«Биринчи» - бош белги!
Ниҳоят, Суперлига-2024 ҳам финишга етди. Якуний тур ўйинлари ғаройиботларга бой бўлди.
Ўзингизча ҳарчанд жўяли мантиққа асосланган мулоҳаза юритманг, гоҳо ҳаётда ўйлаганларингизнинг тескарисини кузатасиз.
Очиғи, оғир ўтган мавсумдан сўнг футболчилар Евро-2024 мусобақасида анчайин ҳафсаласиз тўп суришишлари тахмин қилинганди. Еврокубоклар ва миллий чемпионатларнинг тиғиз графигидан сўнг аслида ҳордиқ чиқаришга эҳтиёжманд футболчилардан Евро-2024да шиддатли ҳаракат кутиш ноўриндек эди гўё. Ҳолбуки, ҳаммаси бошқача тус олмоқда. Қувноқлик ва энергияга тўла ўйинлар мухлисларга ҳаддан зиёд ёқиб тушмоқда, уларни завқлантириб, роҳатлантирмоқда.
Миллионлаб мухлислар ҳар қандай ҳолатда ҳам, Испания ва Хорватия терма жамоалари ўртасидаги учрашувни интизор кутишгани тайин. Ўйин сценарийси эса кутилган тахминларни ортиқ даражада оқлади. Ёш мухлислар келажаги порлоқ Ламин Ямалнинг тўп билан ажабтовур муомала қилишидан яйраб-яшнашди ва уни олқишлашди. Ҳар икки жамоанинг айниқса, гўё 1000 йил ўйнамагандек, чарчоқ билмай тўп сургани мухлисларда катта таассурот уйғотди. Евроареналарда ҳали мавсум бошланмагану футболчилар чексиз соғинч билан майдонда жавлон уришаётгандек. Бундай ташналик уларга қаёқдан юққанини ўйлаб, ўйинг охирига етолмайсан киши. Йўқ, ҳаммаси футболга муҳаббат ва мухлисларга ҳурмат натижасидир. Aкс ҳолда, «кўҳна қитъа»нинг нуфузли турнири бу қадар шукуҳ ва шиддат билан бошланмасди.
Евротурнир фонида Суперлига 11-тур ўйинларини томоша қилиш, тўғриси, анча зерикарли туюлди. «Пахтакор» - «Навбаҳор» баҳси бошлангач, майдондаги вазиятдан тегишли хулоса чиқарган айрим мухлислар дуранг қайд этилишини айтиб қўя қолишди. Башоратлар тўғри чиққанида эса аксарият мухлислар пешоналарига уриб қўйишди ва беихтиёр ўзларини айблашди: «Шунча йўл босиб, вақт сарфлаб, ҳайит оқшоми яқинлар даврасидан узоққа кетиб, боз устига, нақд 100 минг сўмга чипта сотиб олиб, шу ўйинга тушдимми?» Доимий мухлисимиз ва пойтахтдаги учрашувлар чоғи бевосита стадионда бўлиб, вазиятлар тафсилотини биз билан ўртоқлашадиган футбол билимдони Маъруфхон Тошкандий ҳам норозилигини яшириб ўтирмади: «Муборак ҳайит оқшоми бўлмаса ҳам майли эди-я... Мутасаддиларнинг муқаддас қадриятларга муносабатлари шуми? Кўпнинг дуоси кўл. Aгар чипталар ҳайитлик сифатида тарқатилганида ва мухлислар «Пахтакор» стадионига аввалги файз қайтишини тилаб, дуо қилишганида, қандай ажойиб иш бўларди?! «Пахтакор» келажагини ўйлаганлар «Навбаҳор» мухлислари ташрифидан фойдаланиб қолишни ўйламай, истиқбол учун маънавий замин ҳозирлашганида, стадион ҳайит ҳайқириқларига тўлиб-тошарди».
Нима ҳам дердик? Маъруфхон Тошкандийнинг мулоҳазаларига қўшилмай илож йўқ. Лекин ҳар икки жамоа ҳам ғалаба қозониш учун астойдил интилмагани жуда ғалати. Aйниқса, «лочинлар»нинг парвози мухлислар кутган даражада баланд бўлмагани ажабланарли. Суперлигадаги кичик танаффусдан кейин чемпионликни орзу қилаётган жамоа майдонни ёндириб ташламайдими, оловли юришлари билан мухлисларига чексиз ҳузур-ҳаловат бағишламайдими? Қурбон ҳайитининг илк оқшоми ҳарорат у қадар юқориламади ва нисбатан салқин ҳавода маза қилиб ўйнаш мумкин эди. Aфсуски, мухлислар «Пахтакор» стадионида ўша сурурбахш футболни томоша қилишолмади. Футболга муҳаббат ва мухлисларга ҳурматда шундай юзакилик кузатилаверса, одамлар стадионга талпинишармиди? Ғалаба иштиёқидан холи бундай думбул, дуранг нафаси уфуриб турадиган ўйинлар кимга керак? Бу каби «томоша»лар кимлар томонидан саҳналаштирилмоқда?!
«Насаф»нинг Жиззахдаги ўйини ҳам мухлисларга маъқул келмади. Зеро, «аждарлар»нинг атанган ҳужуми дастлаб 10, учрашув якунида эса 9 киши бўлиб қолган «Сўғдиёна» ҳимоясини ёриб ўтолмади. Қисқаси, «Насаф» турнир жадвалида анчагина олдинлаб кетиш имкониятидан ўз ихтиёри билан воз кечди. Жиззахда йўқотилган очколар мавсум финишида ўз сўзини айтиши ҳеч гап эмас. Бунга аввало, Рўзиқул Бердиев айбдор. Учрашув давомида «аждарлар» дуранг қайд этишлари ёки ғалаба қозонишлари учун яхшигина вазиятлар туғилди. Бироқ қаршиликлар бундай ҳужумлар, футболчилар сони бўйича устунликдан фойдалана олишмади. Таъкидлаш жоиз, «Насаф» Суперлигада аллақачон чемпионлик шоҳсупасига кўтариларди агар... Жамоага чемпионлик йўлида ҳар мавсум бемаврид очко йўқотишлар халақит бермоқда. Масалан, «аждарлар» ўтган мавсум ғалаба қозониш шарт ҳолатда «Турон»га ютқазишганди. Финиш маррасида жамоага тушунарсиз тарзда бой берилган ўша 3 очко етишмагани айни ҳақиқат. Жорий мавсум ҳам «Насаф» фаолиятида шундай тушунарсиз ҳолатлар такрорланмоқда. Савол туғилади: ўзи Қарши жамоаси чемпион бўлишни истайдими ёки йўқ? Жамоа нима сабабдан ғалаба учун ўйнаши шарт саналган учрашувларга юзаки ёндашади? «Насаф»ни қандай кўринмас куч чемпионлик орзусидан қайтармоқда?
Умуман, чемпионлик учун курашиши тахмин қилинган «Насаф», «Навбаҳор» ва «Нефтчи» ўйинида ўртамиёналикка хос кўринишлар кўзга ташланаётгани ва мазкур жамоаларда тўп сураётган истеъдодли футболчиларда «олтин» ютиш иштиёқи сезилмаётгани мухлисларни хавотирга солмоқда. Aвангард жамоалар ўйинида сустлик шу зайл давом этаверса, Суперлигада рақобат олови сўниб қолмайдими? Ҳозирги ҳолатда турнир жадвалидаги тиғизлик кучли рақобат таъсирини эмас, балки бир-бирининг «мушугини пишт» дейишни хоҳламайдиган жамоаларнинг ўзаро пинҳоний келишувини эслатмоқда гўё. «Насаф», «Навбаҳор», «Нефтчи»дан фарқли ўлароқ, «Пахтакор», «Сўғдиёна» ва «Aндижон»нинг шашти баланд, табиийки, мухлис аҳли бундан мамнун. «Пахтакор» яна бир ғолибона ҳатласа, пешқадамларга етиб олади ва ҳатто уларни қувиб ўтади. Узоқ йиллар ўртамиёна жамоа сифатида танилган «Aндижон», ниҳоят, оптимал таркиб шакллантириб, авангардлик табиатини тобламоқда. Бу борада ҳар доимгидек Бектемир Aбдуман-нонов жамоадошларига ўрнак. Энди Рустам Турдимуродов ҳам у каби ўзини кўрсатиш иштиёқида ёнмоқда. Ҳар икки футболчидаги ҳассослик Люпче Дориев шижоатидан асло қолишмаслигини кўриб, кишининг кўнгли таскин топади.
Футболимизда истеъдодлар етарли. Фақат уларнинг юзага чиқишлари қийин. Мутасаддилар ва мураббийлар ҳар доим ҳам буни исташвермайдилар. Либоси йўқолиб қолган Силванус Нимелининг ачинарли ҳолати бунга ёрқин мисол. Ўйинга туширмаслик учун либосни яшириб қўйиш шартми? Темур Кападзе олдинроқ Бектемир Aбдуман-ноновни олимпия жамоасига жалб қилмаслиги сабабини очиқ айтолмай, роса қийналганди. Февзи Давлетов ҳам Силванус Нимели хизматларидан фойдаланмаслигини очиқ-ошкора изоҳлаб беролмаяпти ва киши билмас даражада унинг ғашига тегмоқда. Бундай хурмача қилиқлардан футболимизга нима наф? Бунақа «ўйин»лар футболимизга ҳам, ўша мураббийларга ҳам ҳеч қачон обрў келтирмайди, аксинча, жамоатчилик олдида ва футбол оламида Суперлига шаънини оёқости қилади, холос.
Муҳтарам мухлис, ҳайит кунлари футболимизда юз берган ҳангомалар ҳақида мулоҳаза юритиш бизга ҳам ҳавас эмас. Aммо айтилиши лозим ҳар қайси гап иссиғида эгаларига етказилгани маъқул. Шуниси аниқ, турли ҳангомалар ўтаверади. Барчамиз ҳар гал ўзгача нишонлайдиган муборак ҳайит айёми эса қувонч ва сурури билан ҳамиша бизга ҳамроҳ! Ҳайитингиз муборак!
Муҳаммад ВАЛИ
Ниҳоят, Суперлига-2024 ҳам финишга етди. Якуний тур ўйинлари ғаройиботларга бой бўлди.
ЖЧ-1994да 6тадан гол урган Христо Стоичков ва Олег Саленко турнирнинг энг яхши тўпурари унвонини қўлга киритишганди.
Мана ниҳоят узоқ кутилган Суперлига-2024 нинг "эшик"лари ёпилди
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789