Болгар футболидаги криминал

Болгар футболидаги криминал

WikiLeaks сайти шундай ёзади: «Уюшган жиноятчилик - замонавий Болгариядаги жиддий муаммо. У коррупцияни қўллаб-қувватлаб, мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини секинлаштирмоқда.

Болгариялик жиноий гуруҳлар пул ювиш, ноқонуний гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланади, юқори сифатли қалбаки доллар ва евролар чоп этади. 2022 йилги ҳолатга кўра, мамлакатда 130тага яқин уюшган жиноий гуруҳлар фаолият юритиб, уларнинг аксарияти футболга пул ажратади».

Болгария миллий термасининг ўзига яраша тарихи бор. Жамоа 60-70-йилларда қаторасига тўртта жаҳон чемпионатида ёмон қатнашмади. Лекин ҳақиқий муваффақият 1994 йилда келди. АҚШ мундиалида бутун жаҳон болгар футболининг борлигидан хабар топди, ушбу мамлакат термаси турнир ярим финалигача етиб борди. Ўша жамоанинг асосий юлдузи Христо Стоичков ЖЧнинг тенгсиз тўпурарига айланиб, кейинроқ «Олтин тўп»га сазовор бўлди. Бироқ ёрқин парвоз ортидан кескин шўнғиш кузатилди: ЖЧ-98да бир очко ва 7та ўтказиб юборилган тўп, кейинчалик мундиал саралашида қаторасига омадсиз иштирок. Болгар футболидаги инқирозга нима сабаб бўлди? 

Клуб президентларининг ўлими

София чеккасидаги шаҳарчада Пловдивнинг «Локомотив» клуби президенти Александр Тасевни машинасига жойлашган пайтда ўлдириб кетишди. Эътиборлиси, икки йил мобайнида ушбу жамоанинг уч нафар хўжайини ҳаёт билан видолашди. Болқон мамлакати маҳаллий спортдаги коррупция ва криминал таъсир доираси туфайли кўпчиликнинг ёстиғини қуритди. ЖЧ-1994 ярим финалчиларининг сўнгги бор мундиал финал босқичига 24 йил аввал чиқишгани, Еврода эса охирги марта 18 йил аввал қатнашишгани бежиз эмас. Йиллар давомида болгар футболидаги уюшган жиноятчиликка қарши кураш олиб борилди, аммо ушбу иллат жуда чуқур илдиз отиб улгурганди.

Клубга эгалик қилиш учун, пулингиз бўлиши керак; Болгарияда пулингиз бўлса, катта эҳтимол, уюшган жиноятчиликка аралашасиз, уюшган жиноятчиликка аралашганларни эса тез орада ўлим кутади. Сўнгги 12 йил ичида Болгария клубларидаги 15 нафар президент ўлдирилди. Статистикага қараганда, ушбу мамлакатда футбол клубини бошқаришдан кўра, бомбани зарарсизлантириш бўйича мутахассис бўлиб ишлаш хавфсизроқ ҳисобланади.

Тасев ўз бизнесини қадрдон шаҳри Кюстендилда олиб борган, ушбу маскан «Локомо-тив»нинг собиқ президенти Георгий Илиевнинг ҳам фаолият маркази ҳисобланган. Кўпчилик Илиевни Болгариянинг етакчи мафия боссларидан бири деб ҳисоблайди. Гарчи унинг Тасевга тўғридан-тўғри алоқаси бўлмасада, Тасевнинг Илиев рухсатсисиз бунчалик муваффақиятга эришишига ҳеч ким ишонмайди.

Болгария ички ишлар вазири Румен Петковнинг таъкидлашича, 2001 йилда Тасевга қарши Сербияга газни ноқонуний экспорт қилганлик бў-йича иш очилган. Бу ишда ҳеч нима исботланмади, аммо Тасев ва Илиев ўртасида алоқа борлиги кундек равшан эди. 2005 йилнинг мартида Илиевнинг ташаббуси билан Николай Попов «Локомотив» президенти этиб тайинланди, аммо кўп ўтмай у ҳам ўлдирилди. Ўша йилнинг августида, «Локомотив» УЕФА кубогининг биринчи раундига чиққанидан бир неча соатлар ўтиб, Илиевнинг ўзи Черномор курортидаги ресторанда отиб кетилди.

Илиевнинг «Локомотив»га таъсиридан ижобий эффект ҳам йўқ эмасди. Унинг инвестициялари ЦСКА ва «Левски» сингари грандларга рақобат туғдириш имконини берди, шу тариқа 2004 йилда жамоа ўз тарихида илк бор чемпионликни нишонлади. Аммо Илиевнинг ўлимидан кейин пуллар тугади, энг яхши футболчилар сотиб юборилди, мавсумни эса ёшлар билан тугатилди.

Иқтидорли футболчининг ўғирланиши

18 ёшли Димитар Бербатов машғулотдан кейин машинаси томон яқинлашди. Эшикни очиб, спорт сумкасини орқа ўриндиққа ташлаб, рулга ўтиришга улгурмади. Унинг қаршисида «Мерседес» автомобили тўхтаб, ичидан уч киши тушдида, Бербатовнинг қўлларини орқага қайириб, бошига қоп кийдиришди. Сўнгра машинага жойлаб, номаълум йўналиш бўйлаб олиб кетишди.

Бербатовнинг айтишича, уни Софиядан бир неча километр узоқликда жойлашган уйга элтишган. Бу Болгариядаги жиноий гуруҳлардан бирининг аъзолари эди. Мақсад - Димитарни уларнинг клуби билан шартнома имзолашга кўндириш.

Охир-оқибат футболчини қўйиб юборишди, тез орада у Леверкузеннинг «Байер»ига йўл олди. Аммо Бербатов ва Болгария мафиясига алоқадор воқеалар шу билан якунланмади. У «Манчестер Юнайтед»да ўйнаётганида, жиноятчилар оила аъзоларини ўғирлаш билан таҳдид қилиб, ярим миллион фунтлик талаб қўйишди. Ўшанда Алекс Фергюсон Бербатов оиласини Софиядан эвакуация қилиш учун шахсий самолётини тақдим этганди.

Келишилган ўйинлар оқими

Камтарона ҳисоб-китобларга кўра, сўнгги 25 йил ичида Болгариянинг иккита олий лигасидаги ҳар 15 ўйиндан биттаси келишилган бўлиши мумкин. Шу давр мобайнида мамлакатда футболга алоқадор 200дан зиёд киши ўлдирилган. АҚШ элчихонасидаги манбалар WikiLeaks сайтига Болгария футбол клубларини назорат қилувчи бир нечта криминалга боғлиқ номлардан хабардор эканликларини билдиришган. Таниқли футбол мутасаддилари ортида турган соя­даги фигуралар орасида таниқли қурол сотувчилари, икки россиялик олигарх ҳамда маҳаллий криминал етакчилари бор.

Мана, конкрет мисол. Болгариянинг бадавлат кишиларидан бири, «Бош чаноғи» тахаллуси билан танилган Василь Божков 1999-2006 йиллар мобайнида Софиянинг ЦСКА клуби президенти бўлган. Параллель равишда у Болгариядаги «Еврофутбол» номли йирик букмекерлик компаниясининг эгаси ҳам ҳисобланган. Катта эҳтимол, шу етти йил мобайнида ЦСКА иштирокидаги исталган ўйин унга фойда келтирган.

2011 йилда болгариялик спорт журналисти Йордан Динов келишилган ўйинлар билан боғлиқ шов-шувли мақола тайёрлаб, унда аниқ номлар, саналар ва рақамларни келтирган. «Локомотив» Пловдив ҳамда «Левски» София жамоалари ўртасидаги учрашув шулар жумласидан. У мазкур баҳснинг келишилганлиги, маҳаллий букмекерлар «Локомотив» ғалабасига фаол пул тикишганига батафсил исбот тақдим этган. Ўшанда «темирйўлчилар» 93-дақиқада пенальтидан гол уриб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишган.

«Болгариядаги исталган клубни олинг, хўжайинлари мафияга алоқадор бўлиб чиқади, - деб ёзганди Динов. - Ҳеч бир жамоа ички чемпионатда уларнинг розилигисиз ғолиб чиқолмайди. Ҳамма билади: кимда-ким алоқага чиқишни истамаса, навбатдаги Тасев, Илиев ёки Поповга айланади - хуллас, уни йўқ қилишади».

Кейинроқ Йордан Динов матбуот анжумани ташкил этиб, барча тафсилотларни ошкор қилди. Яққол далиллар борлигига қарамай, полиция тергов ўтказмади, амалдор ва футболчиларга айблов қўйилмади. Динов эса ўша йилнинг апрелида София марказида ўлдирилди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади