Куман ва Хавидан катта мерос

Куман ва Хавидан катта мерос

РОНАЛД КУМАН ВА ХАВИНИНГ «БАРСЕЛОНА»ГА МЕРОСИ

Роналд Куман ва Хави «Барселона»да кўзланган манзилга етиб боролмадилар, лекин улар Каталония клубида салмоқли мерос қолдирдилар бирин-кетин. Бошқача айтганда, «Барса»нинг икки афсонаси бош мураббий ролидаги даврида жами 400 миллион евролик ёш юлдузларни кашф этди.

«Барселона» бир неча йиллардан буён қайта шаклланиш жараёнини якунига етказолмаяпти. Чунончи, Каталония гранди сурункали молиявий муаммолар билан яшамоқда. Шунга қарамай, совринларни ҳам қўлга киритмоқда, барибир. Тўғри, ҳар мавсум эмас. Хуллас, таркибни ёшартиргани «Барселона» учун сўнг­ги йиллардаги асосий муваффақият бўлиб турибди. 

Педри, Гави, Алехандро Бальде, Ламин Ямал, Пау Кубарси ва Фермин Лопес - булар «Барса» таркибига ёпирилиб кирган асосий иқтидорлар. Қолаверса, навбатини кутаётган йигитлар ҳам бор: Эктор Форт, Игнасио Пена, Марк Касадо. Ҳозирда ушбу йигитларнинг трансфери умумий ҳисобда 400 миллион евродан ошади. Уларни эса айнан Роналд Куман ва Хави катта даврага бошлашди. Ҳар икки менежер иш жараёнида етарлича танқидга учрагани бор гап. Лекин бугуннинг ҳақиқати шуки, Куман ва Хави клубга муносиб мерос қолдиришди.