Оддий мисол, «Реал»нинг ЧЛ охирги мавсумида кубок сари юриши 3та чиройли камбэк билан янада залворли чиқди. Яъни Карло Анчелотти жамоаси 3та раунд тўсиғидан кучли ирода эвазига ошиб ўтди. Sports.ru таҳлилчилари бу борада охирги 10 мавсумга қараб, ЧЛ ва кучли лигаларнинг энг иродали жамоаларини аниқлашди. Биз эса ҳозирча ЧЛ таҳлили натижалари билан танишиб чиқамиз.
ЕЧЛ таҳлилида фақат «плей-офф» босқичи ўйинларига эътибор қаратилган. Бинобарин, турнирнинг гуруҳ раундида кураш ва қаршилик динамикаси бутунлай бошқача. Қисқаси, квартетларда қайд этилган натижаларни бир махраж остида умумлаштириш мумкин. Ахир муайян баҳсда 3 очко учун баҳслашиш ва «ҳаёт-мамот» мақомидаги «плей-офф» жангларида иштирок этиш ўртасида катта фарқ бор. Демак, таҳлилда муайян клубнинг икки ўйиндан иборат қарама-қаршилик давомида курашни тўхтатиш хавфи остида қолгани, якунда ирода эвазига кейинги раунд йўлланмасини ўз томонига оғдирган ҳолатлари инобатга олинган. Шунингдек, охирги 10 мавсум финалида ҳисобдан ортда бора туриб, ғалабани нишонлаган жамоа ҳисобига ҳам балл қўшилган. Алоҳида таъкидлаш керак, меҳмонда урилган гол устунлиги қоидасига ҳам қаралган. Бинобарин, аввалги мавсумларда бу қоида амалда эди. Мисол учун, 1-рақамли жамоа ўз майдонидаги биринчи учрашувда ҳисобни очган, 2-рақам остидагиси эса мувозанатни тиклаган. Ҳисоб 1:1, аммо 1-рақамли жамоа мағлуб томон позициясида, зеро, бунда рақиб жавоб ўйинидаги 0:0 эвазига ҳам меҳмонда урилган гол туфайли кейинги раундга ўтади. Шундай ҳолатда бу дастлабки ўйиндаги ирода маҳсули саналади. Албатта, мавсум-2021|2022га келиб, меҳмондаги гол устунлиги бекор бўлди ва унинг натижаларини таҳлил қилиш нисбатан осонлашди.
Энди натижаларга тўхталсак, ҳеч қандай мўъжиза йўқ - «Реал» иродали натижалари сони бўйича қолганлардан космик даражада ажралиб турибди. Айнан «Мадрид» бу борада ижобий балансга эга ягона жамоадир. Диққат қилинг, «Реал» курашни тўхтатиш хавфи остида турган ҳолатларнинг 66 фоизида барчасини тўғрилаш йўлини топган! Албатта, таҳлил учун олинган 10 йиллик «Қироллик клуби»нинг ЧЛдаги энг буюк даври эканлигини алоҳида эслатиш ўринли. Ҳар ҳолда, «Реал» охирги 9 мавсумда 5 марта ЧЛ ғолибига айландики, бунга бирдан ишониш ҳам қийин. Айниқса, ЧЛ-2021|2022 финали сари юриш «Мадрид» статистикасини безади. Ахир Карло Анчелотти жамоаси 1|8, 1|4 ва 1|2 финал босқичларида қаторасига ирода намойиш этди. Яъни аввалига ютқазувчи ролида бўлди, кейин ғолиб томонга айланди. Яна бир чиройли факт: «Реал» охирги 10 мавсумдаги финал ўйинларида иродали ғалаба қайд этган ягона жамоадир. Бунақасини унутиш мумкин эмас: мавсум-2013|2014 финали, рақиб «Атлетико» дарвозасига 90+3-дақиқада Серхио Рамос томонидан урилган гол, «овертайм»... Якуний натижа эса - 4:1.
«Ливерпул»нинг ирода рейтингидаги позициясидан ҳайрон қолиш мумкин. Лекин ҳаммаси оддий. Биринчидан, «қизиллар» таҳлил учун олинган даврдаги дастлабки 5 мавсумнинг «плей-офф» раундларида иштирок этмаганлар. Иккинчидан, улар муайян раунд давомида камдан-кам ҳолда ҳисобда ортда боришган. Лекин битта камбэк борки, шунинг ўзи катта тош босади. Ҳа, «Барселона»га қарши ўша сеҳрли ярим финал тўқнашувлари назарда тутилмоқда: аввалига «Камп Ноу»да 0:3, кейин «Энфилд»да 4:0.
Англия клубларининг умумий натижаси ҳайратланарлироқ. «Манчестер Сити» «плей-офф»да доимий иштирок этадиган клублар орасида энг ёмон балансга эга, «Челси»да ҳам даҳшатли статистика. Дейлик, лондонликлар ғалаба билан хотима топган мавсум-2020|2021 давомида бирор марта турнирдан четга чиқиш хавфи остига тушишмаган. «Арсенал» эса бу борада алоҳида «рамз». Зеро, бу жамоа ҳисобда ортда бора туриб, бирор марта кейинги раундга сакраган эмас. Бундай ҳолатлар клуб билан 5 марта кузатилганини ҳам айтиш жоиз.
«Қулаш» сони бўйича «ПСЖ» олдинда. Бунда ҳаммаси мантиққа мос: Париж клуби охирги 10 мавсумда 10 марта «плей-офф» раундларига қўшилди ва уларнинг ҳеч бирида соврин ютмади. Умуман, таҳлил учун олинган муддатни олсак, бу оралиқда 3тагина жамоа ЧЛнинг баҳорги қисмини бирор марта ўтказиб юбормади: «ПСЖ»дан ташқари, «Реал» ва «Бавария» ҳам ҳар сафар гуруҳ босқичидан чиқиш миссиясини бажарди. Қаранг, бу даврда улардан бири 5та, иккинчиси 2та «шалпангқулоқ» олди, учинчиси эса...
Дортмунд «Боруссия»нинг рейтингдаги ўрни ҳам чакки эмас. Лекин жамоанинг 5та иродали юришидан 3таси мавсум-2012|2013га тўғри келган. Германия жамоаси ўшанда Юрген Клопп бошқарувида финалга чиққан ва ҳал қилувчи ўйинни «Бавария»га бой берганди. Асосий камбэк эса чорак финалда кузатилган бўлиб, «Дортмунд» сафардаги 0:0дан кейин ўз майдонида «Малага»га 1:2 ҳисобида ютқаза туриб, ҳолатдан чиқиб кетган. Ўшанда «Боруссия»га курашни кейинги раундда давом эттириш учун 2та гол керак эди ва Клопп шогирдлари 90+1 ҳамда 90+3-дақиқаларда мақсадга эришишган. Умуман, дортмундликлар финалда ҳам қувувчи ролини бажаргандилар: Марио Манжукич голига Илкай Гюндоган жавоб қайтарган, аммо «Бавария» якунда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган, барибир.