«Рома» Элдор Шомуродов нега шартномани узайтирмоқда?

«Рома» Элдор Шомуродов нега шартномани узайтирмоқда?

«Рома»нинг Шомуродов билан шартномани узайтиришни хоҳлаётгани ҳақидаги хабарлар нимани англатади?

Клуб айнан нимани хоҳлаётганини фақат унинг раҳбарлари билишади. Мен эса фақат бир нарсани биламан: клублар кўпинча футболчини қимматроқ баҳода сотиш учун унинг шартномасини қисқа муддатга узайтиради. Чунки футболчи келишув бўйича охирги мавсумга киришганидан сўнг унинг трансфер баҳоси кескин тушади. 2017 йили Элдорнинг ўзи «Бунёдкор» билан шартномаси муддатини узайтиришдан қатъиян бош тортган ва битим тугашига 6 ой қолган вақт «Ростов» билан келишувга эришганди. Натижада Тошкент клуби олдида 2та вариант қолганди - миллий термамиз сардорини мавсум ўртасида сотиш ёки уни кейинроқ текинга қўйиб юбориш. Биринчи вариантда трансфер суммаси бироз баланд бўларди, аммо бозор қийматидан паст, барибир.
****
Айтганча, Сречко Катанец (бетоблиги) билан боғлиқ вазият ва унинг Ўзбекистон миллий жамоасидаги келажагини фактларсиз муҳокама қилиш ярамайди. Ҳозирги ҳолат факти: Катанец бетоб, у бунга қадар айни шу муаммо ортидан терма жамоа ўйинларини 2 марта ўтказиб юборганди. Ҳатто учинчи марта келолмаслиги охиргиси бўлишини айтганди гўё. Шунинг учун унга аввало, саломатлик ва Ўзбекистон термаси ўйинларини бошқа ўтказиб юбормасликни тилайман. Маош масаласидаги қарздорлик ҳақида янграётган гап-сўзларга келсак, булар ҳеч қандай асосга эга бўлмаган тахминлар, холос. 

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»