Гаров, «Браво Гладбах»!

Гаров, «Браво Гладбах»!

«Бавария» текис жойда қоқилди. Мюнхен суперклуби янги мавсум ҳисобидан илк расмий 4та ўйинда нақ 20та гол уриб, 4тагина қўйиб юборганди.

Қаранг, 1та учрашувда ўртача 5тадан гол - даҳшат! Лекин бу даҳшат Бундеслига 5-турида «Аьянц Арена»га ташриф буюрган Менхенгладбахнинг «Боруссия»сига кор қилгани йўқ. Чунки бу жамоа «Голливуд ФК»га қандай қаршилик қилишни яхши билади.   

Диққат қилинг, «Боруссия» М. қаторасига 5та ўйиндан буён «Бавария»га ён бераётгани йўқ - 3та ғалаба ва 2та дуранг. Эътиборли томони, шу ғалабалардан 2таси Мюнхенда нишонланган. Боз устига, «бавариячилар» ўтган йили Менхенгладбахда 0:5 ҳисобида имкониятни бой беришган. Ҳа, «Бавария»нинг даҳшати Гладбах «Боруссия»сига чўт эмас. Бундай жамоа - Бундеслига учун сув-ҳаводек зарур. Акс ҳолда, «Бавария» чемпионатда нималар қилиб ташларди - айтиш мушкул...

Энг қизиғи, мавсум стартида худди «Бавария»дек қутурган «ПСЖ» ҳам аввалги ҳафта «тўхтади».  Яъни парижликлар «Бавария» дурангидан бир кун ўтиб, ўз майдонларида «Монако»ни енга олишмади - 0:1. Лига 1 гранди бунга қадар Бундеслига гегемони билан ким ўзарга гол ураётганди.