…Португалия термасига қарши ўйин (эслатма, асосий вақт ва қўшимча таймларда ҳисоб очилмади, пенальтилар сериясида эса францияликлар устун келишди - 5:3)дан олдин махсус матбуот анжумани ўтказиб, журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берганди. Мусоҳаба турли мавзуларни қамраб олгани учун кечроқ бўлсада, савол-жавобларни ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик.
- Килиан, бугун болалик кумирингиз Криштиану Роналду билан майдонда тўқнаш келасиз...
- Бу мен учун катта шараф, албатта. Криштиану Роналдуга ҳамиша тан бериб келганман, ҳозир ҳам унинг ишларидан қойил қолишимни кўпчилик билади. Умуман, Криш билан яқиндан танишиш бахтига ҳам муяссар бўлдим, доимо алоқадамиз. Олижаноб йигит, ҳатто айрим масалаларда маслаҳатларини аямайди. Айтиш шарт эмас, Криштиану - чин афсона! Лекин умид қиламанки, бугун ғалаба бизга насиб этади.
- Франциядаги айни сиёсий вазият юзасидан нима дея оласиз?
- Менимча, ҳозир ҳар доимгидан-да кучлироқ бирлашишимиз муҳим. Ҳа, вазият жиддий, лекин ижобий ўзгаришлардан умидвормиз. Шунчаки, одамлар сайловларда фаоллик кўрсатиб, энг мақбул партияга овоз беришса, бас.
- Бугун Адриен Рабьо майдонга тушолмайди ва унинг ўрнида Эдуардо Камавинга ҳаракатланса керак...
- Иккисининг ўйин услуби турлича. Умуман, бу масалада Дидье Дешамга мурожаат қилиш тўғрироқ бўлади, менимча. Чунончи, бошланғич таркибда Камавинга тушадими ёки бошқаси - ҳозирча билмайман. Эдуардо - «Реал» вакили. Шунинг ўзи қандай футболчи эканлигини айтиб турибди. Ишончим комил, у миллий жамоамиздаги барча йигитлар каби бўлажак учрашув жорий турнирдаги юришимизда нақадар муҳим аҳамият касб этишини теран тушунади.
- Кўпчилик сизни Криштиану Роналдунинг ҳақиқий издоши сифатида кўрмоқда...
- Қайтараман, Роналдуга ҳурматим баланд, фаолиятидан чинакамига қойил қоламан, унга асло ҳасадим йўқ. Ҳақиқат шуки, футбол оламида ҳеч қачон иккинчи Криштиану Роналду бўлмайди! У бутун бир авлодни илҳомлантирди, беҳисоб голлар урди, совринларни қўлга киритди. Футболдаги йўли барчасини кўрсатиб турибди. Лекин бугун ҳаммаси Криш хоҳлаганидек ривожланишига қаршиман, чунки бизга ҳам ғалаба зарур. Издошлик масаласига келсак, шубҳа йўқ, Роналду - ноёб иқтидор. Лекин мен ҳам ўз йўлимдан боришни хоҳлайман. Мана, «Реал»да ўйнаш орзум амалга ошадиган бўлди, лекин Мадридда Криштиану босиб ўтган йўлни такрорлаш ҳақида бош қотирмайман. Қисқаси, «Реал» тарихида бошқа боб очиш ниятим бор. «Қироллик клуби»да ўз ҳикоямни ёзишни истар эканман, кимнингдир изидан эргашишга уринмаслигим керак. Акс ҳолда, Роналду каби ноёб ижрочи даражасига кўтарилолмайман.
- Ниқобда ўйнаш ноқулайлик туғдирмаяптими?
- Хайриятки, ниқоб бор экан, акс ҳолда, ўйнолмасдим. Ҳозир ҳимоя воситаси қулай ёки ноқулайлигини айтишдан маъно йўқ. Шунчаки, ниқоб туфайли ўйнаш имкониятига эга бўлаётганимдан мамнунман.
- Евро-2024 бошланганидан буён энди росмана кучли рақиб, турнир фаворитларидан бири билан тўқнаш келасизлар. Хўш, Португалия термасига қарши ўйинда имкониятларингизни қандай баҳолаяпсиз?
- Олдинда мураккаб жанг кутаётгани тайин, умуман, турнирнинг ўзи ҳам оғир. Ҳар бир ўйинда энг кичик деталларгача муҳим аҳамиятга эга. Муваффақият учун ҳар икки жарима майдонида тўғри ишлаш талаб этилади. Португалларнинг кучли қаршилик кўрсатишлари ўз-ўзидан маълум. Муҳими, майдонда нима қилиш кераклигини яхши биламиз, вазиятлардан фойдаланиш ва интенсивликни ошириш устида қаттиқ ишладик. Гап битта - керакли фаолликда ўйнаб, ғалаба қозониш шарт. Бу ерга чемпион бўлиш учун келганмиз, орзумиз эрта кўмилмаслик учун эса аввало, ярим финалга чиқиш керак. Португалия термаси - кучли рақиб, лекин олдинги ўйинлар ҳақида умуман ўйламаслигимиз, шунчаки, майдонга тушиб, энг юқори даражамизни кўрсатишимиз зарур.
- Мундиал-2028даги зафардан кейин Франция терма жамоаси услуби анча ўзгарди...
- Футболда барқарор натижани таъминлаш йўлида турли ўйин чизмаларига мослашиш ва бу йўлда ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиш талаб этилади. Ҳа, кўпчилик ўйин услубимиз салбий томонга ўзгарганини тилга олмоқда. Аммо ҳозир таркиб бошқа, футболчилар бошқа... Мураббий ҳар доим қўл остидаги ижрочиларнинг энг кучли жиҳатларидан максимал даражада фойдаланишни хоҳлайди. Мисол учун, мен майдонда бўш ҳудудга эга бўлсам, гол уришим осонлашади.
