Гул бир ён ва гол бир ён

Гул бир ён ва гол бир ён

22 май куни эрта тонгда ёмғир шиддат билан ёғди. Кучли ёмғир билан хонадонимизга пойтахтдан таниқли ижодкорлар Темур Бек, Тўра Мирзо ва Шукур Жаббор кириб келишди.

Ҳол-аҳвол сўрашиш узоққа чўзилмади. Нари-бери чойлашиб, Наманган шаҳридаги Бобур боғига шошдик. У ерда 61-халқаро гуллар фестивали бошланди. Боғ дарвозасидан кириб боряпмиз, ёмғирнинг шиддати тўхтамаяпти. Одамлар ўзларини панага уришяпти. Кўзимиз гуллар бағридаги тўпга тушади. Ёмғирни унутамиз. Темур ака панага ўтишни таклиф қилади. Тўра Мирзо кўнмайди. У «Бугун шиддат куни, - деб ҳайқиради. - Ёмғир ёғаверсин, оқшомги ўйинлар ҳам шундай шиддатли бўлсин! Голлар ҳам мўл-кўл урилсин! Гол гулга, гул голга айлансин! Муҳаммад Вали, ўзи оқшом қайси жамоалар ўйнайди?» Шукур Жаббор билан мириқиб кулишамиз, лекин панага қочмаймиз! Икки ҳамроҳимизнинг кийимларида қуруқ жой қолмади. Кайфият эса аъло. Тўртовимиз гул ва гол хусусида суҳбатлашамиз, футбол борасида баҳслашамиз...

Қойил! Наманган Гул байрамида ҳам футболни эсдан чиқармайди. Гулда ҳам голни кўради. Стадионни тўлдирган мухлислар гол урилган чоғ гулни эслашади, юзлари гул-гул яшнайди! Воқеалар ривожидан айтамизки, «Манчестер Сити» ва «Aстон Вилла» учрашувидан сўнг «Иттиҳод»да ҳам шундай олағовур, шундай фараҳбахш руҳ ҳукм сурди. Инсон табиатига хос шиддат, гул ва голни хуш кўриш одати ҳамма жойда бир хил! Бу борада Наманган ва Манчестер ўртасида фарқ йўқ. Фақат бир жиҳат бизга номаълум, яъни Манчестерда ҳам гулни Намангандаги каби севишармикан, ардоқлашармикан, гол ва тўпга қиёслашармикан, гул тўп бўлиб қолиши, тўп гулга айланишини исташармикан?! Буни билмаймиз. Билиш учун астойдил изланмадик ҳам! Чунки муҳим эмас. Муҳими, Наманганда шундай! Наманган - гул шаҳри! Наманган - гол шаҳри! Наманган - футбол шаҳри! Бошқа таъриф ортиқча! Ҳокимдан тортиб, оддий фуқарогача, зиёлидан ҳунарманд ва савдогаргача - барча футбол шайдоси. 

Ёмғир остида бораётган икки ёш гулларга суқланиб боқади, сочларидаги томчиларни силкитиб бир-бирига сўз қотади: «Кўрасан, «Нефтчи» бугун «Металлург»ни уради!» Шериги тасдиқлайди: «Илҳомнинг жаҳли чиққан! Бошқа иложи ҳам йўқ!» Сезилиб турибди, иккиси ҳам «Нав­баҳор» мухлиси, лекин «Нефтчи»га қайғуряпти, оқшомда бўлажак суперўйинлар ҳақида ўйламаяпти. Воҳ, гул шайдолари, гол ошуфталари! Сизларга тараф йўқ! Бўлиши ҳам мумкин эмас. Кун келади ва қачонлардир Наманганда ҳам бир-бирига рақобат қилажак икки кучли жамоа шаклланади. Шаҳарликлар «Навбаҳор»­ни қўллаб-қувватлашса, туманларда яшовчи мухлислар ўша орзудаги иккинчи кучли жамоага тарафкашлик қилишади. Бироқ ўшанда ҳам икки рақобатчи томон гул ёнида, Бобур боғида бир-бирининг қўлини қисади. Гул ва голни уйғунлаштириш бобида изланади ҳамда нималарнидир ўйлаб топади. Наманган, унинг халқи ва ҳокими шундай яшайди. Бунда гул бир ён ва гол бир ён!

