«Камтарга камол»нинг тасдиғи

«Камтарга камол»нинг тасдиғи

Грандлар мавзуси тилга олинганида, данияликлар «Копенгаген» ва «Мидтьюлланн»ни тасаввур этадилар. Бироқ «Норшелланн» аъзолари бунга қўшилишмайди.

Гарчи бу жамоа натижалар бўйича фақат жорий мавсумда юқорида зикр этилган рақибларидан ўзиб кетган бўлсада, ёш иқтидорлар сони бўйича аллақачон юксак даражага чиқиб улгурган. Муҳаммад Қуддус, Миккель Дамсгор ва Камол Сулаймонлар ҳозир номдор жамоаларда тўп суришмоқда, лекин илк сабоқларни айнан «Норшелланн»да олишган. Бу клуб асосий эътиборни ёшларга қаратади ва бу ўз самарасини бермоқда. Хўш, ўтган мавсумда жон сақлаш учун курашган жамоани фаворит мақомига олиб чиққан ва энди ўзларини скаутлар назаридан олиб қочишга уринаётган ёш иқтидорлар кимлар?

«Норшелланн» - Европадаги энг ёш клуб

Дания чемпионатида етакчилик қилаётган жамоанинг асосий қудрати - ёш ўйинчилар. Таркибнинг ўртача ёши 22,3, ўйин вақтининг 73,7 фоизида 21 ёшдан кичик ўйинчилар тўп сурмоқдалар. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, топ-чемпионатлар вакиллари орасида энг юқори кўрсаткичга эришган «Барселона»да умумий ўйин вақтининг 29,5 фоизини ёш иқтидорлар банд этишган.

Одатда «Норшелланн» турнир жадвалида бу қадар юқори кўтарилган эмасди - жорий мавсум ростакам парвозни намойиш этди. Ўтган мавсумда жамоа аутсайдерлар сафида эди: ҳозирги етакчилар синовда эдилар, энди улар ҳар ойда чемпионатнинг энг яхши футболчиси унвонини қўлга киритмоқдалар. Андреас Шельдеруп, Эрнест Нуама, Мадс Бидструп ва Адамо Нагало - ёш иқтидорлар рўйхатини давом эттириш мумкин. Келинг, яхшиси, улар билан танишайлик.

Андреас Шельдеруп - «Ливерпул»ни рад этган етакчи

Эҳтимол, Андреас жамоанинг асосий ньюсмейкеридир. У ҳам скандинав, фақат дания­лик эмас, норвегиялик. Ихтисоси вингер, аммо олдинги чизиқда ҳам ўйнай олади. Жорий мавсумда 10та гол билан тўпурарлар рўйхатини бош­қариб бормоқда. 16 ёшида Андреас ПСВ, «Аякс», «Аталанта», «Ювентус», «Бавария» ва «Ливерпул»да кўрикдан ўтган, «қизиллар» уни ўз академияларига таклиф этишганди. Бироқ норвегиялик тўсатдан пайдо бўлган «Норшелланн»га йўл олди: «Англияда 17-19 ёшлилар орасида юргандан, бу ерда асосий таркибда ўйнаш яхшироқ».

Андреас жуда меҳнатсевар йигит. Мураббийлар ҳатто унинг қўшимча машғалотларини чеклаб қўйишга мажбур бўлганликларини тан олишган. У асосан ўнг оёқда тўп сурсада, чап оёғи ҳам жуда чаққон, рақибларини алдаб ўтишда қўл келади. Айнан ажойиб дриблинги учун уни Эден Азар ва Жек Грилишга қиёслашади. Андреас Андрес Иньестани ўз «кумир»и деб билади. Шунингдек, Мартин Эдегор ва Эрлинг Холанднинг ўйинларига юксак баҳо беради. Яқин келажакда у ватандоши билан ёнма-ён тўп суриши мумкин - АПЛ топлари қишда уни ўз сафларига қўшиб олиш ниятидалар. «Севилья»нинг 10 млн. евролик таклифини «Норшелланн» рад этди.

Ярим ҳимоя чизиғининг ижарадаги етакчиси - Мадс Бидструп

Мадс 21 ёшда. Англияда иши юришмагач, «Брентфорд» ярим ҳимоячиси 2022 йил январида ижара асосида «Норшелланн»га йўл олди ва шу вақт ичида жамоа етакчиларидан бирига айланди. У тўпни рақибидан тортиб олганидан кейин ҳужум уюштиришни хуш кўради. Бу борада 56 балл билан чемпионат пешқадами бўлсада, самарали узатмалари билан мақтана олмайди. Аммо ўз жамоадошларини бор куч-маҳоратлари билан ўйнашга руҳлантира олади. Шу туфайли мутахассислар уни Дания чемпионатидаги энг омадли трансфер сифатида эътироф этмоқдалар. Агар Мадс мавсумни муваффақиятли якунласа, «Брентфорд»да ишлари юришиб кетиши ва юксакроқ чўққиларга кўтарилиши ҳеч гапмас.

Эрнест Нуама - Қатарда терма жамоасига ёрдам берган ганалик иқтидор

Ўтган йили Гана футбол академиясидан ўзаро шартномага асосан «Норшелланн»га келган 18 ёшли вингер ҳам жорий мавсумда ёрқин ўйинларни намойиш этди. Дарвоқе, ундан аввалроқ Муҳаммад Қуддус ва Камол Сулаймон ҳам мазкур келишувга биноан Дания клубидан жой олишганди.

Эрнест кўпроқ ўнг қанотда ўйнайди, аммо марказий ҳужумчи ролини ҳам уддалай олади. Ўтган мавсум охирида асосий таркибга келгани боис, бор маҳоратини намойиш этишга улгурмаганди. Жорий мавсумдаги 17 учрашувда 5та гол ва 3та ассист билан Гана терма жамоасининг кенгайтирилган таркибидан жой олди. Дриблинг ва тезкорлик - Эрнестнинг устун жиҳатлари. У ўз вақтида олдинга интилади ва алдамчи ҳаракатлари билан рақибларини шошириб қўяди. Мавсумнинг ҳал қилувчи босқичини муваффақиятли ўтказса, ёзда топ-чемпионатлар клубига йўл олиши аниқ.

Адамо  Нагало - имкониятдан  фойдаланган буркина-фасолик ҳимоячи

20 ёшли ҳимоячи 2 йил аввал Гана футбол академиясидан Данияга келганди. «Норшелланн»да тўп суриш имкониятига у ўтган мавсумда эга бўлди: элитадаги ўрнини сақлаб қолишга интилган жамоа бошқа ҳимоячини қишда ўз таркибига жалб этганди. Бироқ чемпионатни давом эттиришга икки ҳафта қолганида, у жароҳат олди. Мураббийда навқирон Адамога ишонч билдиришдан бошқа йўл қолмаганди. Ёш ҳимоячи бу имкониятдан унумли фойдаланди - ҳимоя марказидан мустаҳкам ўрин олиб, рақобатчига имкон қолдирмади. Жорий мавсумда эса Нагало бошланғич таркибнинг доимий аъзосига айланиб, 33 ёшли Киан Хансен билан ишончли дуэтни ташкил этди. Бунинг самараси эвазига «Норшелланн» ортда қолган 17 учрашувда атиги 13та гол ўтказиб юборди. Бу Дания чемпионатидаги энг юқори кўрсаткич.

Ёзда Адамо Нагало «Фенербахче» таркибига ўтиб кетиши мумкин эди. Бироқ ҳимоячи Данияда қолишни афзал кўрди. Мақсади: Англия ёки Германияда тўп суриш. Мавсум якунида унинг орзуси ҳам рўёбга чиқса, ажабланмаймиз. Қисқаси, ноёб иқтидорлар топ-клубларда эмас, камтарин жамоаларда шаклланадилар. Камтарга камол ҳикматининг футболдаги тасдиғи.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади