Камёб статистика: Темурхўжанинг юзталик марраси

Камёб статистика: Темурхўжанинг юзталик марраси

Суперлига 18-туридан ўрин олган «Қизилқум» - «Олимпик» ўйини (2:1)да кўпчилик назаридан четда қолган алоҳида статис­тик кўрсаткич қайд этилди.

Учрашувнинг 49-дақиқасида олимпиячилар дарвозасини нишонга олган фахрий ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов жорий чемпионатдаги голлари сонини 11тага етказиш қўйиш асносида ЮЗЛИК маррага етди! Демак, қўйида Темурхўжанинг Ўзбекистон чемпионати тарихида тўплаган 100та голи хроникасига назар соламиз.

Темурхўжа Абдухолиқов илк марта 2008 йили «Бунёдкор» ўринбосарлар жамоаси сафида назарга тушди. У «қалдирғочлар» тизимида 3 йил ўз маҳоратини ошириш баробарида ёшлар жамоаси учун 17та гол урди. Бу орада ёш ҳужумчи тўпурарлик қобилияти билан «Пахтакор» мураббийлари эътиборини ўзига тортди. Шу тариқа Темурхўжа «шерлар» сафига қўшилиб, 2011 йилнинг 5 март куни асосий жамоада дебютини нишонлади ва «Қизилқум»га қарши кечган учрашувнинг 88-дақиқасида миллий чемпионат элит лигасидаги голлари ҳисобини очди. Ўшанда Абдухолиқов голдан кейин ўз ўрнини яна бир дебютант - Игорь Сергеевга бўшатиб берганди. Умуман, Темурхўжа «Пахтакор» сафида 3 мавсум тўп суриб, чемпионат баҳс­ларининг ўзида 22та гол йиғди. Ҳужумчи шундан сўнг еврофутболга юзланиб, деярли 1 йил Хорватиянинг «Хайдук» клуби шарафини ҳимоя қилди. 2015 йилги мавсумда Ўзбекистонга қайтган Абдухолиқов «Локомотив» либосини кийди ва «темирйўлчилар» таркибида муваффақиятли ўйнаб, ўз ҳисобига яна 30та гол ёздириб қўйди. 

Иқтидорли голеадор 2007 йили яна бир бора хорижга чиқди - бу сафар Қатарнинг «Ал-Сайлия» клуби билан шартнома тузган Темурхўжа Юлдузлар лигасида бир мавсум давомида бинойидек таассурот қолдирди. Лекин 2018 йили «Локомотив»га қайтди. Абдухолиқовнинг «темирйўлчилар» сафидаги иккинчи даври ҳам чакки бўлмади - 4 йилда чемпионат баҳсларида 37та гол. Мана, у жорий йил «Қизилқум» либосини кийди ва 18-турда 11-голини нишонлаб, 100талик довонга етди.

Энди Темурхўжа Абдухолиқов томонидан урилган 100та голнинг умумий картинасига бирров назар соламиз: 

* «Олимпик» Темурхўжа Абдухолиқовдан гол қабул қилган 21- жамоа бўлди. Оддий айтганда, ҳужумчи 100та гол маррасига қадар чемпионатда айнан 21та клуб дарвозасини нишонга олди. 

* Темурхўжа Абдухолиқовдан энг кўп жабр чеккан клублар - «Машъал» ва «Бунёдкор». Ҳужумчи ҳар иккиси дарвозабонларини 9 мартадан ранжитган. У шунингдек, «Андижон», «Нефтчи» ва «Бухоро»га 8тадан гол «тортиқ» этган.

* Темурхўжа Абдухолиқов 100та голдан 43тасини биринчи бўлим, қолган 57тасини танаффусдан ке­йин расмийлаштирди.

* Темурхўжа Абдухолиқов зарбаларидан кейин 57 нафар голкипер ўз  дарвозасидан тўп олиб чиқди. Ҳужумчи жумладан, Сербия, Молдова, Грузия, Россия ва Украинадан келган 9 нафар легионерни ожиз қолдирди. Темурхўжанинг аниқ зарбалари олдида энг кўп ожиз қолган дарвозабон - бу Александр Корнейчук (5та гол). Ботир Носиров, Зафар Сафоев ва Андрей Мельничук «зимма»сида Абдухолиқовнинг 4тадан голи бор. Ўткир Юсупов, Хуршид Хўжаев, Акбар Тўраев, Ботирали Эргашев, Суҳроб Султонов, Элдор Суюнов, Низомиддин Зиёвуддинов, Милан Митрович, Шуҳрат Эшбўтаев ва Юрий Цой эса унинг олдида 3 мартадан ожиз қолишган. Темурхўжа яна 10 нафар киперни 2 мартадан, 33 нафарини 1 мартадан ранжитган.

* Темурхўжа Абдухолиқов биринчи марта 2012 йилнинг 5 октябрь куни «Нефтчи»га қарши ўйинда «дубл»га эришди. Унинг ҳисобида жами 12та «дубль» бор. Бу борада энг юқори натижани 2016 йилги мавсумда қайд этди - 4та «дубль».

* Темурхўжа Абдухолиқов 2012 йилнинг 21 сентябрь куни «Андижон»га қарши ўйинда илк «хет-трик»ни расмийлаштирди. Умуман, у 3та «хет-трик»ка эга.

* Темурхўжа Абдухолиқов пенальтидан урилган голлари ҳисобини 2015 йилнинг 12 апрель куни «Бунёдкор» билан баҳсда очди. Унинг 100та голидан 14таси пенальти маҳсулидир. Бундан ташқари, ҳужумчи 1та пенальтидан фойдаланолмади. 

* Темурхўжа Абдухолиқов ҳисобида 100та гол баробарида 23та сариқ ва 1та қизил карточка ҳам йиғилди.

* * Темурхўжа Абдухолиқов Ўзбекистон чемпионати элит лигасида 100та гол маррасига етган 24-футболчидир. Жорий мавсум якунига қадар бу рўйхат янада узайиши мумкин. Марат Бикмаев тўпурарлар клубига 25-аъзо сифатида қўшилишга яқин. У Суперлига 18-турида «Локомотив» дарвозасига 88-голини урди. Демак, Маратнинг элит гуруҳга қўшилиши учун атиги 2та гол керак.

Темурхўжа

Абдухолиқовнинг 100та голи тақсимоти

«Машъал» - 9та

«Бунёдкор» - 9та

«Андижон» - 8та

«Нефтчи» - 8та 

«Бухоро» - 8та

«Навбаҳор» - 7та 

«Сўғдиёна» - 7та 

«Динамо» - 6та

«Насаф» - 6та

«Қизилқум» - 5та

«Шўртан» - 5та 

«Металлург» - 5та 

«Қўқон-1912» - 5та

«Турон» - 3та

АГМК - 2та 

«Сурхон» - 2та

«Локомотив» - 1та

«Гулистон» - 1та 

«Пахтакор» - 1та 

«Обод» - 1та 

«Олимпик» - 1та

ЎЗБЕКИСТОН ЧЕМПИОНАТИ ЭЛИТ ЛИГАСИНИНГ ЭНГ ЯХШИ ТЎПУРАРЛАРИ 

Ўзбекистон миллий чемпионатида ҳозирга қадар 24 нафар футболчи 100та гол маррасидан ўзган. Эслатма, «100та гол» клубига биринчи бўлиб, 1997 йили Олег Шацких (Максим Шацкихнинг акаси) аъзо бўлганди.

1. Анвар Бердиев («Машъал», «Насаф», «Бунёдкор», «Андижон, «Нефтчи») - 226та (23 мавсум)    2. Зафар Холмуродов («Насаф», «Машъал», «Динамо», «Хоразм», АГМК) - 200та (16 мавсум)          

3. Шуҳрат Мирхолдиршоев («Навбаҳор», «Машъал», «Андижон», «Насаф») - 194 (13 мавсум)       

4. Бахтиёр Ҳамидуллаев («Пахтакор», «Андижон») - 179та (14 мавсум)       

5. Жаъфар Ирисметов («Дўстлик», «Динамо», «Пахтакор», «Шўртан», «Қизилқум», «Навбаҳор») - 174 (12 мавсум)

