Йўқ, араблардан ҳам ҳисоб бор...

Йўқ, араблардан ҳам ҳисоб бор...

Ромелу Лукаку - Саудия футболи сотиб олишга қурби етмайдиган биринчи футболчи!

Нима? Наҳотки, не-не юлдузларга мисли йўқ даражада пул таклиф этаётган араб клублари бельгиялик ҳужумчини олишга ожизлик қилса? Йўқ, бу ерда бошқа гап бор.

Оддий айтганда, Ромелу Лукакунинг даҳшатли «иштаҳа»си пул ҳисобини билмайдигандек таассурот уйғотаётган араб футболини ҳам чўчитиб юборди, шунчаки. Бинобарин, у «Ал-Ҳилол»дан йилига 90 миллион евро сўради. Таққослаш учун айтсак, узоқ вақт «Реал»да энг кўп маош олувчилар қаторида юрган Эден Азарнинг  иш ҳақи бундан 4 баравар кам эди. Хуллас, шу сабаб ўлароқ, «Ал-Ҳилол» Ромелуни таклиф этиш вариантидан воз кечди. Оқибатда «Челси» ва жамоа мухлислар армиясининг бельгиялик ҳужумчи трансферидан нақд пул олиш орзуси чиппакка чиқди.

Foot Mercato журналисти Санти Аунанинг ёзишича, Саудия клуби лондонликлар билан трансфер масаласини муҳокама қилишга тайёр эди, бироқ Лукаку қанча маош хоҳлаётганидан хабар топиб, уни таклиф этиш фикридан бутунлай қайтди. Қўшимча қилинишича, «Ал-Ҳилол» охирги мавсумни «Интер»да ўтказган футболчига бир мавсум учун 20 миллион евро бермоқчи эди, аммо ҳуқуқий жиҳатдан «Челси»га тегишли голеадор 90 миллион евро сўрагач, барчаси барбод бўлди. Ваҳоланки, Мессига етишолмаган «Ал-Ҳилол» бельгиялик билан тезда тўлақонли шартнома тузишга мойил кўринганди. Аммо энди бой клуб эътиборини бошқа ҳужумчига буради.

Шундан келиб чиқяптики, Лукаку - Саудия чемпионати учун жуда қимматбаҳо футболчи. Миш-мишларга қараганда, «Интер» ҳозирда Ромелу масаласида янги ижара вариантини кўриб чиқмоқда. Бироқ муаммо ҳам бор - Италия клубида бельгиялик футболчи маошини қоплаш учун ортиқча маблағ йўқ.

Д.АЛИМОВ тайёрлади