий Левченконинг мураббийлик маҳорати Максим Шацкихнинг ҳали тобига етмаган лаёқатидан устунроқлиги, «Навбаҳор» таркиб борасида «Пахтакор»га нисбатан кучлироқ эканлиги яққол кўзга ташланганди. Бироқ бу жиҳатларнинг барчасидан кўз юмиб, мухлисларга «Пахтакор»нинг чемпионлик рутбаси масаласида рақиблардан устунлигини тез-тез эслатиб турдик. Тўғри, Суперлигада қизғинлик кучайган бир паллада мулоҳазаларимиз кўпчиликка ёқмади, маъқул тушмади. Лекин якун нима бўлди? Шу жойда саволлар ўртага тушади: «Пахтакор» нима учун яна чемпион бўлди? «Насаф», «Навбаҳор» ва «Нефтчи»га олтин медаль йўлида нима етишмади ўзи?»

2. Ўртага қўйилган саволларга якунланган мавсум билан боғлиқ бир неча мақоламизда баҳоли қудрат жавоб қайтарганмиз. «Нефтчи»нинг муҳим очколари ҳакамлар томонидан тортиб олингани, «Насаф»нинг аутсайдер жамоага енгилгани, «Навбаҳор»­нинг асосий рақибларидан устун келолмагани тўғрисида кўп ёзилди. Жамоаларнинг турнир жадвалидаги ўрнига айни шу ҳолатлар ҳам жиддий таъсир кўрсатгани аниқ. Буни инкор этмаймиз асло. Лекин ўша иддаоларга қарши бошқа бир мулоҳаза туғилади кўнгилда: «Пахтакор» ҳам «Нефтчи»дан енгилди, «Насаф»ни мағлуб этолмади, қай бир ўринларда ҳакамлар хатоларидан жабрланди. Демоқчимизки, «Пахтакор» ташқи омиллар таъсирида очко йўқотиш борасида энг кучли рақиблари билан бир хил ҳолатда. Бу масалада чемпионлик учун курашган 4та жамоанинг бирида имконият ортиқроқ даражада бўлганини айтиш ноўрин. Лекин якунда «Насаф», «Навбаҳор» ёки «Нефтчи» эмас, балки яна «Пахтакор» чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Фикримизча, бунда энг асосий омил - Максим Шацких! Виталий Левченко, Рўзиқул Бердиев ва Самвел Бабаян бутун мавсумни бошдан охиригача кафтдаги ойнада кўриб туриш борасида Максим Шацкихга ютқазишди. «Пахтакор» бош мураббийи мавсум давомида учралажак мағлубиятлар, рақобатчилар ўртасидаги «бир-бирини гўштини ейиш» жараёни ва мавриди билан қозонилажак ғалабалар серияси - барчасини ҳисобга олишда адашмади. У Виталий Левченко қанчалар маҳоратли мураббий бўлмасин, «Нефтчи»нинг потенциали, Рўзиқул Бердиев қарашларидаги футболимиз билан боғлиқ ёзилмаган қоидалардан устун чиқолмаслик ҳолати, Самвел Бабаян услубига хос ортиқча эҳтиёткорлик чемпионлик орзусини рўёбга чиқаришда халақит беришини назарда тутди. 

3. Эътибор беринг, дастлабки икки масалада мураббийлар савияси, фаолияти ва натижасига кўпроқ тўхталдик. Aлбатта, бежиз эмас. Aёнки, иқтидорли ёшлар академиялар ва футбол мактабларида тарбия топишади. Лекин улардаги талантнинг юзага чиқиши, мавжуд имкониятлари катта футболда намоён бўлиши қайсидир клуб бош мураббийи савияси, унинг умумий ёндашуви билан чамбарчас боғлиқдир. Шу маънода Суперлига жамоалари бош мураббий танлаш ва саралашда футбол тараққиётидан анчайин ортда бормоқда. Биз олқишлаётган Максим Шацких ва Виталий Левченко салоҳияти еврофутбол мезонлари билан баҳолаганда, анчагина ғариблиги маълум. Бироқ ҳар иккиси шу даражаси билан ҳам жамоада мураббий муҳим «фигура» эканлигини исботлай олди. «Пахтакор» ва «Нефтчи» таркиб масаласида қанчалар қийин аҳволга тушмасин, ҳар икки мураббий ўз жамоасини мураккаб вазиятдан қутқарди. Таркиб бобида мақтанса арзийдиган жамоа эса бош мураббий нўноқлиги ортидан асл имкониятларидан унумли фойдаланолмади. Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев, Темур Кападзе каби тажрибали мураббийлар Суперлигада шаклланган «қадриятлар»дан қутулмас эканлар, охир-оқибат, ўзларидаги «мен»ни йўқотишади. Уларда йиллар давомида вазиятга қараб иш тутиш, услуб танлаш ва натижа қайд этиш кўникмаси шакл­ланди. Aфсусланарлиси, айнан шу кўникма футболимиз тараққиёти душманидир. Ҳа, Максим Шацких ва Виталий Левченко уларни бироз ҳуш­ёр торттиришди. Aммо бу таъсир ҳозирча сезиларли эмас. 

Муҳтарам мухлис! Мулоҳазаларимиз аввалида ҳамиша вазиятдан олдин юриш ва муносабат билдиришга интилганимизни эслатгандик. Футбол жамоатчилиги бутун мавсум давомида биз каби йўл танлади. Яъни вазиятлар ва натижаларни аввалдан баҳолаб борди. Ниҳоят, мавсум якунланди ва ғалвир сувдан кўтарилди. Ғалвир сувдан кўтарилганида шу нарса маълум бўлдики, Суперлига жамоалари потенциалини баҳолашда футбол жамоатчилиги фикри мутахассислар, мураббийлар ва мутасаддилар қарашларидан устун. Бошқача айтганда, футбол жамоатчилиги вазиятга холис баҳо бериш бобида нариги тарафни енгди. Бу борада тарозининг футбол жамоатчилиги турган палласи босиб кетди. Ҳолбуки, аксарият мураббийлар матбуот анжуманларида журналистлар ва мухлислар саволларига жавоб қайтариш чоғи ўзларини футбол билимдони, вазиятларни баҳолашда устаси фаранг сифатида кўрсатишди. Гўё улар футболнинг барча сир-асрорларини билишади-ю, жамоатчилик ҳақиқий аҳволдан бехабар. Aслида эса вазият бунинг тескариси эканлигини ҳаётнинг ўзи, Суперлига якуни исботлаб қўйди. Ўта ҳаққоний саволлардан сўнг бош эгиб, хатолар устида ишлашни таъкидлайверадиган мураббийлар бу хусусда ўйлаб кўришмаса, келгуси мавсум қийин аҳволга тушиб қолишлари муқаррар! Ойни этак билан ёпиб бўлмагани каби Суперлига якуний турнир жадвалидан кўз юмиб, ўзини оқлашга уриниш ачинарли ва кулгилидир. Хуллас, футбол жамоатчилиги бу мавсум ҳам ўз ишини аъло даражада бажарди!

Муҳаммад ВАЛИ