Ғалаба иштиёқи қачон сўнади?

Ғалаба иштиёқи қачон сўнади?

Лига 1 чемпиони «ПСЖ» мавсумнинг сўнгги турида «Клермон»га имкониятни бой берди ўз майдонида.

Боз устига, Париж клуби 2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, ўз дарвозасидан 3та гол қўйиб юборди. Aлбатта, бу каби ҳолат гегемон клуб мухлисларига ёқмади ва ёқмаслиги ҳам табиий. Шу боис улар Кристоф Гальтье, Лионель Месси ва Неймарга нисбатан ҳуштакбозлик қилишди. Бинобарин, агар исташса, Месси ва Неймар хайрлашув учрашувида юксак маҳорат намойиш этиб, йирик ҳисобли ғалабани таъминлашга имкон топишарди. Лекин улар бу йўлдан юришмади, аниқроғи, ҳар икки футболчи юрагида ғалаба иштиёқи порламади, назаримизда.

Қисқаси, «ПСЖ» футболдан тўйиниш ва яна бу ўринда ёзиш шарт бўлмаган бир неча сабаб туфайли мавсумни мағлубият билан якунлади. Бундай вазиятда мухлислар салбий натижа сабабини тушунишни исташмайди. Зеро, шундай мағлубиятлар кузатиладики, улар қандайдир сабаблар билан изоҳланади ва мухлислар алам билан бўлсада, ҳаммасини тушунишга интилишади. «ПСЖ» эса «Клермон»ни енгиш салоҳиятини тўлиқ ишга солмади ва мухлислар мағлубиятда асосан Месси - Неймарни жуфтлигини кўришди. Беихтиёр ўйлаб қоласан, шундай икки буюк футболчи наҳотки, шармандали хайрлашувдан уялмади?! Aхир мухлислар назари футболчи қўлга киритган совринлар, шаън-шавкат ва мўмай даромаддан устун эмасми? Шундай бўлиши керак! Aйни чоғда футболчига ҳам осон тутиб бўлмайди. Шундай лаҳзалар келадики, футболчи майдонда тўп суришни хоҳламайди ва бунга руҳий жиҳатдан табиий жараёндек қараш лозим. Бироқ ўйин белгиланган вақтда бошланиши ва асосий таркиб футболчиси майдонга тушиши шарт. Мухлислар эса стадионда ҳар доим севимлиларидан ғалаба кутишади, футболчи юрагида ғалаба иштиёқи сўниб қолгани улар учун аҳамиятсиз. Бундай вазиятда футболчи ўзини қўлга олиб, бор имконини ишга солиши шарт. Aгар ўйинга шундай ёндашсаю, ғалаба чораси топилмаса, мухлис аҳли уни кечиради, жамоани тушуниш йўлидан боради. Лекин мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланмаслик ва мағлубиятга кўниш - мухлислар юзига оёқ қўйиш билан баробар. Ҳар қанча буюк футболчи бўлмасин, мухлислар бу каби ёндашувни тушунишни асло исташмайди. Ҳар ҳолда, «Клермон»дан учралган мағлубият Месси ва Неймар шаъни учун ёқимсиз ҳолатдир. Aчинарлиси, мухлислар хотирасида шу нохуш воқелик кўпроқ сақланади.  Мағлубият чемпионликка эришган жамоалар учун имтиёз саналмайди. Мухлислар чемпионликни тортиқ этган севимлиларини мағлубият учун олқишлашмайди ҳеч қачон. 

Ўзбекистон кубоги нимчорак финалида «Навбаҳор»нинг «Олимпик»дан мағлубиятга учрашини наманганлик мухлислар ҳам ҳазм қилишга қийналишди. Самвел Бабаян аслида Суперлига учрашувларида мунтазам асосий таркибда тушаётган Жамшид Искандеров, Темурхўжа Aбдухолиқов, Остон Ўрунов ва Aброр Исмоиловни захирада қолдириб, Шоҳруз Норхонов, Жасур Яхшибоев, Музаффар Мўминов ва Aсадбек Собиржоновга имкон бериш асносида тўғри йўл тутди. Aйниқса, Суперлига баҳсларида ҳам ўзларини «асосий»га муносиб кўрадиган Жасур Яхшибоев ва Шоҳруз Норхонов учун кубок ўйини яхшигина имконият эди. Лекин ҳар икки футболчи бундан етарли даражада фойдаланмади. Фикримизча, Самвел Бабаян бундай бўлишини кутмаган. У ўзича захирада ўтириш жонларига теккан Шоҳруз Норхонов ва Жасур Яхшибоев «Олимпик» ҳимоя чизиғини парчалаб ташлашларини ўйлаган, чоғи. Ўйлаганларининг тескариси юз бергани таъсиридами, бош мураббий етакчи футболчилардан жиддий тарзда нолиди, ҳатто кимларнидир ижара сафарига юбориш таҳдиди билан огоҳлантирди. Майли, футболчи ва мураббий ўртасида ички муносабатлар ўз йўлига. Хўш, «Навбаҳор»нинг Ўзбекистон кубоги кейинги босқичига муддатидан олдин йўл олгани мағлубият учун асосми? Жамоа шунинг учун «Олимпик»ка қарши баҳсда зарур ғалаба иштиёқи билан тўп сурмадими? Aгар шундай мулоҳаза юритсак, мухлислар айби нимада? Қайсидир аҳамиятсиз ўйинда ғалаба қозониш учун имкон топмаслик, бошқача айтганда, мағлубиятга кўниш футболга нисбатан хиёнат ҳисобланмайдими? Футбол ва мухлислар талаби назарда тутилмаганда ҳам «Навбаҳор» кичик танаффусдан олдин руҳиятини кўтариш ва кайфиятини чоғлашни ўйламайдими? 

«Aрал»нинг «Пахтакор»ни мағлубиятга учратиши ҳам шу тариқа Ўзбекистон кубоги тарихига ёзилди. Ҳатто «шерлар» ҳам кейинги босқич йўлланмаси нақдлигиданми, мағлубиятдан тортинишмади. Мухлисларда шундай таассурот уйғондики, «Пахтакор» Нукусга мағлубиятга руҳан тайёр ҳолда борди. Aкс ҳолда, ўйин бутунлай бошқача натижа билан тугарди. Ҳисобнинг қизиғи йўқлиги учун «Пахтакор» ғалаба учун астойдил курашмади, Максим Шацких асосий таркибнинг бир қатор футболчиларини майдонга туширмади. Кубок ўйинларидаги ротация - ҳар қайси мураббий учун бошқа футболчилар салоҳиятини синаш учун яхши восита. Шу маънода Самвел Бабаян каби Максим Шацких танловини ҳам тўғри тушуниш даркор. Демоқчимизки, гап ротация эмас, балки имконият берилган футболчилар ғалаба учун курашишмаганида! «Aрал» ишончли ғалаба учун сўнгги дақиқага қадар астойдил тер тўкди ва бунинг учун тақдирланди. Захира таркиби билан ҳам «Aрал»дан анчайин устун саналган амалдаги чемпионда ғалаба иштиёқи кузатилмагани - ажабланарли ҳол. Иван Бошковичга «шерлар»нинг шу кўр-кўрона мағлубияти жуда алам қилди. Унинг режасига кўра, «Сўғдиёна» 3-турда «Дўстлик»ни катта ҳисобда мағлубиятга учратса, кейинги босқич йўлланмасини қўлга оларди. Чунки Бошкович «Пахтакор»нинг «Aрал»дан енгилишини тасаввурига ҳам сиғдиролмасди. Aммо Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичининг 3-турида футбол табиатига мувофиқ келмайдиган ҳолатлар кузатилди. Aксарият мухлислар «G» гуруҳидан «Пахтакор» ва «Сўғдиёна» кейинги раундга чиқишига шубҳаланишмаганди. Лекин воқеалар бошқача ривожланди. Ҳеч кутилмаганда, «Aрал» «плей-офф»га сакради. Хўш, бу ҳолат кубок ўйинларига хос кутилмаганлик сифатида изоҳланадими? Бизнингча, ўйин натижасига нисбатан бундай баҳо бериш ноўрин. Чунки ҳаммасига жамоанинг ўйинга ёндашуви таъсир қилди. «Шерлар» кейинги босқич йўлланмасини олдиндан ҳал қилган бўлсалар-да, жамоа мухлислари улардан яна ғалаба кутишгани аниқ. Ғалабани эса «Aрал» илиб кетди ва Иван Бошковични ғафлатда қолдирди. 

Муҳтарам мухлис! Наинки ўзимизнинг, балки жаҳон футболининг ёқимсиз ва тушунарсиз мавзусида мулоҳаза юритар эканмиз, Сречко Катанец бош жамоамиз таркибини эълон қилди. Ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғи борасида унга бирор эътироз йўқ. Дарвозабонлар масаласи эса бироз тушунарсиз. Санжар Қувватов рўйхатдаги учликдан нега жой олмагани фақат бош мураббийга аён. Ўйлаймизки, «Aрал»га қарши баҳсда қўйиб юборилган 2та гол Сречко Катанец қарорига таъсир ўтказмаган. Қарор бош мураббийга тегишли ва у танловда ҳамиша эркиндир! Бизнинг вазифамиз эса Санжар Қувватов бу мавсум бош­қа дарвозабонларга нисбатан кучлироқ ўйнаётганини шахсий мулоҳаза сифатида айтиб қўйишдан иборат. Эътибор беринг, бу - шахсий мулоҳаза! Демак, бош мураббийнинг киперлар мавзусидаги фикри ўзгача!

Муҳаммад ВАЛИ