Google тизими бўйлаб қидирув

Google тизими бўйлаб қидирув

Барчасидан хабардор Google тизими футболга алоқадор баъзи қизиқарли маълумотларни тортиқ этди

Аниқроғи, 2023 йили қидирув тизимида энг кўп сўралган спортчилар ва клублар рейтинги берилди. Қолаверса, Криштиану Роналду охирги 25 йил бадалига Google тизими бўйлаб энг кўп «қидирилган» футболчи эканлиги баён қилинди.

Футбол вакили иккинчи

2023 йили Google тизимида энг кўп сўралган спортчилар рейтингида 1-ўринни январь ойидаги ўйин вақти юрак хуружига учраган «Баффало Биллс» вакили Дамар Хэмлин эгаллади. Ундан кейинги поғона Франция миллий жамоа­си ва «ПСЖ» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппега тегишли. Рўйхатнинг кучли 10талигида футболдан яна бир вакил бор - «Бавария» ҳужумчиси Гарри Кейн 5-ўринда.

2023 йили Google тизимида энг кўп сўралган спортчилар 

1. Дамар Хэмлин («Баффало Биллс») - америкача футбол 

2. Килиан Мбаппе («ПСЖ») - футбол 

3. Трэвис Келси («Канзас Сити») - америкача футбол 

4. Жа Морэнт («Мемфис») - баскетбол 

5. Гарри Кейн («Бавария») - футбол 

6. Новак Жокович - теннис 

7. Карлос Алькарас - теннис 

8. Рачин Равиндра - крикет 

9. Шубман Гилл - крикет 

10. Кайли Ирвинг («Даллас») - баскетбол 

«Интер Майами» эътибор марказида

Йил давомида Google тизимида энг кўп сўралган спорт клублари орасида эса «Интер Майами» олдинда. Буни АҚШ жамоаси 8 карра «Олтин тўп» соҳиби Лионель Мессини ўз сафига олганига боғлаш мумкин. Умуман, тизимда тез-тез қидирилган клублар орасида футболдан вакил кўп - 5та. Жумладан, Ал-Наср» ва «Ал-Ҳилол»га қизиқиш кескин кучайгани шу рейтингдан ҳам маълум. Дейлик, «Ал-Наср» 3-ўринда - буниси Криштиану Роналду эффекти, албатта.

2023 йили Google тизимида энг кўп сўралган спорт клублари

1. «Интер Майами» (АҚШ) - футбол 

2. «Лос-Анжелес Лейкерс» (АҚШ) - баскетбол 

3. «Ал-Наср» (С.Арабистони) - футбол 

4. «Манчестер Сити» (Англия) - футбол 

5. «Майами Хит» (АҚШ) - баскетбол 

6. «Техас Рейнжерс» (АҚШ) - бейсбол 

7. «Ал-Ҳилол» (С.Арабистони) - футбол 

8. «Боруссия» Д. (Германия) - футбол

9. Ҳиндистон терма жамоаси - крикет

10. «Бостон Брюинс» (АҚШ) - хоккей

Чорак аср натижаси

«Ал-Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду эса охирги 25 йиллик сўровлар сони бўйича футболчилар орасида мутлақ пешқадам. Google тизими маълумотларига кўра, португалиялик юлдуз охирги йиллардаги қидирувлар кўплигидан 1-ўринга чиқиб олди. Оддий айтганда, унга қизиқиш айниқса, Саудия Арабистонида кескин ошгани натижасида сўровлар сони мислсиз даражада кўпайган. Факт шуки, Криштиану - 1999 йилдан кейинги даврда сайёрамизнинг энг машҳур футболчиси. Ҳар ҳолда, айнан у энг кўп «гугл» тўплади бу оралиқда.