Олли Уоткинс ҳақида 20та факт

Олли Уоткинс ҳақида 20та факт

Яқинда ниҳоясига етган Евро-2024 турнирида минглаб мухлислар овер-таймларни кутиб турган паллада Олли Уоткинс Англияни ва уларни ортиқча оворагарчиликдан қутқарди.

Ярим финалнинг тугашига 10 дақиқа қолганида Гарри Кейн ўрнига тушган «Астон Вилла» ҳужумчиси ғалаба голини уради: Коул Палмер узатмасини қабул қилишга чопди, де Врей қаршилигини гавдаси билан синдирди, дарвоза томон қайрилди ва олис бурчакни нишонга олди. Гўё Олли сценарийни билганга ўхшарди, эҳтимол, шундайдир!

Ўйиндан кейин Уоткинс тан олди: «Ўзим ва фарзандим ҳаёти билан онт ичиб айтаманки, майдонга тушаётганда Коулга шундай дегандим: бугун ёнма-ён ўйнаймиз, сен тўпни менга узатасан. У тўпни эгаллагач, узатмани қабул қилиш тадорикини кўрдим. У ёғига тўпни эгаллаш ва ҳужумни якунлаш қолганди». Олли узоқ кутган имкониятга эга бўлди: «Яқинда нимадандир кўнглим ғаш эканлигини сезиб қолдим. Захирада ўтиришни ёқтирмайман. Дўстларим доим далда беришади: «Сабр қил, имконият бўлади, ўта муҳим голлар урганингни ўзинг ҳам билмай қоласан!» Финалда шундай бўлишидан умидворман». Тўғри, финал Олли орзу қилганидек бўлмади. Лекин Олли Гарет Саутгейтни рицарлик унвонига анча яқинлаштирди.

Энди Уоткинсга оид 20та факт билан танишамиз:

1. Уоткинс Агата Кристидек машҳур адиба туғилган шаҳарда дунёга келган. Торки номли шаҳарни эшитмаганмисиз? Ҳечқиси йўқ. Ваҳоланки, у ерда «Торки Юнайтед» клуби ва буюк Бэнкси асарлари бор.

2. Уоткинс - «Эксетер» клуби тарбияланувчиси: болалигидан фақат шу жамоага интилган, 9 ёшида имтиҳондан ўта олмаган. «У жуда нимжон ва тайёрмасдек кўринганди. Бироқ биз уни қўйиб юбормадик ва муддат бердик. Икки йилдан кейин қабул қилдик», - дейди академия мураббийи.

3. Олли 4-дивизион клубига «Уэстон-сьюпер-Мэр» клубидаги ижарадан кейин ўтганди. Бу жамоани ҳам билмаслигингиз қўрқинчли эмас - у 6-лига жамоаси. «Ўшанда мен Англия терма жамоаси сафида Еврода тўп суришни хаёлимга ҳам келтирмагандим. Орзуга айб йўқ, лекин реалист бўлиш яхшироқ. У даврда мен «Эксетер»нинг асосий таркибида ўйнашни орзу қилардим, қачондир Англия учун гол уриш эса мен учун улкан бахт эди», - деди Уоткинс «уч шерлар»ни финалга олиб чиққан голдан кейин.

4. 2017 йилда 21га чиққан Олли ҳамон 4-дивизионда «Эксетер» шарафини ҳимоя қиларди. Ўшанда у 3та профессионал лигалар ичидаги энг яхши ёш ўйинчи унвонига лойиқ топилганди. Ўша йил ёзида уни «Брентфорд» ўз сафига жалб этди.

5. Уоткинснинг «Брентфорди» мерган ҳужумчилар учлиги кўмагида Чемпионшипнинг сермаҳсул жамоасига айланди. Мопе-Уоткинс-Бенраҳма триоси 2018|19 йиллар мавсумида 51та гол урди. Мопе кетгач, унинг ўрнини эгаллаган Мбеумо билан голлар сони янада ошди - 59та. Оллининг ўзи 28та гол урди.

6. 2019|20 йиллар мавсумида Уоткинс «Астон Вилла»га ўтди. Тўпурар учун «Брентфорд» 34 млн. евро олди. Клуб рекорди ҳанузгача барҳаёт. «Эксетер» эса ўз тарихидаги энг йирик даромад - 5 млн.га эга бўлди. Олли бир кунда 2та клубни рекордчига айлантирди.

7. Уоткинсни қўлга киритиш «Вилла» учун осон кечмади: «Брентфорд» бир вақтнинг ўзида АПЛнинг 6 клубига рад этди. «Вилла» эса улардан қимматроқ баҳони таклиф этди. Клуб презентациясини Олли билан «Брентфорд»да бирга ишлаган Дин Смит олиб борганлиги ҳужумчига маъқул бўлди.

8. Олли - АПЛ сўнгги мавсумидаги энг яхши (13) ассистент, сермаҳсуллик бобида (19}13) лигада иккинчи бўлди. Ундан юқорироқ натижа (33) Палмерга тегишли.

9. Олли - «Фэнтези-футбол» юлдузларидан бири. У очколар бўйича узоқ вақт пешқадам мақомида юриб мавсум охирида Палмер ва Фодендан ортда қолди. Лекин ҳужумчилар ўртасида 215 очко билан етакчи бўлди.

10. Уоткинс 11 метрли жарима зарбалари ёқтирмайди: АПЛда умуман тепмаган, унгача - бутун фаолиятида атиги 4та гол. Ҳатто Александар Митрович билан Чемпионшип тўпурари унвони учун курашганида ҳам, «нуқта»дан гол уришни истамаган.

11. «Вилла»да Олли алоҳида мураббийдан таҳсил олади. Устози унга аввал у билан ҳамкорлик қилган Эдинсон Кавани ва Пьер-Эмерик Обамеянг ўйинларидан олинган чизгиларни кўрсатиб, сабоқ беради.

12. Уоткинс майдонда Кейннинг тескариси эканлиги ва шу сабабли у билан ёнма-ён тўп суришини тан олганди: «Гарри ўнлик каби ортга чекинишни хуш кўради, мен эса худди «Тоттенхэм»даги Сон каби, унинг узатмаларини қабул қилиш режасини ўйлаб топаман».

13. Агар ёзда уни илиб кетишмаса, Олли «Вилла»да клуб рекордини янгилаши мумкин: Габриэль Агбонлахор АПЛда 74та гол урганди, Оллида 59та. 2-ўриндаги (60) Дуайт Йорк ўрнини бўшатишига шубҳа йўқ.

14. Голлар бўйича 2023 йилги клуб рекордини (21) Уоткинс декабрнинг сўнгги кунида амалга оширган. Қайси жамоа дарвозасига урганини биласизми? Қадрдон «Брентфорд» дарвозасига!

15. Олли «Арсенал» мухлиси эканлигини жуда кўп такрорлаган, «Эмирейтс»да тўп суриш нияти ҳам йўқ эмаслигини айтганди. Қизиқиш икки тарафлама, лекин ҳозирча, натижа йўқ.

16. Уоткинс ўта хотиржам йигит, баъзан халал берадиган даражада. «Вулверхемптон»га қарши ўйинда Мэтт Доэрти унга қўполлик қилган бўлсада, у лом-мим демади, ҳакамга шикоят ҳам қилмади: «Мени ғазаблантириш жуда қийин, сокинликни хуш кўраман»...

17. Олли унинг оиласини ҳақорат қилишганига чидай олмади. Декабрни охирги кунидаги ўша голдан кейин ҳужумчи дарвоза ортида ўтирган мухлисга ишора қилди. Маълум бўлишича, мухлис бутун ўйин давомида Оллининг оиласини ҳақорат қилган экан. Бундан бехабар бўлган собиқ жамоадошлари ва мухлислар ундан хафа бўлишди. «Мен фақат бир кишига жавоб қайтардим. У мени ва оиламни тинмай ҳақорат қилди», - деди футболчи.

18. Уоткинс ўз маъшуқаси билан Тейлор Свифт фанатлари кучидан фойдаланди. Май ойида маъшуқа Тейлор фанатларини АПЛнинг мавсум ўйинчиси унвони учун танловида ҳужумчига овоз беришга даъват этди. Бу фойда бермади, лекин уриниш инобатга олинди!

19. Олли ижтимоий тармоқларни ёмон кўради: «Носамимий ва бемаъни фикрларни жойлашни ёқтирмайман. Футболчилар ёмон ўйиндан кейин «Жуда бўш ўйнадим, 3та голли вазиятни йўққа чиқардим», деб ёза олмайдилар».

20. Уоткинсга шон-шуҳрат умуман ёқмайди. «Авваллари озиқ-овқатни супермаркетдан ўзим олиб келардим. «Вилла»га ўтгач, дўконга қатнашни тўхтатдим. Доимо мени кўрган кишилар нималарнидир шивирлашарди. Кейин сурат сўрайдиган бўлишди. Уйга хомуш қайтадиган бўлиб қолгандим. Шундан кейин маъшуқамга дўконга бомаслигимни айтдим».

Айниқса, Евро-2024 ярим финалидаги ғалаба голидан кейин дўконга бормаслигинг тўғри бўлади, Олли!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади