Миржалол Қосимов: «Нохуш тажрибадан сўнг хорижга чиқиш истаги сўнди»

Миржалол Қосимов: «Нохуш тажрибадан сўнг хорижга чиқиш истаги сўнди»

Ўзбек футболи афсоналаридан бири, бугунги кунда Олмалиқнинг АГМК клубида бош мураббий сифатида фаолият юритаётган Миржалол Қосимов яқинда fcalania.com сайтига интервью берди.

Қуйида мазкур суҳбатни қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Россия футболини кузатишга вақт топа оляпсизми?

- Баъзан РПЛ ўйинларини томоша қилиш имконияти туғилади. Имкон қадар топ даражадаги ўйинларни «Матч ТВ» орқали кузатишга ҳаракат қиламан. Мураббийлар штаби, футболчилар, танишларим - барчамиз бўш вақт топсак, ушбу чемпионат ўйинларини томоша қиламиз.

- Россия клублари Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасида иштирок этолмайди. Агар РПЛ клуби мураббийи бўлганингизда, мазкур вазиятда жамоага қандай мотивация берардингиз?

- Спорт принципи - мунтазам курашиш. Ҳар ҳолда, Россия чемпионатида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритиш имкони бор, шундайми? Спортчи клуб билан муайян тўловлар ва ўзининг аниқ вазифалари белгиланган шартномани имзоласа, у профессионалдир. Футболчилар бундай вазиятларда профессионаллик кўрсатишлари керак. Спорт оламида кузатилаётган ҳодисаларни нотўғри, деб ҳисоблайман. Спортчиларни сиёсатга аралаштира олмайсиз, уларнинг айби нима? Бу адолатсизликнинг яққол кўринишидир.

- «Бунёдкор» мураббийи сифатида фаолият олиб бораётганингизда, «Зенит»га қарши кечган охирги ўйинингиз эсингиздами?

- Ҳа, Дубайдаги ўртоқлик учрашувида тўқнаш келгандик. Ўйин тафсилотларини эслаб қолиш қийин. Бу тахминан 10 йил аввалги тайёргарлик йиғини эди. Ўшанда мини-турнирда («Дубай кубоги») тўрт жамоа қатнашаётганди. Адашмасам, ўшанда мағлуб бўлгандик (0:1), аммо йиғинда ҳеч ким ғалаба қозонишни мақсад қилмаган, муҳими, мавсумга пухта тайёргарлик кўриш эди.

- 2017 йили Осетияда бўлиб ўтган «Афсоналар учрашуви» ёдингиздами?

- Ҳа, ўша тадбирни жуда яхши эслайман. Бу ҳозирча Осетияга охирги ташрифим бўлиб қолмоқда.

- «Крилья Советов»да ўйнаганингизда Осетин жамоаси дарвозасини икки бор ишғол қилгандингиз. Ҳозир собиқ жамоа билан ўйинда урилган голни нишонламаслик урф бўлган. Ўшанда сиз қандай йўл тутгандингиз?

- Голни нишонлаганманми ёки йўқ, эслолмайман. Бироқ тушунарсиз, аралаш туйғуларни ҳис этганим аниқ ёдимда. 2001 йили қизиқ воқеа юз берганди. Биринчи бўлим ўрталарида «Aлания» дарвозасига гол урдим, кейин орадан бироз вақт ўтгач, ҳакам «Крилья» дарвозаси томон жарима зарбаси белгилади. Шунда трибунадаги мухлислар «Жалол, энди уларнинг дарвозасига ҳам гол ур!» дея бақиришди. (Кулади) Осетинлик ишқибозлар рақиб жамоа сафида ўйнаганимда ҳам мени ўзларининг ўйинчиларидек қабул қилишган.

- «Aлания» сафидаги энг ёдда қоларли голингиз қайси бўлган?

- 1992 йили қизил-сариқ либосда дастлабки голимни пойтахтнинг ЦСКA жамоаси дарвозасига урганман. Ўшанда жарима зарбасидан фойдалангандим. Биринчи турда москваликларни 2:0 ҳисобида мағлуб этгандик. Умуман, жамоамга очко тақдим этган голларнинг барчасини фаолиятимдаги энг муҳимлари деб биламан.

- Бирор марта ўзингизни топ-чемпионатларда синаб кўриш истаги туғилганми? Европадан таклифлар олганмисиз?

- 1993 йили Испанияга кўрикка боргандим, аммо ишлар ўхшамагач, уйга қайтдим. Қайси клуб эканини эслолмайман, унинг таркибида уч ҳафта шуғулланганман, умуман олганда, узоқ ушланиб қолмаганман. Бундай тажрибадан сўнг хорижга бориш истаги сўнди. Фаолиятимнинг якуний қисмида Дубай клубига ўтганимни эса дунёни Россия ва Ўзбекистон ташқарисида кўриш истаги билан изоҳлашим мумкин. 

- Узоқ вақт футболчи сифатида Россияда муваффақиятли тўп сургансиз. Энди мураббий сифатида ҳам ушбу мамлакатда ишлаш ния-тингиз борми?

- Ўз юртимдаги фаолия-тимдан мамнунман, уйимда меҳнат қилиш қулайроқ. Ёшлик пайтим мунтазам равишда қаергадир боришга интилганман, ҳозир эса бир жойда қолишни хоҳлайман. «Бун-ёдкор»да ишлаётганимда, Россиядан таклифлар тушган, аммо у ерда нима қиламан? Кимга нимани исботлашим керак? Бир пайтлари Собиқ иттифоқ ўсмирлар, ёшлар ва олимпия термаларида ўйнаганман. Ҳозир Ўзбекистон ташқарисида ўзимни синаб кўриш истаги йўқ, ёш ўтгани сари, тинчликни хоҳлаб қоларкансиз. Самаранинг «Крилья Советов» клубига чақиришди, лекин рад этдим, чунки ватанимдаги ишим мени ҳар томонлама қониқтирарди. 

- Футболда кўплаб шахсий ва жамоавий чўққиларни забт этгансиз. Aйни пайт­даги орзуингиз нима?

- Оилам, дўстларим ҳамиша соғ-саломат бўлишсин. Ҳаётда бахтли бўлиш учун яна нимани орзу қилиш мумкин? Ёшлигимдагидек футбол ўйнашни хоҳлардим! (кулади) Лекин менинг даражам аввалгидек эмас.

- Ўтмишга назар ташлаб, бундан ҳам кўпроқ ютуқларга эриша олардим, деган фикр ўтмаганми хаёлингиздан?

- Вақт ўтди, афсуски, энди ҳеч нарсани ортга қайтариб бўлмайди. 

- «Aлания» таркибидаги сўнгги ўйинингизни эслайсизми?

- Aдашмасам, 2004 йилнинг кузида «Рубин»га қарши сафар ўйини бўлганди. Ўшанда йирик ҳисобда ютқазгандик. Учрашувнинг биринчи бўлимида майдонга тушдим. Чемпионатни 14-ўринда якунладик ва жамоани биринчи лигага тушиб кетишдан сақлаб қолдик. Фао-лиятим билан боғлиқ воқеаларнинг барчасини ёдда сақлаб қолиш қийин. Аммо бир нарсани аниқ эслайман - Осетияда яшаш ва Владикавказ жамоасида ўйнаш менга доим ёқарди. Aтрофдаги одамлар меҳрибон, очиқкўнгил, содда эдилар. Республикангиз ҳақидаги илиқ хотиралар хотирамда мангу муҳрланиб қолган. Осетия - менинг иккинчи уйим.

- Осетин клубининг 1995 йилги олтин даврини тез-тез хотирлайсизми?

- Ҳа, албатта! У даврлардаги Владикавказ «Спартак»-ини тез-тез шогирдларимга мисол сифатида келтираман. Ўшанда таркибимизда 12 миллат вакиллари бор эди, ҳаммамиз майдонда бир-биримиз учун ўйнардик, ҳамжиҳатликда курашардик. Бизда худбинлик ёки ўз манфаатини ўйлаш йўқ эди. Мамлакат чемпионлигини осонликча қўлга киритмаганмиз. Мақсадимиз ягона бўлган. Шуларнинг барчаси 1995 йили олтин медалларни қўлга киритиш имконини берди.

- Кейинги мавсум муваффақиятни такрорлай олмаслик сабаби нимада?

- Чемпионатни аввалгидек даражада ўтказдик, аммо барчасини «олтин ўйин» ҳал қилди. Лекин юқорида айтганимдек, бир учрашувда ҳамма нарса содир бўлиши мумкин. Aгар ўшанда «Зенит» ўз уйида «Спартак»ка ют-қазмаганида, барчаси бошқача бўларди. Қолаверса, мен ярим мавсумни ўтказиб юбордим. 17 август кунги «Ростов»га қарши ўйиндан кейин белимни операция қилдиришимга тўғри келгани сабабли, жамоадошларимга ёрдам беролмаганман.

- «Aлания» футболчилари, мураббийлар штаби ва мухлисларига тилакларингиз борми?

- Бутун Осетияга оташин салом йўллайман. Бу республика ва унинг аҳолисини соғинаман. Барчага жароҳатлардан йироқ юришларини, мустаҳкам саломатлик ва баркамоллик тилайман. Жамоа, мухлислар, мураббийлар штабига эса сабр-тоқат, бирдамлик, омад, муваффақият, ғалабалар ва чемпионлик сов­ринларига эга бўлишларини тилаб қоламан.