Камтарин «Жирона»га Ла Лига турнир жадвалини бошқариш ёқиб тушган кўринади.
Мишель Санчес бошқарувидаги жамоа бу сафар «Райо Вальекано»ни енгиб, чемпионатдаги ғолибона сериясини 5та ўйинга чўзди. Каталония клуби очко йўқотмас экан, «Реал» 2-ўрин билан чекланиб қолаверади, ҳаттоки, «Валенсия»дек қайсар рақиб дарвозасини 5 бора ўққа тутса ҳам...
*** «Реал»нинг мағлубиятсиз серияси 10та ўйинга етди - 8та ғалаба ва 2та дуранг. Мадридликлар охирги марта 24 сентябрь куни «Атлетико»га 1:3 ҳисобида ютқазишганди.
*** 22 ёшли Родриго («Реал») Ла Лиганинг жорий мавсуми 1та ўйинда 4та голда қатнашган биринчи футболчи бўлди (2тадан гол ва ассист).
*** «Барселона» жорий аср ўз майдонидаги ўйинларда энг тезкор голни қабул қилиб олди. Унга 18-сонияда «Алавес» ҳужумчиси Самюэль Омородион муаллифлик қилди.
*** Роберт Левандовски («Барселона») 6та ўйинга чўзилган голсиз сериясига «дубль» билан барҳам берди.
Элит лига танаффусга қайтди ва дарҳол кутилмаган натижа тақдим этди. Дастлабки 5та турда мағлубиятга учрамаган «Андижон» ўз майдонида Иван Бошковичнинг иштиёқи баланд «Сўғдиёна»сига ягона гол туфайли ютқазди.