Ғолибдир мардона тўп сурган, рақибни ранжитиб гол урган

Ғолибдир мардона тўп сурган, рақибни ранжитиб гол урган

Aссалому алайкум, қадрли футбол мухлислари!

Ниҳоят, узоқ кутилган вақт келди. Олимпиячиларимиз эртага Қатар майдонларида Париж-2024 йўлланмаси учун курашга киришишади. Шу қизғин палла арафасида мураббийлар, футболчилар ва барча мухлисларга улуғ Чўлпон қаламига мансуб ажиб ёниқ мисраларни яна бир бора эслатгимиз келди беихтиёр:

СОЗИМ

Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилганман, 

Улфат диёрига маскан қурганман, 

Юзимни ўт эмас, гулга бурганман, 

Самовий завқларга тўлиб турганман

Булбуллар севгини мақтаган дамда!

        Чечаклар ўсғуси кўз ёшларимдан, 

        Бўғинлар унғуси ўйлашларимдан,

        Қалблар юмшағуси сайрашларимдан, 

        Севги чаманида яйрашларимдан

        Жаннатлар яратгай ташланган жанда.

Тилинган тилларга қон югурғуси, 

Бўшалган инларга жонлар кирғуси, 

Тиканли боқчалар чечак кўрғуси, 

Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилғуси

Жандалар танимга теккан кунларда!..

Биламиз, мухлислар орасида шеърни хушламайдиган, романтик туйғуларни у қадар ёқтирмайдиганлар кўп. Бироқ ҳозир юқоридаги шеърни бирга-бирга ўқишимиз шарт эди. Бу мисраларни барчамиз бирга ўқийлик. Ҳар бир юракда ғолиблик руҳини уйғотувчи, кўнгилларда мардоналик оловини ёққувчи бу каби шеърларни биргалашиб ўқимасак бўлмайди. Шундай шеър­ларни баравж ўқисак-айтсаккина халқимиз, жумладан, футболимиз юксак манзилларни забт этажак!

1994 йилдан буён зафар тароналари яна бир бор чалинишини интизор кутди халқимизнинг футболсевар қатлами. Мухлисларнинг мағлубликдан эзилган руҳи энди ғалаба нашидасидан масрур ва мағрур бўлмоғи даркор. Чўлпон айтмоқчи, чечаклар ўсгуси кўз ёшларимдан, бўғинлар унгуси ўйлашларимдан ёки тиканли боғчалар чечак кўргуси, ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси! Ҳа, ўзбек ўғлонлари манзили Париж бўлмиш ғолиблик йўлидан ўтишларига ишончимиз комил. Ҳеч қачон мухлислар қалбида ғолибликка бу қадар кучли ишонч барқ урмаган. Ҳатто охирги Осиё кубогида ҳам Сречко Катанец шогирдларининг чемпионлик сари юришлари ҳақидаги тахминлар жуда-жуда заиф янграганди. Олимпиячиларимизнинг Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритишларига эса ҳамма ишонмоқда. Ишончда гап кўп. Мухлислар кўнглида юксак ишонч руҳи шунчаки шаклланмасмаслиги, шунчаки бўй ростламаслиги ўз-ўзидан тушунарли. Токио-2020 Олимпиадасидан сўнг сепилган уруғ униб-ўсиб, бугун ғолиблик ва ишонч дарахтига айланди. Темур Кападзе шогирдлари ўз ёш тоифаларида қитъа чемпионати финали, Осиё ўйинлари ярим финалида ўйнашди, совринли ўринларни эгаллаб, бунга замин ҳозирлашди. Тайёргарлик жараёни шу қадар оптимал ва комплекс равишда олиб борилдики, бунинг натижасида Темур Кападзе бошчилигидаги мураббийлар штаби учун рақибларга алоқадор сир-синоат қолмади, ҳисоб. Асосийси, олимпия терма жамоаси аъзолари бир неча йил давомида халқаро майдонларда тўп суриб, рақибларнинг кучли ва заиф томонларини ўрганиб, уларга қарши қандай туриш кераклигига мослашиб бўлишди. Улар камида Осиё кубоги ва ўйинларидаги натижаларни такрорлашса, шунинг ўзи етарлидир Парижга бориш учун аслида. 

