Футуристик машғулотлар моҳияти

Футуристик машғулотлар моҳияти

Замонавий технологиялар футболда ҳам тобора кенгроқ қўлланилмоқда.

 Мисол учун, «Майнц» дарвозабонлари машғулотларда махсус кўзойнак таққан ҳолда ишлашади. Хусусан, Робин Центнер Мар­бельеда ташкил этилган йиғинда кўзойнак билан кўриниш берганди.

Кўзойнак қандай хусусиятга эга?

Махсус кўзойнак спортчининг кўриш қобилиятига ўта қисқа таъсир билан мияни олдиндан ҳис этишга мажбур қилади, организм сезувчанлигини оширади. Масалан, дарвозабонларга мураккаб зарбаларни бартараф этишда ёрдам беради. Кўзойнакни яратган мутахассислар таърифлашларича, уни тақиб олган спортчига чамаси 5 дақиқадан кейин ўйин секинлашиб қолгандек туюлади. Шу тариқа киперда тезроқ чора кўриш борасида қўшимча ишонч туғилади, хусусан, тўпни қайтаришда. Шунингдек, кўзойнак таъсирида мия майдондаги воқеаларни керакли ва кераксизга ажратади - бу беҳуда ҳаракатларни амалга оширмасликни таъминлайди. Асосийси, кўзойнакли футболчи тўпни яққолроқ кўради, вазиятга тезроқ реакция билдиради.

Кўзойнакдан 3 хил режимда фойдаланилади:

- Иккала кўз билан 

- Ўнг кўз билан 

- Чап кўз билан

Шу зайлда мия битта кўз ёрдамида ҳам тўлиқ ахборот олишга мослашади. Спортчи бунда асосан мушаклар ва нерв тизими орқали ахборот тўплайди. Чунки мия кераксиз ахборотни чиқариб ташлайди. Натижада футболчи ўз организмини яхшироқ ҳис этади. Спортчи стробоскопик кўзойнак билан ўтказилган машғулотлардан кейин ўзини анча тетик ва хотиржам тутиб, бор эътиборини ўйинга қаратади. Кўзойнак мия фаоллигини қўзғатиб, кўриш қобилиятини ҳам яхшилайди. 

2020 йили стробоскопик кўзойнакнинг кўз ва қўлларга таъсири хусусида илмий мақола чиқарилди. Унга биноан, кўзойнакдан доимий равишда фойдаланиш мумкин эмас. Яъни 2-3 кунда 15 дақиқача тақиш тавсия этилган. Шунинг баробарида бу режим муддати 3 ойдан ошмаслиги лозим. Оддий айтганда, маълум муддатли танаффус зарур. Акс ҳолда, инсон салбий оқибатларга дуч келиши ҳеч гап эмас.


Кўзойнак синовдан  ўтказилганми?

Дарвозабонлар мураббийлари вақти-вақти билан бу техник усулга мурожаат қилиб турадилар. Масалан, «Шальке» мураббийлар штаби 7 йилча муқаддам шундай кўзойнаклардан фойдаланганди. Битта кўзойнак баҳоси - чамаси 500 евро. Анчадан буён нейробиология соҳасида ишлаётган Спорт тикланиш департаменти раҳбари Аксель Бузенкель футболчилар билан мия нейронларини ривожлантиришга қаратилган машқлар ўтказади. Швейцария терма жамоаси вакиллари ҳам стробоскопик кўзойнакларни яхши билишади. Дейлик, 10 йилча олдин дарвозабон Диего Бенальо илк марта кўзойнак таққан бўлса, ҳозир барча футболчилар ундан фойдаланадилар. Эҳтимол, Ян Зоммер ижросидаги ажиб «сейв»­лар сири ҳам шу кўзойнакдадир.

«Манчестер Сити» футболчилари эса ушбу янгилик билан 2014/2015 йиллар мавсуми арафасида Шотландияда олиб борилган йиғин чоғи танишишган. Россия терма жамоасида ҳам бунга қизиқиш билдирганлар бор. Хусусан, Игорь Акинфеев янги технологияга қарши эмас. Умуман, мазкур кўзойнак бошқа спорт турларида ҳам ишлатилади. Масалан, баскетбол юлдузи Майкл Жордан ўз ўйинини кучайтириш мақсадида махфий равишда янги технологияга мурожаат қилган.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади