«Камбэк»лар серияси, бу – нақадар ёқимли-а...

«Камбэк»лар серияси, бу – нақадар ёқимли-а...

Ўзбекистон миллий жамоаси Сречко Катанец бошқарувида «камбэк»лар мутахассисига айланиб бормоқда, чоғи.

Ҳар ҳолда, бош жамоамиз қисқа вақт ичидаги 4та ўйинда ҳисобда ортда бора туриб, якунда мағлубиятдан қочди - «камбэк»ларнинг чиройли серияси!

*** 

Ҳа, Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида илк марта ФИФА реестрига кирган кетма-кет 4та баҳсда ҳисобда ортда қолиб, якунда мағлубиятдан қутулиб қолди. Сречко Катанец шогирдлари аввалига, 13 сентябрь куни АҚШда Мексика термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида Отабек Шукуровнинг 90+2-дақиқада урган голи эвазига салбий якундан қочди - 3:3. 16 октябрь куни эса сафарда Хитой термаси билан учрашувнинг 41-дақиқада гол қўйиб юбориб, бунга 2 марта жавоб берди. Яъни Отабек Шукуров (78-дақиқа) ва Жамшид Искандеров (85-дақиқа) голлари ғалаба (2:1) тақдим этди - гўзал «камбэк». ЖЧ-2026 саралашидан ўрин олган дастлабки 2та ўйинда ҳам шу ҳолат такрорланди. Фақат фарқи шуки, 16 ноябрь куни Туркманистон термасига қарши ўйиндаги 0:1 ҳисобини 3:1га айлантирган вакилларимиз 2-тур баҳсида 2та гол камомадини йўққа чиқаришда ўзларида куч топа олишди - 2:2. Буниси анча қимматли ҳам. Ахир Эрон миллий жамоаси билан ўйинда 0:2дан қочиш ҳазил иш эмас. Алоҳида айтиш керак, Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида Эрон термаси дарвозасига илк марта 2та гол урди. Шу тариқа форслар билан ҳисоб-китобда жами голлар нисбати 5:18га етди.

Ўзбекистон миллий жамоасининг сўнгги 5та ўйини

13 сентябрь. Мексика - Ўзбекистон - 3:3 (21, 80, 88 - 18, 45+1, 90+2)

13 октябрь. Вьетнам - Ўзбекистон - 0:2 (22, 66)

16 октябрь. Хитой - Ўзбекистон - 1:2 (41 - 78, 86)

16 ноябрь. Туркманистон - Ўзбекистон - 1:3 (44 - 57, 77, 90+1)

21 ноябрь. Ўзбекистон - Эрон - 2:2 (52, 83 -   14 38).

Изоҳ: Вьетнам термасига қарши ўйин ФИФА реестирига киритилмаган.  

*** 

Ўзбекистон миллий жамоаси Эрон термасининг 9та ўйиндан иборат ғалабали сериясига чек қўйди. Қолаверса, форслар жорий йил илк марта 1та ўйинда 2та гол қабул қилиш. Эрон миллий жамоаси ЖЧ-2022да гуруҳ босқичидан чиқолмагач, португалиялик Карлуш Кейруш истеъфога чиқарилганди. Мамлакат футбол раҳбарияти узоқ уйланишлардан ке­йин унинг ўрнига жамоанинг собиқ бош мураббийи Амир Галиноини тайинлади. Форслар янги-эски мураббий қўл остида бирдан мағлубиятсиз серияни бошлашди - 2023 йилги 10та ўйинда 9та ғалаба ва 1та дуранг (Россия термасига қарши «ўртоқлик»да 1:1). Хуллас, Эрон термаси Тошкент сафаридан олдин қаторасига 9та ўйинда ғалаба нашидасини сурганди.

Эрон миллий жамоасининг 2023 йилги ўйинлари

23 март. Эрон - Россия - 1:1

28 март. Эрон - Кения - 2:1

13 июнь. Эрон - Афғонистон - 6:1

16 июнь. Қирғизистон - Эрон - 1:5

20 июнь. Ўзбекистон - Эрон - 0:1

7 сентябрь. Болгария - Эрон - 0:1

12 сентябрь. Эрон - Ангола - 4:0

13 октябрь. Иордания - Эрон - 1:3

17 октябрь. Қатар - Эрон - 0:4

16 ноябрь. Эрон - Гонконг - 4:0

21 ноябрь. Ўзбекистон - Эрон - 2:2

Эрон миллий жамоаси охирги марта 2022 йилнинг айнан 21 ноябрь куни ЖЧ-2022дан ўрин олган Англия термасига қарши баҳсда 1тадан кўп гол қўйиб юборганди (2:6). Шундан кейинги 12та ўйинда бирор рақиб форслар дарвозасини лоақал 2 марта нишонга олмаганди.

*** 

Ўзбекистон - Эрон ўйини қаҳрамони Остон Ўрунов форс футболи сирини топган кўринади. Диққат қилинг, ҳужумкор ярим ҳимоячи терма жамоамиз ва «Навбаҳор» клуби сафида Эрон вакилларига қарши охирги 3та ўйинда 4та гол уришдан ташқари, 2та ассист қайд этди. 

*** 

Иродали дуранг терма жамоамизга ФИФА рейтингида 5,19 балл келтирди. Туркманлар билан баҳсдан кейин умумий рўйхатда 72-ўринга кўтарилган жамоамиз энди 68-қаторга сакрайди (ОФК миқёсида 9-поғона). Бунга биздан тепароқда жойлашган Исландия, Уммон, Черногория ва Босния термаларининг кўп очко йўқотгани ҳам йўл очди. ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичи қуръаси вақтигача ОФК бўйича топ-6га киришни уддаласак, нисбатан енгилроқ гуруҳдан жой олиш имконияти ошарди. Бунинг учун Ироқ, БАА ва Қатар термаларини қувиб ўтиш талаб этилади. Лекин бунинг эҳтимоли паст. Зеро, ушбу жамоаларнинг ЖЧ саралашидаги рақиблари унча жиддий эмас.

ФИФА рейтинги (ОФК миқёси)нинг айни ҳолати

1. (17) Япония — 1620,19 балл

2. (21). Эрон — 1565,08 балл

3. (23). Ж.Корея — 1550,65 балл

4. (25). Австралия — 1539,22 балл

5. (56). С.Арабистони — 1421,06 балл

6. (58). Қатар — 1407,30 балл

7. (63). Ироқ — 1365,98 балл

8. (64). БАА — 1364,46 балл

9. (68). Ўзбекистон — 1345,26 балл

Охирги хабарларга қараганда, Эрон миллий жамоаси бош мураббийи Амир Галенои ўз лавозимидан кетиши ҳам мумкин. Форс нашрларида мамлакат футбол федерация президенти Меҳди Тож Ўзбекистон - Эрон ўйинидан кейин «Персеполис» бош мураббийи Яҳё Гулмуҳаммади билан телефон орқали гаплашгани ҳақида ёзилди. Таъкидланишича, Меҳди Тож суҳбатдошига Галеноида соғлиги билан боғлиқ муаммолар борлиги, терма жамоани ундан қабул қилиб олиши мумкинлиги ҳақида гапирган.
***
ФИФА рейтингида ҳам ўнлик ўзгарди. Аргентина миллий жамоаси 1-ўринда бормоқда, Франция 2-ўрин, 3-ўриндаги Бразилия эса ўрнини Англияга бўшатиб, 5-ўринга пастлади. Кейинги ўринларни Белгия (4), Нидерландия (6), Португалия (7), Испания (8), Италия (9) ва Хорватия (10) ўнликдан жой олган.

Осиё жамоалари орасида эса Япония рейтингда 17-ўринга кўтарилиб, пешқадам саналади. Шунингдек, қитъада топ-10ликдан Эрон (21), Жанубий Корея (23), Австралия (25), Саудия Арабистони (56), Қатар (58), Ироқ (63), БАА (64), Ўзбекистон (68) ва Уммон (74) жой олган. Эътиборлиси, миллий жамоамиз ОФКга аъзо мамлакатлар орасида ФИФА рейтингида 5 поғона юқорилаб, Ироқ ва БАА билан бирга энг катта ўсишга эришган жамоа бўлди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий жамоаси октябр ойида 73-ўринга кўтарилиб, охирги 5 йилликдаги энг яхши натижасига эришганди. Бунгача вакилларимиз 2018 йил февраль ойида 72-ўринга кўтарилган, шундан сўнг 95, 84, 83, 82, 77-ўринларни эгаллаганди. Бу сафар эса 68-ўрин билан сўнгги 6 йилликдаги энг яхши натижа забт этилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси октябр ойида Хитойда йиғин ўтказиб, Виетнам (2:0) ва Хитой (2:1) миллий жамоалари устидан ғалабага эришган бўлса, ноябрда ЖЧ-2026 саралаши доирасида Туркманистон устидан ғалабага (3:1) эришди, Эрон билан эса дуранг (2:2) қайд этди.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоасининг ФИФА рейтингидаги энг яхши натижаси – 45-ўрин бўлиб, вакилларимиз 2006-2007 йилларда ушбу ўринда қайд этилганди.

Интернет хабарлари асосида тайёрланди