Жумладан, футбол мухлислари «Эль-класико» натижасини тахмин қилишдан чарчашмади. Маматвалиев-Қўймуродовлар сулоласида эса ғала-ғовур янада кучайди. Сулоламизнинг тўрт вакили 26 октябрь тонги Умра зиёратидан қайтиши ва пойтахт аэропортига қўниши керак эди. Рейс кечиктирилди. Бир томонда - тоқатсизлик ва безовталик, иккинчи тарафда - тун ярмида бошланадиган ўйин муҳокамаси. «Эль-класико» стартига чамаси 3 соат қолган вақт сафардан қайтганлар билан омон-эсон юзлашдик. Кейин миллионлаб мухлислар қатори оҳиста экран қаршисига михландик. Учрашув якунлангач, бир неча жиянимизни қуршаб олган хафагарчилик тезда тарқалди. «Барсачилар»да эса байрам устига байрам...
Сайхунободлик доимий мухлисимиз, бироз бетобланган Аҳмаджон ака Алламуродов «Барселона» ғалабасидан шодланиб, беморликни унутди. Яқиндагина азиз падари бузрукворидан айрилган Маъруфхон Тошкандийнинг қалбидаги оғриқлар босилгандек бўлди, гўё. 90 ёш сари дадил одимлаётган Ғуломжон ака Ҳамидов қувончини ичига сиғдиролмай, яна шеър ёзиб юборди. Ҳар биримизга шундай табаррук ёшда ҳам футбол билан чинакам ошно бўлиш насиб этсин. Айни эзгу ният билан Ғуломжон ака ижодини ҳукмингизга ҳавола этамиз. Ўйлаймизки, «Реал»нинг чин мухлислари бунинг учун бизни тўғри тушунишади.
ОФАРИН «БАРСА»ЖОН
«Эль-класико» маза,
Тортишувни қўймайсан.
Курашар «Реал» - «Барса»,
Томошага тўймайсан.
Куйлайди «Бернабеу»,
Мухлис кўнглин хушлайди.
Осмонга отсанг олма,
Гўё қайтиб тушмайди.
Мбаппе, Вини томон
Ёғилар тинмай «пас»лар.
Бир томонда Беллингем
Лол-у ҳайрон пайпаслар.
Ана, Ямал, Левагол,
Пинак бузмас Пенья ҳам.
Қадди басти бўлди дол,
Энди Модрич олсин дам.
Хайриятки, Лапорта
Рафиньяни сотмади.
Балки шунинг учундир
Ғам-қайғуга ботмади.
Хафа бўлманг, дон Карло,
Флик қозонди зафар.
«Офсайд»лар қиролида,
Улоқ кетди бу сафар.
Улғайиб «Барселона»,
Мухлис бағрин бутлайди.
Ким тан берса кучига,
Ғалабасин қутлайди!
Узр, туйғулар тошқинига шу тахлит ўрин бермасак бўлмасди. Зеро, «Эль-класико» нафақат икки донгдор клубнинг юксак рақобати, балки миллионлаб мухлислар эҳтиросларини юзага қалқиб чиқарадиган, тўлқинлари кўкка сапчиб, кўпириб турган уммондир.
Энди навбат «Эль-класико» билан боғлиқ мулоҳазаларга. Улкан рақобатдан олдин икки жамоа иштирокидаги 5та ўйинга алоҳида эътибор қаратилди. «Барселона»нинг охирги беш учрашувдаги голлар нисбати - 21:4. «Реал»да эса бу кўрсаткич - 10:5. Ҳар икки жамоа ўзига яраша кучли ва ўртамиёна рақиблар билан учрашувларда шундай натижа қайд этди. Кўриб турибсизки, ҳужум ва гол уриш орасидаги фарқ жуда катта. Шундан келиб чиқиб ҳам, бир гуруҳ мухлислар «Барселона»нинг йирик ҳисобда ғалаба қозонишини ишонч билан таъкидлашди. Ҳатто айримлар 4:2 ҳисобини илгари суришди башорат ўлароқ. Улар кейинчалик Килиан Мбаппенинг ҳисобга олинмаган 2та голини ҳам олдиндан сезишганини айтиб, ҳазиллашиб қўйишди. Жиддий айтсак, Ханс-Дитер Флик ўзи учун илк «Эль-класико»да недир «нағма» кўрсатиши аниқ эди. Агар бундай ўйинда бир «ҳунар» кўрсатмаса, Флик Флик бўлмай қоларди. Кекса ва толиққан Карло Анчелотти онг-у шуурида Фликники қадар ғалаба шавқи барқ уриши даргумон, албатта. У ҳар қанча истамасин, янгиликка ўч тафаккурга тенглашолмасди. Йўқ, биз бежиз шундай хулоса айтяпмиз. Италиялик мураббий Винисиус Жуниор ва Килиан Мбаппе иқтидорига ва ҳар икки голеадор «Барселона» ҳимоя тўсиғини ёриб ўтишига ишонганди. Шу ишонч дон Карлони хотиржамликка чорлагандир балки.
