Бу ҳақда metaratings.ru сайти хабар тарқатди. Унга кўра, Москва клуби 21 ёшли футболчини ижара сафарига юборишни эмас, тўлақонли трансфер қилишни истамоқда. Бунга қадар ҳамюртимизга «Химки» ва «Торпедо» клубларининг қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Эслатма, «Спартак» ва Ўрунов ўртасидаги шартнома 2025 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Пойтахт клубининг собиқ ярим ҳимоячиси Александр Мостовой ҳамюртимизга тўхталиб, Москва клуби сиёсатини қоралади: «Мантиқан қарасак, Остон майдон марказида ўйнайдиган футболчи, жамоанинг ўрта чизиғи эса ижрочилар билан тўла. Ўзи «Спартак»ка Бакаев керак бўлмай қолди, Тилни 20 миллионга сотиб олишди, у ҳам кераксизга чиқарилди. Остон қаерда ва кимнинг ўрнида ўйнайди? Ҳа, барчаси унинг қўлида. Балки мураббий пайқаб қолар. Аммо кўп нарса мураббий эмас, клубдаги инсонларга боғлиқ. Улар шунчаки, Ўрунов керак эмаслигини айтишлари мумкин. «Торпедо» ва «Химки» каби клубларга эса шундай йигитлар керак».
Айтганча, Остон худди Иброҳимхалил Йўлдошев каби РПЛ-2021|2022нинг энг яхши ёш футболчилари қаторидан жой олди. Championat.com сайти сўровида РПЛ клублари бош мураббийлари ва сардорлари овози инобатга олинди. Иштирокчилар жами 34 нафар футболчини эътироф этишди. «Нижний Новгород» ҳимоячиси ҳам, «Уфа»да ижара муддатини ўтаган Остон ҳам 1 балл олди - 31-34-поғоналар. Йўлдошевга «Нижний Новгород» бош мураббийи Кержаков овоз берган бўлса, Остон Ўруновни «Спартак» сардори Жикия 5-ўринга қўйди.
Қозоғистон. «Ордабаси» Қозоғистон кубоги гуруҳ босқичи 1-турида «Қайрат» меҳмони бўлиб, 0:2 ҳисобида енгилди. Жамоа ҳимоячиси Одил Абдумажидов ушбу омадсиз ўйинда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. Игорь Сергеев клуби - «Тобол» эса ЕЧЛ биринчи саралаш босқичида «Ференцварош»ни қабул қилди. 0:0 ҳисобида якунланган баҳсга ҳамюртимиз 64-дақиқада захидан қўшилди. Жавоб учрашуви 13 июль куни Венгрия чемпиони майдонида ўтказилади.
Беларусь. «Энергетик-БГУ» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов «Гомел»га қарши учрашув (Олий лига 14-тури)да тўлиқ вақт ҳаракатланиб, гол уролмади ва «талабалар» 0:0 ҳисобига кўнишди. Ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳам 90 дақиқа тўп сурган бўлса, ярим ҳимоячи Шоҳруҳ Абдураҳмонов 75-дақиқада алмаштирилди. У 34-дақиқада сариқ карточка олиш асносида қайдномага ҳам кирди.
Италия. «Рома» мавсумолди йиғинидан ўрин олган дастлабки назорат ўйинида «Трастевере»ни 5:0 ҳисобида енгди. Эътиборлиси, Элдор Шомуродов барчасини катта иштиёқ билан бошлади - 1тадан гол ва самарали узатма. «Рома» энди 13 июль куни «Сандерленд» билан куч синашади. Асосийси, бу вақтда «Рома» шарафини ҳимоя қилаётган легионеримиз келгуси мавсум қаерда тўп тепиши ойдинлашиб бормоқда. Алоҳида айтиш керак, Португалия сафаридан олдин «Рома» спорт базасидан чиқаётган терма жамоамиз вакили мухлислар томонидан келажаги тўғрисида берилган саволга қисқа ва лўнда жавоб қайтарди: «Рома»да қоламан». Олдинроқ Элдорга Туркиянинг «Галатасарой» клубидан жиддий қизиқиш борлиги айтилганди. Эслатма, 27 ҳужумчимиз ўтган мавсум «А» сериянинг 28та ўйинида қатнашиб, 3та гол ва 4та самарали узатма муаллифига айланди.