6. Умид Исоқов («Пахтакор», «Динамо», «Андижон», «Насаф», «Қизилқум», «Хоразм», «Нефтчи») - 174та (14 мавсум)

7. Равшан Бозоров («Нефтчи», «Пахтакор», «Динамо», «Машъал», «Тўпаланг») - 168та (11 мавсум)

8. Анвар Солиев («Навбаҳор», «Бунёдкор», «Насаф», «Пахтакор») - 163та (19 мавсум)

9. Ойбек Усмонхўжаев («Навбаҳор», «Нурафшон», МҲСК, «Дўстлик», «Динамо», «Насаф», «Локомотив») - 157та (13 мавсум)

10. Фарид Хабибуллин («Косонсой», «Навбаҳор», «Дўстлик», «Қизилқум», «Металлург», «Динамо») - 133та (14 мавсум)

11. Рустам Дўрмонов («Пахтакор», «Навбаҳор», «Нефтчи») - 132та (10 мавсум)

12. Мухтор Қурбонов («Қўқон-1912», МҲСК, «Навбаҳор», «Дўстлик», «Пахтакор», «Нефтчи», «Металлург», «Қизилқум», «Трактор», «Шўртан») - 130та (15 мавсум)      

13. Нўъмон Ҳасанов («Пахтакор», МҲСК, «Дўстлик», «Насаф», «Қўқон-1912», «Трактор», «Шўртан», «Сўғдиёна») - 126та (16 мавсум)        

14. Сервер Жепаров («Навбаҳор», «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив», «Металлург») - 113та (13 мавсум)      15. Шаҳбоз Эркинов («Сўғдиёна», «Шўртан», «Пахтакор», АГМК, «Навбаҳор», «Машъал», «Насаф», «Нурафшон», «Қўқон-1912», «Бунёдкор») - 109та (16 мавсум)

16. Носир Отақўзиев («Нефтчи», «Навбаҳор», АГМК, «Насаф», «Гулистон», «Қўқон-1912») - 107та (15 мавсум) 

17. Неъматулла Қутибоев («Арал», «Нефтчи», «Семурғ», «Пахтакор», «Хоразм», «Қизилқум») - 106та (11 мавсум)            18. Артур Геворкян («Шўртан», «Пахтакор», «Насаф», «Локомотив», «Қизилқум») - 106та (13        мавсум)

19. Драган Черан («Насаф», «Пахтакор») - 105та (7 мавсум)

20. Олег Шацких («Пахтакор», «Навбаҳор», «Дўстлик», «Динамо») - 104та (8 мавсум)         

21. Вали Келдиев («Навбаҳор», «Нурафшон», «Сурхон», «Насаф», «Тўпаланг») - 104та (15 мавсум)

22. Игорь Сергеев («Пахтакор») - 101та (8 мавсум)

23. Зайниддин Тожиев («Академия», «Пахтакор», «Шўртан», «Локомотив», «Нефтчи», «Динамо») - 100та (12 мавсум)

24. Темурхўжа Абдухолиқов («Пахтакор», «Локомотив», «Қизилқум») - 100та (10мавсум)

25. Марат Бикмаев («Пахтакор», «Локомотив», «Динамо») - 98та (12 мавсум)

26. Игорь Таран («Шўртан», «Андижон», «Бунёдкор», «Насаф», «Нефтчи») - 95та (14 мавсум)

27. Илҳом Мўминжонов (МҲСК, «Трактор», «Навбаҳор», «Локомотив», «Бунёдкор») - 92та (8 мавсум)

28. Баҳриддин Ваҳобов («Сурхон», «Пахтакор», «Машъал», «Тўпаланг», «Шўртан», «Қизилқум», «Нурафшон») - 91та (16       мавсум)

29. Леонид Кошелев («Пахтакор», «Динамо», «Қизилқум», «Шўртан», «Навбаҳор») - 91та (16 мавсум)

30. Зоҳид Абдуллаев («Металлург») - 90та (15 мавсум)

P.S.: мақола 18-турдан кейин ёзилган, яъни 19-тур ўйинлари статистикаси қўшилмаган.

Сергей КНЯЗЕВ