Ишонаверинг, Флик «Эль-класико»дан олдин хотиржамликни анча нарига улоқтириб ташлаган. Дортмунд «Боруссия»сига қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида «Реал» қандай ўйнаб юборганини кўрган немис мутахассиси Винисиус ва Мбаппени зарарсизлантириш борасида жиддий бош қотирибди. У мазкур икки иқтидорни персонал қўриқлаш натижа бермаслигини жуда яхши тушунган. Айни чоғда ҳар қандай ҳимоячининг оёғини қалтирадиган икки йўлбарсни зарарсизлантирадиган йўлни топмаслик «Барселона» учун ҳалокатли ҳисобланарди. Ханс-Дитер шу йўлни топибди ва жамоасига топилмасидан юришни яхши ўргатибди. Тўғри, кучли жамоалар ҳамласини сунъий «офсайд» воситасида жиловлаш барчага маълум. Бироқ уни қачон, қандай вазиятда ва нечоғли амалга оширишни ҳамма ҳам эплайвермайди. Айниқса, «Реал» каби ҳужум палласи гўё довул турадиган жамоага қарши бундай йўл тутиш - ўта хавфли иш. Фликнинг ютуғи - шу хавфли вариантдан қўрқмагани ва жамоасини бунга тайёрлай олгани. Шуниси ҳам аниқ, у дон Карлога қарши иккинчи марта бу йўлдан зинҳор боролмайди. Агар яна шу усулни танласа, кекса ва доно мураббий томонидан жазоланади. Қисқаси, Флик бир муҳим ўйин, яъни «Эль-класико» учун ўзига хос «сюрприз» тайёрлабди ва «Реал» бу тузоққа тушди-қўйди.
Савол туғилиши табиий: нима сабабдан Флик танлаган йўлга эътиборингизни тортмоқдамиз? Фикримизча, зукко мухлислар аллақачон мақсадимизни англашди. Демоқчимизки, Осиёда Винисуис Жуниор ва Килиан Мбаппе каби унча-мунча ҳимоя тўсиғини босиб, янчиб ўтиб кетадиган ҳужумчи топилмайди. Шундай экан, мураббийларимиз ва футболчиларимиз Япония, Жанубий Корея, Эрон терма жамоаларининг кучли ҳужуми-босимига бардош берадиган ва уларни қарши ҳамлада жазолайдиган йўл топишлари, шундан дадил боришларини истаймиз. Сречко Катанец бош жамоамизда марказий ҳимоячилар сонини бир нафарга кўпайтиргани ҳозиргача вакилларимизга наф келтирди ва энди бу йўл аста-секин эскириб, нуфузини йўқотмоқда. Эҳтимол, Катанец бу хусусда ўйламас. Унинг учун ўйлаш ортиқчадир. Лекин миллий футболимиз жонкуярлари Суперлига ва Про лига баҳсларида бу борадаги изланишларини амалиётга татбиқ қилишса, тажрибалар ўз-ўзидан терма жамоамиз ўйинларида бўй кўрсатади.
Ишончимиз комил, навбатдаги «Эль-класико» томошасидан ўзбекистонлик футболчилар ҳам роса завқланишган. Истардикки, шу завқ, шу ҳиссиёт, шу рақобат Суперлига ва Про лига учрашувларига ҳам кўчса. «Сурхон» - «Локомотив» ўйинида Абдуғафур Ҳайдаров, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Асилбек Жумаев ҳаракатларида, «Бунёдкор» - «Сўғдиёна» баҳсида эса Музаффар Олимжонов, Хондамир Мустафоқулов, Самандар Мавлонқулов интилишларида шу орзу истак-учқунлари кўзга ташланди. Аммо маҳоратли, ёши катта футболчиларнинг кўзларида ўт чақнамаяпти, уларда шижоат билан тўп суриш хоҳиши сезилмаяпти. Мавсум якунига 4 тур қолган паллада 27 очко тўплаган жамоа назарий жиҳатдан Про лигага тушиб кетмаслиги аёнлашди. Бир неча иштирокчи шу маррадан осон-эмон ўтиб олди. Мухлислар буни кўриб, билиб туришибди. Ўзини хотиржам ҳис қилаётган қайсидир жамоа қолган 4 турда ҳам чинакамига профессионаларча тўп сурса ва рақиб ҳолатини ҳисобга олмай, майдонни ёндириб, мухлисларга завқ улашса, шунда ўзбек футболи том маънода юксалиш сари юз буради.
Муҳаммад ВАЛИ