- Бироқ ҳозирча ўйинингиз унча чиқмаяпти. Бунга асосий сабаб нима?
- Баҳона излайдиганлар тоифасидан эмасман, лекин одатдагидан кўпроқ тайёргарлик кўришим керак эди. Портловчи футбол кўрсатиш учун жиддийроқ шуғулланиш талаб этилади, албатта.
- Бугунги Португалия термасининг энг хавфли футболчиси ким?
- Очиғи, Португалия термасига қарши ўйнашнинг ўзи хавфли. Чунки хавфни айнан кимдан кутишни билолмайсиз. Тўғри, Криштиану ажралиб туради, барибир, аммо бошқалар ҳам бор: Леау, Бруну, «ПСЖ»-даги собиқ клубдошларим...
- Турнирнинг энг ёши катта футболчиси Пепе ҳақида қандай фикрдасиз?
- Пепе - мураккаб рақиб. Унинг бутун фаолиятига катта ҳурмат билан қарайман. Қаранг, ҳамон диққат марказида, 41 ёшида қитъа чемпионати чорак финалида ўйнайди. Пепега ўхшашини топиш қийин. Бундай футболчиларга қарши ўйнаш завқли, шунинг баробарида жуда оғир. Ҳозир Пепени мақтаяпман, лекин майдонда унинг даражасини ўйламасликка ҳаракат қиламан.
- Ҳозирча ҳужумдаги шеригингиз Антуан Гризманн ҳам мақтанадиган ўйин кўрсатолмади...
- Менимча, охирги вақтлар Францияда уни жуда кўп танқид қилишмоқда ва бу адолатдан эмас. Антуаннинг жамоага кўп нарса берганини унутиш мумкинми? Унда уялиш учун сабаб йўқ. Гризманни охиригача қўллаб-қувватлаймиз, бошқалар ҳам худди шундай қилишса, яхши бўларди. Ахир гап мамлакатнинг энг яхши футболчиларидан бири ҳақида кетмоқда. Ҳар бир инсон ўз фикрини билдиришга ҳақлидир, аммо терма жамоа манфаатидан келиб чиқиб, футболчиларни қўллаб-қувватлаш муҳим. Мухлислар жамоага шу аснода ёрдам беришлари мумкин.
«Реал» раҳбарияти Килиан Мбаппе шарафига уюштириладиган дабдабали тақдимот маросими санасини расман эълон қилди. Демак, франциялик футболчи 16 июль (бугун) «Сантьяго Бернабеу» стадионида «Реал» футболчиси сифатида таништирилади. Бунга қадар «Мадрид» президенти Флорентино Перес ва Килиан Мбаппе 5 йиллик шартномани расмийлаштириш тадбирида қатнашишади. Франция термаси етакчиси иштирокида махсус матбуот анжумани ҳам ташкил этилади. Шунингдек, Килианнинг «Реал»да 9-рақам остида ўйнаши ҳам маълум. Умуман, мавсум-2024|2025дан олдин бир қатор футболчиларнинг ўйинчилик рақами ўзгарди. Хусусан, Федерико Вальверде бунгача Тони Кроосга тегишли бўлган 8-рақамда ўйнаса, Эдуардо Камавинга 6-рақамни олди (Начо Фернандесга тегишли эди). Арда Гюлер эса 15-рақамни танлади. Эслатма, Мадрид клуби 14 август куни Европа суперкубоги учун баҳсда «Аталанта»га қарши майдонга тушади. «9»ни олган Мбаппе шу куни «Реал»даги расмий дебютини нишонлаши мумкин.
Айтганча, «Мадрид» Килиан Мбаппенинг ўйинчилик рақами туширилган футболкаларни савдога чиқарди ва 1-куниёқ 7000 дона форма сотди. Савдо ҳажмининг умумий суммаси - 800 минг евро. Таққослаш учун, бу Жуд Беллингем футболкасининг 1-кунги сотувига нисбатан 450 фоиз кўпдир. Таъкидланишича, «Реал» маркетинг тизими Мбаппе формаларини етказиб беришга улгурмаяпти ва харидорларни буюртмадан кейин 4-6 ҳафта кутишларига тўғри келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Клубнинг расмий сайти ва дўконларида франциялик ҳужумчи фамилияси туширилган либослар 85-180 еврога сотилмоқда. Қайд этилишича, «Қироллик клуби» маркетинг хизмати охирги марта 2009 йили Криштиану Роналдунинг трансферидан кейин кучли ажиотаж ортидан футболкаларни тайёрлаб, мижозларга етказиб беришда шундай муаммоларга учраганди. Қолаверса, El Chiringuito хабарига кўра, клуб томонидан Килианнинг тақдимот маросимига чиқарилган 80 мингдан кўп чипта бир неча дақиқада тўлиқ сотилди. Таништирув маросими чиптасига 100 мингдан ортиқ талабгор борлиги айтилмоқда. Эслатма, «Сантьяго Бернабеу» аренаси 85000 кишига мўлжалланган.
Килиан Мбаппега тааллуқли яна бир хабар шуки, унинг оиласи Франция чемпионати Иккинчи дивизиони (Лига 2) иштирокчиси «Кан» клубини сотиб олмоқчи. Бой тарихга эга жамоа ҳозирда янги сармоядорлар изламоқда. Айтиш керак, «Кан»нинг назорат пакетларидан бир қисми «Интер» акцияларига эгалик қилаётган Oaktree Capital Management гуруҳига тегишли. Мбаппе эса болалигида айнан «Кан» тизимида шуғулланган.
Манба: fondoruso.ru, МУҲАММАДХОН тайёрлади