Бироқ мамлакатимиз футбол жамоатчилиги энди бунга кўнмайди. Чунончи, олимпиячиларимиз Темур Кападзе раҳбарлигида 2-3-ўринларни эгаллаб, совриндорлик билан боғлиқ завқни ҳам, аламни ҳам татиб кўришди. Демоқчимизки, улар забт этмаган битта ўрин қолди. Aдолат юзасидан айтиш керак, ўша олий мақомни олиш, шоҳсупага кўтарилиш навбати келди олимпиячиларимиз учун. Тўғри, рақиб жамоалар ҳам анойи эмас. Париж-2024га боришни қайси рақиб истамайди дейсиз?! Ғолиблик ҳақида сўзлаш, орзу қилиш осон, лекин минг машаққат билан рақибларни бирин-кетин енгиб, зафар манзилига етмоқ - ниҳоятда мушкул вазифа. Шу пайтга қадар миллий ва олимпия терма жамоа­ларимиз айни мушкул вазифа қаршисида бош егган, зиммага юкланган миссияни бажаролмай, мухлислар қаршисида уялган, хижолат чекан. Бундан эса мухлислар кўнгли вайрон бўлиб, юраги эзилган. Кўзлардан қанча-қанча алам ёшлари ҳам оққан. Шунинг учун бу сафар бошқа интиҳо керак. Такрорлаймиз, ҳозир ҳамма зафар манзилига кўз тикмоқда ва олимпиячиларимиз қандай бўлмасин, ўша маррага етиб, ғалаба байроғини баланд кўтармоқлари даркор. Темур Кападзе шогирдлари Қатарга боришдан аввал ўзлари учун энг ноқулай рақиб - Эрон олимпия термасини йўлдан олиб ташладилар. Улар буни уддаладилар. Шундай ишни амалга ошириш шартлигини ич-ичдан ҳис қилиб, бунга ўзларида куч топдилар. Демак, Париж-2024 йўлланмалари учун асосий даъвогар ҳисобланаётган Япония, Жанубий Корея, Aвстралия, Саудия Aрабистони олимпия термаларини ҳам енгиб, четга чиқариш мумкин. Ишонамизки, Темур Кападзе шогирдлари бу ишни уддалашади ҳар қанча мураккаб, қийин бўлмасин. Уддаламасликлари ҳақидаги гап-сўз кўнгилга, тасаввурга сиғмайди. 

Рақиб жамоаларнинг кучи, потенциали барчага маълум. Футбол олами эса кутилмаган натижалар билан ҳайратланиб яшамоқда. Ана, охирги Осиё кубогидан олдин Қатар ва Иордания термалари ўртасидаги финал ўйини кимнинг хаёлига келганди? Факт шуки, гўё тушни эслатувчи ўша финал бўлди. Энг янги мисол: аввалги ҳафта ЕЛ чорак финали доирасида «Ливерпул»нинг ўз майдонида «Aталанта»га йирик ҳисобда ютқазишини ким тахмин қилганди? Амалда таркиб ва потенциал нуқтаи назаридан кучсизроқ «Aталанта» донгдор рақибини «дўппослади», яна «Энфилд»да. Париж-2024 йўлланмалари учун Қатарда куч синашишни бошлаган олимпия терма жамоалари ҳам потенциал, савия, тажриба борасида бир-бирига яқин. Бундай вазиятда ҳимояда концентрацияни сақлаш, ярим ҳимоя­да майдонни кўриш, кузатиш ва вазиятни бошқариш санъати, ҳужумда рақибга кучли босим ўтказиш маҳорати, энг муҳими, гол ура олиш ғалабани таъминлайди. Темур Кападзе шогирдларида бу жиҳатларнинг барчаси мужассам ва улар мазкур хулосани мухлислар кўз ўнгида бир неча марта исботлашди. Эндиги миссия - шу хулосани энг юксак мақомда қайта исботлаш

Мулоҳазаларимиз якунида яна шеърга қайтамиз ва ишонамизки, бу олимпиячиларимизга куч-қувват бағишлайди, уларни ғолиблик марраси сари етаклайди.

Майдонда мардона тўп сургин,

Рақибни ранжитиб гол ургин,

Ўзбекнинг ўғлони, довруғ сол,

Ғолиб бўл, зафарга юз бургин!

   Ҳой ўғлон, шашт ила ўйнагин,

   Ўша чоғ мухлисни ўйлагин,

   Куч топгин энг мушкул дамда ҳам,

   Якунда Парижни бўйлагин.

Унуттир мағлублик зорини,

Қўлга ол ғалаба торини,

Кучингни аяма, ташлагин,

Майдонда баданда борини!

   Мустаҳкам ишонч бор - ютамиз,

   Омаднинг гулини тутамиз!

   Ўтингиз апрелдан ул майга

   Сизларни финалда кутамиз.

Aжаб ҳол, бодом бу йил қишда, февралнинг илиқ кунларида гуллаб юборди. Қор ёққан, совуқ турган маҳал кўпчилик гуллаган бодом ҳолига ачинди, совуқ уриб кетишидан афсусланиб, бош чайқади. Aммо табиат мўъжизаси ва қудратини қарангки, бодом барчасига бардош берди ва мева тугди. Олимпиячиларимиз ҳам бодом мисол не-не синов, мушкулотларни бошдан кечиришди. Улар ниҳоят, ўз меҳнатлари самараси бўлмиш сархил мева - ғалаба аталмиш азиз-у мукаррам неъматни мухлисларга тортиқ қилиш ниятидалар. Шу эзгу ният ижобат бўлсин, рўёбга чиқсин.

Муҳаммад ВАЛИ