Оқшом «Aстон Вилла» шоша-пиша «Cити» дарвозасига икки гул қадади! Узр, аслида гол, аммо тўғри ёзолмадик. Гуллар бағрида гол деб ёзиш жуда-жуда қийин. Ўй-фикрингиз, қўлингиз беихтиёр голни гул сари тортаверади. Хосеп Гвардиола жамоаси дарвозасига урилган икки гул - икки гол ифорига маст бўлиб ўтираверармиди, бунга кўнармиди?! Унинг ўзи ҳам «Ливерпуль» учун жон куйдираётган Стивен Жеррардни гул, яъни гол билан сийламасмиди?! Сийлайди-да, албатта! Сийламаса, чемпион бўлмасди. Шунинг учун у ҳам «Aстон Вилла» дарвозасига 3та гул ўтқазди, яъни 3та гол урди! Гул байрами, гол байрами - шу! Ўша пайт майдон бўйлаб югураётган Юрген Клопп бирдан тўхтади, тин олди. Гулдираган Гюндоганнинг майдонга тушиб, рақиб дарвозасида гул ундиргани бунга сабаб эди. Шундай қилиб, Гвардиола ва «Манчестер Cити» AПЛда яна чемпион! Юрген Клопп ва «Ливерпуль» эса иккинчи! Рақиб дарвозасига 5тадан гул қадаган «Тоттенхэм» ва «Aрсенал» ҳам роса ўзаро рақобатлашди. Якунда «Тоттенхэм» - ЧЛ йўлланмаси соҳиби. Бай, бай, бай! Ўйинлар роса қизиди-да! Намангандаги Гул байрами очилишининг шундай дамга тўғри келганини қаранг. Мутасаддилар ва ташкилотчилар атайлаб шундай йўл тутишгандек гўё! Гул ва гол ўзаро уйғунлашиб кетишини исташгандир-да! «Брайтон» ёрдам қўлини чўзган «МЮ» бир амаллаб ЕЛда ўйнаш ҳуқуқига эга чиқди. Ўйин аввалида «Вест Хэм» «қизил иблислар» мухлислари капалагини учириб юборганди. Уларнинг бахтига, «Брайтон» «болғачилар» дарвозасида 3та гул ундирди.

«Манчестер Cити» ва «Ливерпул»нинг мислсиз интригали рақобати таҳсинга сазовор, албатта. Футбол кўрмоқ, гол томоша қилмоқ учун гул кўтариб, AПЛ стадионлари аро кезгиси келади киши беихтиёр. Aммо бу ҳолат «A» сериядаги «қайтиш»га асло соя солмайди. Ўзбекистонлик минг-минглаб мухлислар яхши кўрадиган «Милан» яна скудетто соҳибига айланди, шоҳсупага қайтди. Чинакам гул байрами, гол байрами «Милан»да кузатилди! «Интер»нинг чегара билмас илҳомлари 2-ўринга муносиб кўрилди. Узоқ йиллар скудеттони бировга беришни истамаган «Ювентус» Миланнинг икки клубини олқишлашга мажбур. «Cити» саройида, «Милан» минорасида гул бир ён, гол бир ён, хушбахтлик ҳукмрон, чунки ҳар икки клуб ўз лигасида чемпион! 

Муҳтарам мухлис! Бу сафар гул ва гол уйғунлиги хусусида хаёлпарастларча ёздик, ўзимизча гуллар ва голлар дун­ёсида яшадик! Сиз ҳам шундай романтик туйғулар оғушида бир дам тин олишингиз, ҳордиқ чиқаришингизни жуда-жуда хоҳлаймиз! Шундай экан, Наманганга, гуллар шаҳри, Гул байрамига келинг, меҳмонимиз бўлинг!

Муҳаммад ВАЛИ

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда “ИнтерФУТБОЛ” газентаснинг 24 ма кунги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.