Ҳар ҳолда, халқаро турнирлардан четда қолиш ярамайди, мутасаддилар мамлакат футболининг кейинги тақдири ва ривожланиш стратегиясини ўйлашлари шарт.
- «Телеграм»да РФИнинг ОФКга ўтиши юзасидан фаол ташвиқот олиб боряпсиз. Ўзи Осиёда рус футболини қабул қилишадими, кутишяптими?
- Айни шу йўналишда ишлаш керак. ОФКда 47та аъзо бор ва уларни ишонтириш талаб этилади. Менимча, бу - реал мавзу. Дейлик, Марказий Осиёда камида 4та тарафдоримиз мавжуд. Қолаверса, Хитой, Мўғулистон, Эрон, Сурия, КХДР, Вьетнам ва Камбоджа ҳам бизга хайрихоҳ. Яна Ҳиндистон билан орамиз яхши. Қисқаси, иттифоқчиларимиз етарли.
- Аммо Япония ҳам бор...
- Айтайлик, Япония ва Австралия қарши чиқар, Жанубий Корея ҳам. Лекин конфедерация аъзоларининг ярмидан розилик олинса, кифоя қилади. Араб мамлакатлари ҳам кўп жиҳатдан биз томонда.
- ОФКга қўшилиш ихтиёрий равишда паст савияга ўтиш эмасми?
- Афсуски, ҳозир ҳеч қаерда эмасмиз. Ҳеч нарсасиз қолиш яхшими ёки Осиёда ўйнаш? Агар Европа ва Осиё ўртасида танлов бўлганида, бошқа гап эди.
- Вячеслав Колосков сўзларидан иқтибос: «Осиёда пул йўқ, парвозлар ҳажми катта, эътибор паст. Шундай экан, бу масала муҳокамага арзимайди»...
- Биринчидан, ОЧЛ даражасида парвозлар қисман қисқартирилган. Иккинчидан, логистика борасида катта муаммога йўлиқмаймиз. Жамоалар ҳудудларга асосан, гуруҳларга бўлинади. Яъни дейлик, Австралия томон учишга тўғри келмайди.
- Ғоя молиявий жиҳатдан қанчалик фойдали?
- Ҳа, мукофот пули Европадагидан анча кам. Аммо Европада ҳозир ҳеч вақо олмаймиз-ку.
- Россия термасининг Осиё жамоаларига қарши ўйинлари юртимизда қизиқиш уйғотадими?
- Қизиқарли ўйинлар йўқ эмас. Масалан, Ўзбекистон термаси билан. Ҳар ҳолда, қўшнилармиз. Эрон термаси билан учрашиш қизиқ эмасми? Японларга қарши ўйнашчи?
- Россияда ОЧЛ ўйинларини томоша қилишармикан?
- Нега кўришмас экан? Тақвимдаги бўшлиқни қандай тўлдирамиз? Ҳа, бундай ўйинлар клубларга катта даромад келтирмайди. Бошқа томондан, иттифоқ даврида жамоаларимиз тез-тез турнега чиқиб, обрў-эътибор қозонган. Яъни футбол барчани бирлаштиради. Анъаналарни қайта тиклаш мумкин. Қолаверса, Осиёдан энг кучли футбол давлати бўлиб чиқсак, ёмонми? Ўзимизни ҳурмат қилишимиз, англашимиз зарур. Европадаги савиямизни биламиз-ку.
Манба: sport-express.ru,
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади